РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ


Ижтимоий тармоқларда «Асакача иш услуби: ўрганилмаётган ва эътиборсиз қолдирилаётган муаммолар» сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола юзасидан Вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати тўлиқ ахборот беради.

Жорий йилнинг 2 март куни ижтимоий тармоқларда «Асакача иш услуби: ўрганилмаётган ва эътиборсиз қолдирилаётган муаммолар» сарлавҳаси остида бир қанча муаммоларни ўзида мужассамлаштирган мақола эълон қилинган эди. Юқоридаги ҳолатларни ўрганиш мақсадида вилоят ҳокимлиги, туман ҳокимлиги ҳамда тегишли мутасаддилар иштирокида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш ишлари амалга оширилди.

Ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш ишлари олиб бориш давомида мақолада келтирилган тумандаги деҳқон бозори олдидаги автомобилларнинг пала-партиш жойлашиши оқибатида йўллар тўсилиб қолаётгани, мазкур ҳолат пиёдалар ва қолган ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдираётганлиги маълум қилинган.

Ушбу ҳолат юзасидан Асака туман ҳокимлиги томонидан ўрганиш ишлари амалга оширилган ва ўрганиш ишлари якунлари юзасидан туман ҳокимлиги Матбуот хизматининг расмий телеграм канали орқали жорий йилнинг 20 январь куни расмий муносабат берилган. https://t.me/asakapressa/7268?single

Расмий муносабатда туман ҳокими ҳамда сектор раҳбарлари бошчилигида ушбу жойда туман йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларидан иборат гуруҳ доимий тарзда иш олиб бораётганлиги ҳамда ҳозирги кунда ҳам бу иш доимий тарзда ЙҲХБ ходимлари томонидан амалга оширилаётганлиги маълум қилинган.

Шу билан бирга йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган фуқароларга деҳқон бозори олдида қурилган махсус ер ости йўлидан фойдаланишлари акс ҳолда уларнинг хатти-ҳаракатлари маъмурий жавобгарлик учун асос бўлиши тўғрисида ҳам тушунчалар бериб борилаётганлиги маълум қилинган.

Шунингдек Асака тумани «Чек» МФЙда жойлашган хонадонлар олдидан ўтган ариқдаги сув сабаб уйлар нураб тушаётгани, бу масала юзасидан бир неча бор мурожаат қилишларига қарамай, уларнинг муаммолари ҳал этилмаганидан шикоят қилинган мурожаат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш ишлари давомида ҳудудда туман сув хўжалиги томонидан ариқни тозалаш чоралари кўрилган. Бундан ташқари маҳаллий аҳоли томонидан ҳам ҳашар йўли билан тозалаш ишлари амалга оширилганлиги маълум қилинган.

Бу ҳақида туман ҳокимлиги Матбуот хизмати томонидан тегишли тартибда муносабат берилган. https://t.me/asakapressa/8265?single

 Эълон қилинган мақоланинг давомида «Дўрмон» МФЙ, Дўрмон кўчасига ичимлик суви тушириш ишлари охирига етказилмай қолганлигини маълум қилган.

Ўрганиш давомида «Андижон сув таъминот» МЧЖ томонидан мазкур ҳолат бартараф этилганлиги юзасидан ўзининг расмий саҳифаси орқали тегишли тартибда муносабат эълон қилинган. https://t.me/uzsuvandijon/3032?single

Эълон қилинган муносабатда «ушбу мурожаат юзасидан шуни маълум қиламизки, 2020 йил маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига 1 дона янги ер ости сув қудуғини қуриш режалаштирилган ва қурувчи ташкилот томонидан ер ости сув қудуғи қуриш ишлари тўлиқ якунланган. Ҳозирги кунда қурувчи ташкилот томонидан ичимлик сув минорасини ўрнатиш ва ҳимоя ҳудудини ўраш ишлари амалга оширилмоқда» дейилган. https://t.me/uzsuvandijon/3032?single 

Мақола якунида Асака туманидаги «Арғин» МФЙ Жанон кўчасида фуқаролар томонидан ичимлик сув тармоғи тортиш ишлари охирига етказилмаганлиги ҳамда назорат қудуғи қопқоқлари ўрнатилмаганлиги ва бунга нисбатан туман ҳокимлиги ўз муносабатини билдирмаганлиги, муаммони бартараф этиш чоралари кўрилмаганлиги маълум қилинган.

Ушбу мурожаатни ўрганиш давомида, қурувчи ташкилот томонидан ичимлик сув тармоқлари тортилганлиги лекин назорат қудуғи қопқоқлари ўрнатилмаганлиги аниқланди.

Жорий йилнинг 25 февраль куни «Андижон сув таъминоти» МЧЖ Асака туман филиали ишчи ходимлари томонидан назорат қудуғи қопқоқлари ўрнатилиб, юзага келган муаммолар бартараф этилганлиги маълум қилинган. https://t.me/uzsuvandijon/3041?single

Ўрганиш ишлари якунларига кўра мақолада эълон қилинган муаммолар тегишли тартибда бартараф этилган. Ушбу ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги ва тегишли мутасадди ташкилотларнинг расмий муносабатларим бериб борилганлиги маълум бўлди.


Андижон вилояти ҳокимлиги
МАТБУОТ ХИЗМАТИ

Report Page