РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Бухоро давлат тиббиёт институтининг Умумий хирургия кафедрасидаги ҳолат деб номланган видео тарқалди. Мазкур ҳолат ҳақида институт матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилади.
Айни пайтда Бухоро давлат тиббиёт институтида клиник кафедралар сони 27 тани ташкил қилади. Мазкур кафедралар бевосита ўз соҳасига таалуқли тиббиёт муассасаларида жойлашган. Жумладан, Акушерлик-гинекология кафедраси Бухоро шаҳар туғруқхонасида, Болалар стоматологияси кафедраси Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмасидаги Болалар стоматологияси поликлиникасида жойлашган. Талабалар клиник кафедраларда дарснинг назарий жараёнини ўзлаштириш билан бирга бевосита тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган фуқароларни ўқитувчи ва амалиётчи врачлар билан бирга кўрикдан ўтказишади. Даволаш жараёнида иштирок этиб, фанларнинг амалий қисмини ўрганишади. Институт мазкур кафедралар фаолияти учун Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси билан келишган. Бугунги кунда Бухоро давлат тиббиёт институтининг ўз клиник базаси мавжуд эмас.


Ижтимоий тармоқда тарқалган видеога қайтадиган бўлсак, институтнинг Умумий хирургия кафедраси Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмасининг Хирургия бўлимида ва 9-сон оилавий поликлиникасининг 3-қаватидаги тўртта хонада фаолиятини олиб боради.




Яъни, Бухоро ШТБ томонидан кафедрага жами 6та хона ажратилган. Видеода тарқалган ҳудудлар кафедра хоналари жойлашган қават коридорининг охирги қисми бўлиб, бу хоналарни Бухоро давлат тиббиёт институтига умуман алоқаси йўқ. Юқорида айтганимиздек Умумий хирургия кафедраси коридор бошидаги 4 та хонада жойлашган(расмлар илова қилинмоқда). Коридор охиридаги хоналарда шаҳар тиббиёт бирлашмасининг омборхонаси жойлашган бўлиб, бу ерда яроқсиз ҳолга келган жиҳозлар ҳисобдан чиқарилгунга қадар вақтинча сақланмоқда.


Бугунги кунда бирлашманинг кафедра жойлашган бинолари - хирургия бўлимида ва 9-оилавий поликлиникасида қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.


Шу сабабли, кафедра фаолиятига халал берилмаслиги учун қаватнинг шу қисмига эшик ўрнатилди.

Жорий йилнинг август ойида Бухоро давлат тиббиёт институтининг янги кампуси фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бу бинода 200 ўринли клиника қурилган бўлиб, институтнинг Умумий хирургия кафедраси асосий бинода фаолият кўрсатади.
Таълимга бефарқ бўлмаган жамоатчилик вакилларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.