РАСМИЙ МУНОСАБАТ
January 23, 2023Шу кунларда баъзи ижтимоий тармоқларда Бухоро давлат тиббиёт институти интерактив стол харид қилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Институт маъмурияти мазкур хабарларга қуйидагича муносабат билдиради.
Ҳеч қандай стол харид қилинмаган!
Бугунги кунда БухДТИда дунёнинг 10га яқин мамлакатларидан ва республикамизнинг турли вилоятларидан келган 8 минг нафарга яқин талабалар учта - ўзбек, рус, инглиз тилида таҳсил олишмоқда. Талабаларга институтнинг янги кампуси ҳамда ҳозир фаолият кўрсатаётган биносида замонавий тиббиёт илмини ўзлаштириши учун шароит ва имкониятлар мавжуд. Таъкидлаш жоизки, талабалар ва тадқиқотчилар учун яқинда ишга туширилиши кутилаётган янги бинода замонавий қурилмалар билан тўлиқ жиҳозланган Симуляцион марказ ҳамда кўп тармоқли клиника ташкил этилади.
Давлат харидларини амалга ошириш учун 2022 йилда биржа савдолари орқали харид қилиниши режалаштирилган қурилма биргина столдан иборат эмас, балки тиббий таълим жараёнларида зарур бўлган бутун комплексни ташкил қилади. Мазкур комплексда виртуал шифохона, ташхиз қўйиш жараёнларини талабалар виртуал усулда бажарилиши учу мўлжалланган. Қуйидаги суратлар ва ҳаволадаги видеода батафсил маълумот берилган.
Ҳавола: https://virtumed.ru/vr-simulyatory/academix.html
Институт томонидан буюртма қилинган мазкур комплекс қурилмаси таъминотчи томонидан ўз вақтида етказиб берилмаганлиги сабабли 2022 йил 16 декабр санасида бекор қилинган. Яъни мазкур давлат хариди жараёни амалга оширилмаган.
Шунингдек, бугун 23 январдан бошлаб институтда анъанавий шаклда дарс жараёнлар бошланди. Маъруза ва амалий машғулотлар олиб бориладиган хоналарда иситиш тизими бир маромда ишламоқда. Клиник кафедралар тиббиёт муассасаларида жойлашган бўлиб, тегишли ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда етарли шароитлар яратиш ишлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий тармоқ фаоллари ҳамда профессионал ОАВлардан ҳолатни батафсил ўрганиш учун институт маъмуриятига мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қиламиз.