РАСМИЙ БАЁНОТ
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Тойировна Юлдашева ва Тошкент вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Содиқович Арзиқуловнинг телефон орқали қисқа суҳбати тарқатилди. Ушбу аудиоёзувни тарқатишдан мақсад ва бўлиб ўтган воқеликни нотўғри талқин этиш ҳамда бошқарма бошлиғига нисбатан нотўғри муносабатларга эътиборингизни тортмоқчимиз.
Сизга маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар Дастурини тайёрлаш бўйича махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-5537-сонли Фармони, 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодий тармоқларга салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ 5969-сонли Фармонлари ижросини таъминлаш, коронавирус касаллигини аҳоли орасида тарқалишини олдини олиш ва касалликка чалинганларни даволаш мақсадида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган 80 ўринли вилоят юқумли касалликлар шифохонаси фаолияти карантин даври белгиланиши муносабати билан бошқарма мутахассислари томонидан ўрганилиб чиқилди ва зарурият юзасидан шифохонага 2 та Ўпканинг сунъий нафас олдириш аппарти, кардиограф, 6 та кислород баллони, “АМБУ” қопчалари, дори-дармонлар, дезинфекция моддалари, таҳлиллар учун реактивлар ажратилди. Бундан ташқари, беморларни даволаш учун шифохона анестезиолог-реаниматолог, инфекционист мутахассислар билан қўшимча равишда таъминланди ҳамда бошқа юзага келган масалалар бўйича амалий ёрдам кўрсатилди.
2020 йилнинг 17 июль куни бошқарма томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тақсимотига асосан 18 дона “Кислород оксигенатори” аппаратлари қабул қилиниб, вилоят бўйича коронавирус тасдиқланган касалларни даволовчи шифохоналарга тақсимланди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси коронавирус тасдиқланган беморларни даволовчи шифохона бўлмасада, тақсимот бўйича бу муассасага 3 та аппарат ажратилди (Маълумот учун: шифохонада шу дамда 3 та аппарат бор эди). Тақсимотдан сўнг муассасада “Кислород оксигенатори” сони жами 6 тага етган бўлсада, шифохона бош шифокори Г.Т.Юлдашева томонидан Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига қўнғироқ қилиниб, бошқарма бошлиғидан муассасасига 10 та аппарат берилиши кераклиги талаб қилинган.
Г.Т.Юлдашева қўнғироқ қилган вақтда Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Т.С.Арзиқулов Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари билан биргаликда юқорида қайд этилган аппаратлар тақсимоти билан шуғулланаётганлиги сабабли, телефонда Г.Т.Юлдашевага унинг муассасасига тақсимот орқали 3 та “Кислород оксигенатори” ажратилганлиги тўғри эканлигини, бу масала юзасидан бошқа қўнғироқ қилмаслигини билдирган. Г.Т.Юлдашева томонидан бу ҳолат умуман бошқача талқин қилинган ва у рахбарлик қилаётган муассасага 10 та “Кислород оксигенатори” берилмаганлигини баҳона қилиниб, телефондаги сўзлашув аудиоёзув шаклида ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган. Бу ҳолат билан Г.Т.Юлдашева ҳаммамиз бир жон, бир тан бўлиб пандемияга қарши курашаётган долзарб бир пайтда аҳолини чалғитиб, унинг шифокорларимизга бўлган, касалликни биргаликда енгиб ўтишимизга бўлган ишончини сўндирмоқчи бўлган.
2020 йилнинг 18 июль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш тизими муассасаларига қўшимча 80 дона “Кислород оксигенатори” ажратилган. Шунинг учун бошқарма томонидан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига қўшимча 9 та “Кислород оксигенатори” тақсимот қилинган. Маълумот учун: айни дамда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 15 та “Кислород оксигенатори” мавжуд бўлиб, муассаса коронавирус тасдиқланган беморларни даволовчи шифохона эмаслигини инобатга олган ҳолда, ушбу аппаратларнинг самарали ишлатилиши шубҳа туғдирмоқда.
Айтиб ўтиш жоизки, Г.Т.Юлдашева вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош инфекционист мутахассиси сифатида вилоятнинг туман(шаҳар)лари юқумли касалликлар шифохоналари(бўлимлари) фаолиятини мувофиқлаштириш, вилоятда эпидемиологик барқарорликни сақлаш йўлида хизмат қилиш ўрнига, шифокор шаънига доғ тушурадиган ёлғон маълумотларни тарқатиш билан шуғулланмоқда.
Чирчиқ шаҳар прокуратурасининг 2020 йил 24 июндаги 10.1/4-127858-20- сонли хатига асосан вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳисобхонаси томонидан ходимларга 8 523 300 сўмлик иш хақи ортиқча тўланганлиги, шифохонада дезинфекция, дератизация, дезинсекция ва ювиш-чайиш ишлари учун ходимларга 1 236 800 сўм тўланганлиги аниқланган. Айни дамда вилоят юқумли касалликлар шифохонаси фаолияти Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ички аудит ва молиявий назорат хизмати мутахассислари томонидан ўрганилмоқда.
Бундан ташқари, Г.Т.Юлдашева карантин вазиятини баҳона қилиб, ўзбошимчалик билан 4 ойдан бери бош шифокор лавозимида онлайн ишлаб келмоқда. Бу ҳолат билан у белгиланган меҳнат қонунчилигини қўпол равишда бузмоқда, яъни: онлайн ишлаш учун иш берувчи томонидан унга буйруқ чиқарилмаган; иш берувчи ва ходим ўртасида масофавий ишлаш давридаги меҳнат шартлари келишиб олинмаган; онлайн ишлаш иш вақти ва давомийлиги белгиланмаган ва ҳаказолар.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири номига Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Г.Т.Юлдашеванинг ҳатти ҳаракатлари шифокор касби ходимларига доғ тушираётганлиги сабабли, унинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши юзасидан хат киритилган.
Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати