РАСМИЙ БАЁНОТ

РАСМИЙ БАЁНОТ

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати


Хабарингиз бор, коронавирус пандемияси туфайли бугунги кунда давлатлар ўртасида транспортнинг барча турларида йўловчи ташиш жараёнини амалга ошириш чекланган. Эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда йўловчилар оқими энг кўп ҳаракатланадиган мунтазам темир йўл ва авиақатновларни амалга ошириш ҳам тўхтатилган. Мазкур вазиятда хориждаги фуқароларимизни Ватанга олиб келиш учун эса Pеспублика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ мунтазам равишда чартер репатриация рейслар ташкил этилмоқда.

Шунингдек, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 7 июлдаги 33-сон баёнига мувофиқ карантин даврини меҳмонхоналарда ўтказиш шарти билан туроператорлар ёки авиакомпанияларнинг мурожаатига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахсларни санитария-эпидемиология талабларига қатъий риоя қилган ҳолда олдиндан фуқароларни меҳмонхонагача кузатув ва меҳмонхонада жойлаштириш хизматларини ташкил қилиш ҳисобига республиканинг барча халқаро аэропортлари орқали етказиб келиш бўйича тижорий чартер қатновларини ташкил қилишга рухсат берилган.

Бугунги кунда “Atlanta Air”, “Asia Lux”, “Oltin Vodiy”, “Anzur Travel”, “Real Avia Business”, “Don Avia Trans”, “Jalolquduq avia trans”,“Otpusk.uz” каби йигирмадан ортиқ хусусий туроператорлар томонидан бир қатор йўналишларда тижорий чартер қатновлари амалга оширилиб келинмоқда. Туроператорлар томонидан ташкил этилган тижорий чартер қатновлари орқали шу бугунги кунга қадар 3 000 нафардан ортиқ фуқароларимиз Ўзбекистонга олиб келинди.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда хориждаги фуқароларни Ўзбекистонга олиб келиш мақсадида ташкил этилаётган чартер репатриация рейслари чипталари жудда қиммат нархларда сотилаётгани юзасидан турли хабарлар тарқалмоқда. Мазкур масала таҳлил қилинганида эса бу каби хабарларни қолдираётган фуқаролар аслида айнан туроператорлар томонидан амалга оширилаётган тижорий чартер қатновларининг чипта нархлари хусусида фикр билдираётгани ойдинлашмоқда.

Шу ўринда Транспорт вазирлиги туроператорлар ва авикомпаниялар томонидан ташкил этилаётган тижорий чартер қатновларининг Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ ташкил этилаётган чартер репатриация рейсларга алоқаси йўқ эканлигини яна бир бор эслатиб ўтади.
Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ “Uzbekistan airways” авиакомпанияси томонидан амалга оширилаётган чартер репатриация рейслари чипта нархлари энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган йўналишлар Москва – Тошкент 397 АҚШ доллари, Истанбул – Тошкент 353 - 400 АҚШ доллари, Дубай – Тошкент 366 АҚШ доллари миқдорида бир томонга реалиация қилинмоқда.

Шу ўринда йўловчилардан тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида авиачипталарни сотиб олишни тезлаштириш бўйича ўз хизматларини таклиф этаётган шубҳали шахслардан ёрдам сўрамаслигини сўраймиз.

Туроператорлар ва авиакомпаниялар томонидан ташкил этилаётган тижорий чартер рейсларининг нисбатан қимматлиги эса қуйидаги омиллар билан боғлиқ;

- Қатнов амалга оширилаётган давлатнинг талаби билан аксарият ҳолларда парвознинг бир томонга бўш (йўловчиларсиз)амалга оширилаётгани;

- самолётларнинг ижара пули;

- йўналиш масофаси ва нечта давлатлар ҳаво кенгли ҳудудларидан учиб ўтиши;

- аэронавигацион хизматлар;

- аэропорт ер усти хизматлари ва йиғимлари;

- олиб келинган йўловчиларни аэропорт ҳудудидан меҳмонхонага транспортда етказиб қўйиш;

- меҳмонхонада карантин қоидаларига риоя этган ҳолда бўлишни назорат қилишни ташкил этиш;

- тиббий ва санитария хизмати ҳаражатлари;

- ПЗР тест синамаларини олиш қиймати ва бошқа молиявий ҳаражатлар. 


Транспорт вазирлиги туроператорлар ва авиакомпаниялар томонидан ташкил этилаётган тижорий чартер рейсларининг чипта нархларини шакллантириш ва белгилаш жараёнларида иштирок этмайди.