РАСМИЙ БАЁНОТ
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати
“TROLL.UZ” ва “platforma.uz” телеграм каналларида “Ўзбекистонда олий таълим битирувчиларининг дипломлари турли сабаларга кўра берилмаяпти” ҳамда “Юқори палата назоратга олиб ҳам барҳам топмаган кўзбўямачилик” номли хабарлар эълон қилинди.
Вазирлик томонидан ушбу хабарларда кўтарилган масалалар назоратга олинган бўлиб, бу борада вазирлик масъуллари бошчилигида ОТМ проректорлари билан ZOOM платформаси орқали онлайн форматда йиғилиш ўтказилди. Унда ортиқча тўсиқларга йўл қўймасдан, муаммоларни бартараф этган ҳолда битирувчилар дипломларини электрон шаклда ОТМда мавжуд “Олий таълим жараёнларини бошқариш — HEMIS” ахборот тизими орқали бериш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шу ўринда ушбу хабарларда кўтарилган масалалар юзасидан қисқача қуйидагиларни маълум қиламиз:
2020/2021 ўқув йилида давлат ОТМни тамомлаган битирувчилар учун диплом файлларни “HEMIS” ахборот тизими орқали электрон шаклда юклаб олиш имконияти яратилган. Бу ҳақида вазирликнинг Eduuz расмий телеграм каналида маълум қилинган.
Шу муносабат билан жорий ўқув йили битирувчилари ўз диплом файлларини электрон кўринишда мазкур ахборот тизими орқали юклаб олишлари мумкин.
“HEMIS” ахборот тизимида юклаб олиш билан боғлиқ техник носозликларга дуч келинганда талабалар битирган олий таълим муассасасига мурожаат қилишларини сўраймиз.
Диплом берилмаслигига сабаб қилиб кўрсатилган давлат олий таълим муассасаларида битирувчилардан “уч томонлама шартнома тасдиқлатиб келиш” талаби ҳақидаги хабар юзасидан қуйидагиларини маълум қиламиз:
“Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида”ги НИЗОМнинг 27-бандига мувофиқ ҳар ўқув йилининг бошида, яъни сентябрь ойида олий таълим муассасаларига бакалавриат ва магистратура бўйича давлат грантлари асосида қабул қилинган талабалар билан олий таълим муассасаси ўртасида ўқишни тамомлагандан сўнг таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда камида уч йил ишлаб бериш тўғрисида шартнома тузилиши лозим. Тўлов-контракт асосида таҳсил олган талабалар бундан мустасно.
Олий таълим муассасаларида ўз ҳисобидан тўлов-контракт бўйича таълим олган битирувчилар ўз ихтиёри билан тақсимот комиссиясида иштирок этиши ва унинг розилиги асосида комиссия қарори билан таклиф этилаётган иш жойларига ишга юборилиши мумкин.
Агар тақсимот комиссияси битирувчини иш билан таъминлай олмаса, унга мустақил ишга жойлашиш имконияти берилганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, 2020/2021 ўқув йилларида давлат ОТМни тамомлаган битирувчилар ўз диплом файлларини “HEMIS” ахборот тизими орқали юклаб олишлари, 2020/2021 ўқув йилидан аввал давлат ОТМни тамомлаган битирувчилар эса шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари билан мумкинлигини маълум қиламиз.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий таълим муассасалари битирувчиларига давлат таълим стандартлари асосида давлат намунасидаги бакалавр ва магистр дипломларини бериш бўйича амалдаги тартиб-қоидадан ташқари, хусусан, ишга қабул қилинганлик ҳақида сўралган далолатномани важ қилиб битирувчиларга диплом бермаслик ҳолатларини қатъиян қоралайди.
Олий ва ўрта махсус таълим тизимидаги мавжуд муаммолар, хусусан юқоридаги каби бюрократик тўсиқлар юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда вазир ўринбосарларининг мурожаатлар платформаси орқали хабар бериш мумкинлигини эслатиб ўтамиз.