РАСМИЙ БАЁНОТ

РАСМИЙ БАЁНОТ


Kun.uz” сайтида “Тухум эмас, муаммо туғаётган товуқлар — навбатдаги Андижон тажрибаси” сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилади:

Андижон вилоятида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, моддий манфаатдорликни ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Халқимизда “Паррандачилик – етти хазинанинг бири”, деган ажойиб нақл бор, паррандачиликдан келадиган даромад оилавий хазинани бойитиши ўзбек хонадонларида исботланган ҳақиқатдир.

Шунинг учун ҳам ушбу ҳикматга амал қилиб, паррандачиликни ривожлантириш асосий вазифалардан бирига айланди.

Жумладан, Андижон вилоятида 2022 йилда аҳоли 100 бошдан, жами 1,3 млн. бош парранда тарқатиш белгиланган. Тарқатиладиган паррандалар биринчи навбатда аҳолининг қўлида ҳеч қандай ҳунари бўлмаган, ҳозирда ишсиз, қолаверса парранда боқишга қизиқувчанлиги бўлган оилаларга етказиб берилиши белгиланган.

Аҳоли хонадонларига парранда тарқатиш тизими:

Ушбу вазифани намунали ташкил этиш мақсадида ҳар бир маҳаллаларда 1 тадан, жами 870 та кооперативлар ташкил қилинди. 1 нафардан зооветеринар врачлар бириктирилиб, кооперативлар томонидан парранда тарқатиладиган хонадонларга товуқ катаклари қуриб берилмоқда. Шунингдек, тарқатилган товуқлардан олинадиган тухумларни кооперативлар томонидан сотиб олиб, деҳқон бозорларида уларга ажратилган алоҳида жойларда сотиш тизими шакллантирилди.

Вилоятдаги аҳоли хонадонларига парранда тарқатиш учун йирик паррандачилик корхоналари ўртасида тендер танлови ўтказилиб, улардан 9 таси танлаб олинди. Паррандачилик корхоналарини танлаб олишда корхоналарнинг ишлаб чиқариш қуввати, инкубаторияларнинг мавжудлиги, корхоналарнинг иқтисодий салоҳиятлари эътиборга олинган.

Бундан ташқари, аҳоли сони кўп бўлган Андижон вилоятида тарқатиладиган 1,3 млн. хонаки парранда етказиб бериш имконияти бошқа вилоятларда мавжуд эмас, бундай йирик корхона ҳам йўқ.

Бугунги кунга қадар вилоят бўйича 2 минг 133 та хонадонларга 213 минг 257 бош, шундан 196 минг 687 бош парранда ва 16 минг 570 бош куркалар тарқатилди.

Хусусан, “Пахтаобод парранда” МЧЖ томонидан 72,4 минг бош, “Хуршит тантанаси” МЧЖ томонидан 73,4 минг бош, “Етти дурдона хазинаси” МЧЖдан 35,5 минг бош, “Холдармирза барака саховати” МЧЖ томонидан 16,3 минг бош парранда ва “Марҳамат элит парранда” МЧЖ томонидан 16,6 минг бош курка тарқатилди.

Аҳоли хонадонларига етказиб берилаётган паррандаларнинг нархи бўйича:

Ҳақиқатда, аҳоли хонадонларига тарқатилаётган парранда нархи ҳисоб-китоб қилинган калькульяция нархларида тарқатилмоқда. Аҳоли томонидан олинадиган паррандаларни етказиб бериш танловда танлаб олинган 9 та паррандачилик корхоналарида тайёрланмоқда. Инкубаторияларда кўпайтирилиб, рацион талабларига қатъий риоя қилган ҳолда парваришлаб,

4 ойлик (122 кунлик) ҳолатида тарқатиб берилмоқда. Бундан ташқари, аҳоли хонадонларига парранда билан биргаликда 20 кунлик озуқа емлари ҳам қўшиб берилмоқда.

Тўғри, бугун бозорда паррандалар 40-50 минг сўм атрофида сотилмоқда, лекин бозорда:

        а) паррандаларнинг соғлом эканлигига ва қанча муддат тухум туғишига ҳеч ким кафолат бермайди;

        б) товуқ нархига озуқаси қўшиб берилмайди;

        в) товуқларда касалликлар аниқланганида уларни даволаш учун зооветеринар врачлар томонидан пуллик хизмат кўрсатади;

        г) энг муҳими бозорда аҳолига тарқатиладиган парранда миқдоридаги товуқ бўлмайди.

Ушбу харажатларни ҳисобга олинадиган бўлса, бозор товуқлари таннархи қиймати кўпайиб кетади. Ушбу ҳисоб-китоблардан кўзланган мақсад, аҳолига тарқатилаётган паррандаларнинг сифат даражаси, кафолати белгиланган, бепул назорат қилувчи ветеринар врачлар бириктирилган. Мана шу ҳисоб-китобларнинг ўзи нарх масаласидаги тафовутга жавоб беради.

Маҳаллий бюджетдан ажратилган 10 млрд. сўм маблағ парранда етказиб берувчи корхоналарга тақсимлаб берилди. Ушбу маблағни беришдан мақсад, корхоналар томонидан аҳолига соғлом наслли парранда тарқатиш, бунинг учун эса четдан наслли тухумлар олиб келиш зарур бўлади. Уларни инкубацияда очириб олинганидан кейин, рацион талабларига қатъий риоя қилган ҳолда парваришлаш керак бўлади.

Жумладан, аҳоли хонадонларига тарқатиладиган паррандаларнинг наслини яхшилаш алоҳида аҳамият касб этишини инобатга олиб, “Хуршид тантанаси” МЧЖ томонидан Белоруссия давлатидан “Изза-браун” ва “Тетра” зотли 1,2 млн. дона хонаки наслли товуқ тухумлари ҳамда “Марҳамат элит парранда” МЧЖ томонидан Франция давлатидан 30 минг та курка тухуми олиб келинди. Аҳолига тарқатиш учун 300 минг бош

60 кунлик хонаки товуқлар “Хуршид тантанаси” МЧЖда парвариш қилиниб, ушбу 300 минг бош хонаки товуқлар 2022 йил 15 февралдан (4 ойлик тухумга кирган) аҳоли хонадонларига тухум туғиш даврига етказилган ҳолатда тарқатилмоқда. Албатта бу харажатлар учун катта маблағ талаб этилиши табиий.

Шунингдек, тарқатилаётган паррандалар аҳолига етказиб беришдан олдин махсус ветеринар кўригидан ўтказилиб, касалликларга қарши вакциналар билан эмланиши йўлга қўйилган.

Жумладан, бир кунликдан 122 кунликкача бўлган парвариш даврида паррандалар 19 турдаги вакциналар билан эмланганлиги тўғрисида корхоналар томонидан сертификатлар берилади ва уларнинг кафолат хатлари олинади. Бунда, ҳар бир парранда белгиланган тартиблар асосида меъёрдаги доза асосида эмлаб борилади.

Тарқатилган паррандаларнинг нобуд бўлаётгани бўйича:

Бугунги кунгача 217 минг бошдан ортиқ паррандалар тарқатилиб, ўрганишларда техник сабабларга кўра 3-4 фоизи нобуд бўлганлиги аниқланган. Лекин, нобуд бўлаётган паррандалар ўрнига янги паррандалар билан қоплаб бериш тизими ўрнатилган.

Тўғри, парранда тарқатиш давомида транспортировка ва парваришлаш даврида бошқа кўзда тутилмаган сабаблар билан нобудгарчиликлар бўлиши табиий, лекин бу нобудгарчиликлар аҳоли хонадонларига қоплаб берилиши ҳисобига ўз ечимини топмоқда.

Имтиёзли кредитлар бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 декабрдаги ПҚ-55-сонли “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бугунги кунда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар тўлиқ рақамлашган ҳолда “Ягона электрон платформа” орқали ажратилиб келинмоқда.

Ягона платформа орқали имтиёзли кредитлар олишда “Маркетплейс” электрон савдо дўкони ёрдамида таъминотчи корхона ва фуқаро орқали эркин олди-сотти шартномалари имзоланади. Бунда, электрон дўконга вилоятда фаолият юритаётган барча таъминотчи корхоналар ўз товар ва хизматларини таклиф қилади, фуқаро томонидан мустақил равишда электрон имзо орқали ўзи танлаган таъминотчи билан электрон шартномалар тузилади.

Шартнома асосида фуқаро кредит олиш жараёнида Маркетплейс орқали маҳсулотларни ўзи танлаб олади ва таъминотчи томонидан маҳсулотлар фуқаро хонадонига етказиб берилгандан ва фуқаро томонидан етказилган маҳсулотдан қаноат ҳосил қилганидан сўнг кредит маблағлари ажратилади.

Ҳозирги кунда Маркетплейс тизимидан паррандачилик йўналишида маҳсулот етказиб бериш мақсадида 350 нафардан зиёд таъминотчилар ўз таклифларини жойлаштирган бўлиб, уларга 11 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилди.

Мисол учун, Марҳамат туманида “Пахтакор томорқа хизмати” фермер хўжалиги, Асака туманида “Интеграл агро тех томорқа” МЧЖ, Қўрғонтепа туманида “Етти хазина дурдонаси” МЧЖ, Жалақудуқ туманида “Ғанижон ота” фермер хўжалиги ва Балиқчи туманида “Ҳамкор ривож парранда” МЧЖ каби таъминотчилар томонидан аҳолига парранда етказиб берилмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, аҳоли хонадонларига тарқатиладиган 100 бош парранда боқиш натижасида хонадонларда кунига ўртача 80 донадан тухум олинса, унинг ҳар бирини 1 минг 100 сўмдан сотилганида бир ойда ўртача 1 млн. 121 минг сўм даромад олинишига эришади.

Мавжуд камчиликларни аниқлаб, етказганлиги учун “Kun.uz” мухбирига вилоят ҳокимлиги номидан ташаккур изҳор этамиз. Шунингдек, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан улар билан ҳамкорликка доимо тайёр эканимизни билдирамиз.

 


Report Page