РАМАЗОНДА ҲОМИЛАДОР ВА ЭМИЗИКЛИ АЁЛ РЎЗА ТУТАДИМИ?

РАМАЗОНДА ҲОМИЛАДОР ВА ЭМИЗИКЛИ АЁЛ РЎЗА ТУТАДИМИ?

@ginekologim

1. «Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзани тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардадир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир» (Бақара 185). …

… Аллоҳ таоло рўза оятининг давомида бундай дейди: “Сизлардан бирор киши бемор ёки сафарда бўлса (улар тутолмаган рўза кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади”. Аллоҳ таоло биз мўминларга рўзани фарз қилган фармони олийсида Ўзининг Латиф (бандаларига лутф кўрсатувчи) Зот эканини ҳам уқтирган. “Барча мўминга Рамазонда рўза шарт”, дегандан сўнг бемор, мусофир, кекса ёшли мўминларга лутф кўрсатди. Яъни, улар Рамазон рўзасини тутмасликларига рухсат берди. Кейинги кунларида бемор касалидан тузалса, мусофир муқим бўлса, кексаларимиз ҳам куч-қувватга кириб қолишса, неча қун қазо қилишган бўлса, бир кунига бир кун тутиб беришади.

Ояти каримадаги рўза тутмаслик рухсати теккан беморга: рўза тутиш билан касали чўзилиши, зўрайиши эҳтимоли бўлган ҳар қандай хасталар, ҳайз ва нифосдаги аёллар киради. Касаллиги тузалгач, аёллар поклангач қазо рўзаларини тутишлари шарт. Яъни, бир кунига бир кун тутишади.

Ояти каримадаги “Рўзага қийналадиган кишилар”га ёши улуғ отахон ва онахонлар ҳамда ҳомиладор ва эмизикли аёллар киради.

Рўза тутишга ярамайдиган кексаларимиз тутмаган бир кун рўзалари ўрнига бир мискин қорнини (ўртача таом билан) тўйғазишади ёки шу таом пулини тўлашади. Бу ояти каримадаги айтилган нарса “фидя” дейилиб, унинг миқдори худди фитр садақасидек икки кило буғдой пулига тенг. Саховат қиламан деган кексалар фидя миқдорини оширишлари мумкин. Бу, аслида, ояти каримада айтилганидек ўзларига яхшидир. Ҳомиладор ва эми­зикли аёллар фидя бермайди, балки рўзани қазо қилиб тутади.

 Манба: muslim.uz (Ўзбекситон мусулмонлари идораси расмий веб портали)

http://muslim.uz/index.php/rukn/kutubxona/item/18070

 

2. Ҳомила ҳар тарафлама яхши ўсиб бориши учун унинг онасини жисмоний ва руҳий жиҳатдан толиқтириб қўймасликка шариатда катта эътибор берилган. Бу эътибор шу даражага етганки, ҳатто Аллоҳ фарз қилган ва Исломнинг рукнларидан бири бўлган рўзани ҳомиладор аёллар тутмасдан, кейин қазосини тутиб бериши жоизлиги шариатга киритилган. Чунки ҳомиладор аёл рўза тутса, унинг толиқиши орқали ҳомиласининг ҳам толиқиши бор. Шунинг учун ҳомилани толиқтирмаслик мақсадида унинг онасига рўза тутмасликка рухсат берилган.

Анас ибн Молик Каъбийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, Аллоҳ мусофирдан рўзани ва намознинг ярмини кечди. Ҳомиладор ва эмизиклидан рўзани кечди».

Бешовлари ривоят қилишган.

Бу ҳадисда мусофирга сафарда ва ҳомиладор аёлларга, агар улар ҳомилаларининг соғлиғига зарар етишидан қўрқсалар, оғизларини очиб юришлари мумкинлиги ҳақида сўз кетмоқда.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, мазкур тоифадаги аёллар рўзанинг қазосини тутадилар. Ҳомиладор аёллар вақтинчалик бемор ҳукмида бўладилар. Ҳомилани туғиб, болани кўкракдан ажратгандан сўнг яна рўзани тутиш имконига эга бўладилар. Бу эса бизнинг динимизда ҳомиладор аёлнинг ва ундан дунёга келадиган фарзанднинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий-руҳий соғлиғини яхши ҳолатда ушлаб туришга қай даражада эътибор берилганининг далилидир.

Ҳомиладор аёл ҳомиласининг соғ-саломат ўсиб бориши учун керак бўлган барча чора ва тадбирларни кўриб бориш ўзининг бурчи эканини бир зум ҳам унутмаслиги керак. Бунинг учун доимий равишда ва ўз вақтида тиббий кўриклардан ўтиб туриши, ўзи ва ҳомиласи учун фойдали бўлган озуқаларни тановул қилиб бориши зарур. Унинг эри ва оила аъзолари эса барча керакли нарсаларни тайёрлаб беришлари лозим.

Агар аёллар ҳомиладорлик вақтларида, ундан олдинги ва кейинги даврларда жисмоний жиҳатдан бемор бўлсалар ёки камқонликка учраган бўлсалар, ижтимоий, иқтисодий ҳолатлари ва бошқа ҳолатлари эътиборидан беморликка чалинган бўлсалар, албатта, уларнинг туғилажак фарзандларига ҳам бу нарса таъсир кўрсатиши, улар ҳам оналари каби касалликларга чалинган ҳолда туғилишлари ёки келажакда мазкур хасталикларга чалинишга мойил бўлган ҳолда туғилишлари илмий жиҳатдан собит бўлган нарсадир.

Агар биз соғлом фарзандлар туғилишини хоҳласак, қизларимизнинг соғлом ўсишларига, келинларимизнинг соғлом бўлишларига ва айниқса, улар ҳомиладор бўлганларидан сўнг соғлиқларини муҳофаза қилишга катта эътибор беришимиз лозим.

Шу маънода «соғлиқ» деган сўзни шомил, комил, оммавий маънода тушунмоғимиз лозим. Бунда ҳам жисмоний, ҳам руҳий-маънавий жиҳатдан соғлик маъноси кўзда тутилган бўлади.

Шундай экан, биз ҳомиладор аёлларимизнинг мукаммал соғлом бўлишларини таъминлайдиган чораларнинг ҳаммасини кўришимиз лозим. Бунга албатта, онанинг ўзи, эри, оиласи, агар улар ожиз қолиб, қўлларидан келмай ёки тушунмасликлари сабабли ушбу ҳолатларда беэътибор бўлсалар, яқин қариндошлар ва қолаверса, жамият эътибор бериши, улар тушунмаган нарсаларни тушунтириши керак.

Ана шунда она ҳомиласининг соғ-саломат туғилиши, келажакда соғлом авлод бўлиб ҳаёт кечириши, комил инсон бўлиб вояга етиши таъминланган бўлади.

Шу ерда алоҳида таъкидлаб ўтмоқ керакки, ҳомиладор аёл фақат ҳалол нарсадан озиқланишга уриниши лозим. Фақатгина ҳалол нарсаларни тановул қилиб юрган онанинг ҳомиласи ҳам фақат ҳалол нарсадан озиқланиб туради. Ҳомила киндиги орқали онасидаги бор моддалардан ўзига олиб, ҳаётини давом эттириб, ўсиб, улғайиб боради. Шунинг учун ҳомиладор аёл бу пайтда бошқа вақтдагидан кўра кўпроқ тақводорлик руҳини ўзида мужассам қилиб, озуқаси ҳаромдан бўлмаслигига эътиборли бўлиши, ҳомиласини ҳалол таомлар билан қувватлантириб, ҳар бир луқмаси, ҳар бир ҳўплам ичадиган ичимлиги, ҳар бир киядиган кийими ва бошқа нарсалари фақат ва фақат ҳалол нарсадан бўлишига эътибор бериши керак.

Қайтариб айтамизки, ҳамма вақтда ҳам зарур бўлган бу нарсага ҳомиладорлик чоғида янада эътиборлироқ бўлиш лозим.

Эркаклар ҳам оиласини, ҳомиладор аёлини ҳаром-харишдан, порадан, ўғрилик, муттаҳамликдан, бировнинг ҳаққини поймол қилишдан тўплаган моллар билан ризқлантирмаслиги, балки доимий равишда ҳалол-пок нарсадан ризқлантиришга ҳаракат қилиши керак.

Манба: islom.uz (https://islom.uz/maqola/8358)

3. САВОЛ: Аёлим ҳозирги даврда ҳомиладор (5 ойлик), рўза тутиши фарзми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аёл кишининг ўзига ва ҳомиласига зарар етиши хавфи бўлса, рўза тутмайди, кейин қазо қилиб беради. Бу ерда ҳукм аёлнинг ва ҳомиланинг ҳолатига қараб белгиланади. Ҳомиланинг ойига кўра эмас. Валлоҳу аълам. 

Манба: islom.uz ("Зикр аҳлидан сўранг 2-қисм, https://islom.uz/maqola/3866)

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИ

 КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page