РАДИОЖУРНАЛИСТ ГУЛАНДОМ ЮНУСОВАНИНГ ЯНГИ КИТОБИ ТАҚДИМОТИ ЎТКАЗИЛДИ

РАДИОЖУРНАЛИСТ ГУЛАНДОМ ЮНУСОВАНИНГ ЯНГИ КИТОБИ ТАҚДИМОТИ ЎТКАЗИЛДИ


Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан Абдулла Қодирий номидаги вилоят Ахборот-кутутбхона маркази ҳамкорлигида “Болаликда бир кун”, “Янги ҳаёт остонасида”, “Турмуш тасодифлари”, “Юрак билан суҳбат” номли муаллифлик эшиттиришлари билан тингловчилар эътиборини қозонган, ижодий намуналари “Навоий гулшани”, “Туташ туйғулар” жамоа тўпламларига киритилган Навоий вилояти телерадиокомпанияси радио гуруҳи мухбири, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Гуландом Юнусованинг назм ва наср йўналишидаги шеър, ҳикоя, эсселари ўрин олган “Кўзларимга қайтсам...” деб номланган илк китобининг тақдимот маросими ўтказилди. 

Тадбирни Уюшманинг вилоят бўлими раиси Отабек Аслонов очиб берди ва муаллифнинг ижодий фаолияти ҳақида кенг тўхталиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тақдимот маросимида навоийлик шоир ва ёзувчилар, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари, ижодкорнинг яқинлари, китобхон онахонлар, ҳамкасблари ва талаба-ёшлар, ҳарбий қисм аскарлари иштирок этди.

— Гуландом Юнусованинг ижоди билан анча йиллардан буён танишман, – дейди ижодкор Раъно Раббимова – Шоиранинг инсонийлик, ватанпарварлик туйғулари билан йўғрилган шеърларидаги ташбеҳлар оҳангдорлиги, юракка яқинлиги билан китобхон қалбидан чуқур жой олишига ишонаман. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ушбу китобдан ўрин олган қатралар, ҳикоялар яхшилик, бағрикенглик, тўғрисўзлик, дўстлик, сахийлик, меҳр-оқибат каби миллий ва умуминсоний қадриятларга боғлиқ бугунги кун мавзусини қамраб олганлиги билан ўқувчини маънавий баркамолликка ундайди.

Шундан сўнг Гуландом Юнусованинг китобидан ўрин олган она меҳри, ватан туйғуси, юртни, туғилиб ўсган тупроқни авайлаш ғоялари мужассам бўлган ижодий фаолияти, шеър ва шеърият ҳақида Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзолари – Ғулом Султонов, Жамолиддин Аҳтамов, Достон Мавлонов, Зебо Жияновалар ўзларининг илиқ фикрларини билдирдилар.

Тақдимот тадбирида кутубхона ходимлари Гуландом Юнусованинг янги китобидан ёд олган ижод намуналаридан ўқиб беришди ва Навоий шаҳридаги ҳарбий қисм аскарлари томонидан қўшиқлар ижро этилди. Шундан сўнг, муаллиф кутубхона фондига “Кўзларимга қайтсам...” номли китобидан совға сифатида тақдим этди. 

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

Навоий вилояти бўлими.



Report Page