РАДДИЯ
@eduuzKun.uz сайтида эълон қилинган "Президент стипендияси атрофида можаро: номзодлар нимадан норози?" номли мақола юзасидан РАДДИЯ

16 феврал куни Kun.uz интернет сайтида Магистратура босқичи талабалари учун ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари танлови юзасидан "Президент стипендияси атрофида можаро: номзодлар нимадан норози?" номли мақола эълон қилинди.
Вазирлик ушбу мақолада кўрсатилган важларни асоссиз деб ҳисоблайди ва эътирозлар юзасидан қуйидаги батафсил маълумотларни келтиради.
Дастлаб, танлов босқичлари ҳақида қисқача. Ҳужжат топшириш жараёнларини рақамлаштириш орқали жорий йилдан бошлаб олий таълим муассасалари томонидан ҳар бир номзодга тегишли бўлган ҳужжатлар тўплами янги ишлаб чиқилган stipendiya.edu.uz платформаси орқали қабул қилиниши йўлга қўйилди. Бу эса, талабанинг турли йиғма жалдлар тўплаши, ортиқча харажатлар қилишини батамом бартараф этиб, уларга қулайлик яратди. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ўтган йиллар давомида ҳужжат топширишда инсон омилининг аралашуви сабаб айрим талабаларда бу борада ҳақли эътирозлар ҳам бўлган.
Шундан сўнг, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг танловни ўтказиш бўйича бўйруғи қабул қилинади. Ушбу ҳужжат билан магистратура талабалари орасидан ғолибларни ёпиқ овоз бериш орқали танлаб олиш бўйича махсус танлов комиссияси таркиби ҳамда талабгорларнинг таълим ва илмий (ижодий) тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича экспертлар гуруҳлари тасдиқланади. Эътибор қаратиш лозимки, танловлар адолатли, юқори масъулият билан ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида махсус танлов комиссияси таркиби олий ўқув юртлари ректорлари, вазирлик масъуллари ҳамда бошқа идора ва ташкилотлар мутасаддиларидан тузилади. Жорий йилги комиссия аъзолари орасида Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари (комиссия раиси сифатида) ҳамда Туризм ва спорт, Маданият вазирликлари, Фанлар Академиясининг бир қатор масъуллари иштирок этди.
Мақолада келтирилишича, танлов аниқ баҳолаш мезонларисиз ўтган. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори билан тасдиқланган Магистратура босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 3-бандига биноан,
Талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш учун қуйидаги мезонларни бажариш белгиланади:
умумтаълим тайёргарлигини илмий-тадқиқот (ижодий ишлар) ишлари билан уйғунлаштириш;
йўналишлар бўйича конференция (танлов)ларда қатнашиш;
камида иккита эълон қилинган ишлар (асарлар)нинг мавжудлиги;
тилларни — давлат тилини ва битта хорижий чет тилни билиш (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари давлат тилларидан ташқари), магистратурадаги мутахассислик хорижий тил бўлган тақдирда эса қўшимча равишда яна битта хорижий тилни билиш талаб қилинади;
Ўзбекистон тарихини билиш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиясига талабгорлар ушбу фанлар бўйича ўз билим даражасини аниқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказида (минтақалар бўйича) махсус тест синовлари топширадилар.
Мақолада айрим ҳолларда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани ҳақида ҳам асоссиз фикрлар келтирилган. Комиссия ишида аъзо сифатида иштирок этган Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ректори М.Пўлатовнинг ўзи раҳбарлик қиладиган институт талабасининг ишларини баҳолашдаги иштироки якуний натижага асло таъсир қилмаган. Яъни, “Иқтисодиёт” йўналиши бўйича Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти талабаси эмас, Тошкент молия институти талабаси ғолиб деб топилган.
Мақолада баҳолаш тизими йўқлиги, йўналишлар бўйича баҳолаш турлича экани, ким қандай истаса шундай баҳоланаётгани ҳақида ҳам эътирозлар мавжуд. Магистратура босқичи талабалари танловида юқорида келтирилган мезонлар асосида магистратурада ўқиш давридаги эришган ўқув ва илмий ютуқлари баҳоланади. Баҳолаш мезонлари турлича эмас, аксинча бир хил соҳалар бўйича илмий ишларнинг салмоғи турлича.
Қайд этиш лозимки, турли соҳалардаги илмий натижаларни ягона тизим асосида баҳолаб бўлмайди. Янада соддароқ айтганда журналистнинг газетада чиқарган мақоласи билан математика соҳасидаги мутахассиснинг газетадаги мақоласининг салмоғини тенглаштириб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан илмий ишларни кўриб чиқиш ва баҳолаш эксперт гуруҳлари ваколатига берилган.
Илмий ишларни баҳолашда сонга эмас, асосан сифатга эътибор қаратилади. Номзоднинг илмий иши кўп бўлиб, улар таълим олаётган мутахассислик ҳамда илмий иш мавзусига мос келмаса ёки ҳаммуаллифликда чиқарилган бўлса, натижаси паст баҳоланади.
Номзодлар қайси мезонлар асосида танлаб олинади деган саволга агар битта йўналиш бўйича 10 та номзод ҳужжат топширган бўлса, улар орасидан айнан тест натижалари ва илмий мақолалари салмоқли бўлган энг кучли 3 нафаргача номзод кейинги босқичга ўтказилишини маълум қиламиз. Бунда хорижий тилларни билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатларга эга бўлганларга устунлик берилади.
Таъкидлаш ўринлики, бу баҳолаш гуруҳлари таркиби тегишли соҳалар бўйича олий таълим муассасаларининг салоҳиятли ректорлари ва проректорларидан иборатдир.
Мақолада танлов натижалари бўйича эътироз билдирган мурожаатчиларга босим ўтказилгани келтирилган. Вазирлик бундай ҳолатни ҳақиқатдан йироқ деб ҳисоблайди. Сабаби танлов натижаси бўйича эътироз билдирган ЎзМУ магистранти Жаъфархон Исахоновнинг ишлари талабанинг иштирокида бошқа экспертларни жалб қилган ҳолда яна бир марта кўриб чиқилган. Маълумот учун: экспертлар илмий доирада етарли обрў ва салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, профессор И.Йўлдошев, Чирчиқ давлат педагогика институти проректори, профессор О.Зиядуллаев ҳамда Наманган давлат университети ва Ўзбекистон Миллий университети кафедра мудирларидир. Бундай зиёлилар қатнашган ва талабгорнинг саволларига жавоб берилган мулоқот босим остида ўтган дейишга ҳеч қандай асос йўқ. Боз устига ушбу мулоқот вазирлик биносида ҳамда эркин иш шароитида бўлиб ўтган.
Шу ўринда мурожаатчилардан бири бўлган ЎзМУ магистранти Жафархон Исахоновнинг ишларига эксперт комиссиянинг берган хулосасини келтириб ўтишни жоиз деб билдик.
Ушбу магистрант Хорижий тиллар, Ахборот технологиялари, Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича Давлат тест марказида (минтақалар бўйича) ўтказилган махсус тест синовларида иштирок этиб, “Социология ва психология” танлов йўналиши бўйича барча талабгорлар орасида максимал 100 баллдан энг паст кўрсаткич –
41 балл тўплаган. Ижтимоий соҳа магистранти бўла туриб, асосан гуманитар фанлардан ўтказилган тест натижаларида 5 нафар иштирокчи орасида энг паст кўрсаткич қайд этгани унинг билим савияси, фанларни ўзлаштириш даражасини белгилаб беради. Бу магистрантнинг дастлабки тест натижаси. Энди эса, унинг илмий ишлари хулосасига ўтсак. Талабгор Ж.Исахонов тақдим этган илмий ишларда қуйидаги эътирозли ҳолатлар аниқланган. Жумладан, номзод тақдим этган рўйхатдаги 41 ва 42-рақамли материаллар бир-бирини тўлиқ такрорлайди. Яъни, 41-рақамдаги илмий иш “Central Asian Journal of Social Science and History” журнали (Испания)да илмий мақола сифатида нашр қилинган. Ўрганиш жараёнида худди шу илмий иш бошқа “IV International Book Edition of the Commonwealth of Independent States” нашри (Қозоғистон)да ҳам чоп этилгани маълум бўлган. Аниқроғи номзод шакли ва ёзилиш тартиби бир хил бўлган илмий тадқиқот натижаларини икки хил нашрда, бирида ҳаммуаллиф, иккинчисида эса муаллиф сифатида чоп этиш орқали илмий ишлар сонини сунъий равишда оширишни мақсад қилган. Шу билан бирга номзод томонидан тақдим этилган илмий ишларнинг 30 таси бакалавриатда ўқиш даврида чоп этилган бўлса, қолган илмий ишларининг асосий қисми ҳам ўзининг магистрлик диссертацияси илмий йўналишига йўналтирилмаган.
Комиссия барча аъзоларининг салоҳияти, илм-фанда тутган ўрни, айни пайтда олий таълим тизимидаги мавқейи ва катта тажрибасидан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, мурожаатда айтилганидек “эксперт кайфияти”га қараб хулосалар қилинмаган. Қўшимча сифатида, юқорида таъкидланган Низомда магистратура босқичи талабалари орасида Президент стипендиатларини аниқлаш жараёнида апелляция комиссиясини тузиш назарда тутилмаган. Танлов якунлари бўйича барча ариза ва шикоятлар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш учун белгиланган тартиб асосида амалга оширилади. Шунга кўра, талаба Ж.Исахоновнинг мурожаатига асосан вазирнинг 2022 йил 11 февралдаги тегишли буйруғи билан махсус ишчи гуруҳ (4 кишидан иборат) тузилиб, мурожаат кўриб чиқилган. Шу ўринда бошқа мурожаатчиларга ҳам тегишли тартибда жавоб берилиши маълум қилинади.
Мақолада кўрсатилган иккинчи номзод Урганч давлат университети магистранти Акбар Отабоев масаласи ҳақида. Мурожаатчи тест натижаларида энг юқори - 64 бал олганлигини келтириб, эътироз билдирган.
Давлат тест маркази томонидан ўтказилган тест натижалари бўйича А. Отабоев ўзи айтганидек 64 балл эмас, 62 балл олган. Бу натижалар Давлат тест маркази томонидан номзодларга эълон қилинган. Шу ерда ҳақли савол туғилади. Ушбу мурожаатларни кенг оммага маълум қилган Kun.uz интернет нашри ҳам мақолада тест натижалари қайдномасини кўрсатиб ўтган бўлса-да, маълумотларни бирма бир текширмай, мурожаатни батафсил, таҳлилий ўрганмай сайтга жойлаган. Ваҳоланки, А.Отабоев иштирок этган йўналишда энг юқори баллни Термиз давлат университети магистранти қўлга киритган. Ушбу йўналиш бўйича А.Отабоевдан юқори балл олган бошқа магистрантлар ҳам мавжуд. Бали пастлиги етмаганидек, унинг тақдим этган илмий ишларнинг аксарияти талабанинг бакалавр вақтида қайд этган кўрсаткичлардир. Магистратура босқичидаги илмий ишлари суҳбатга тавсия этилган бошқа талабгорларнинг илмий ишларига нисбатан кам.
ТАТУ магистранти С.Салимов мурожаатида илмий ишлар кўплиги ва уларни инобатга олинмаганлиги сабаб қилиб кўрсатилган.
Ваҳоланки, С.Салимов магистратурада ўқиш даврида биронта ҳам илмий мақола чиқармаган. У томонидан 2021 йилда 3 та конференция тезислари чоп этилиб, уларнинг иккитаси битта масофавий онлайн конференция доирасида тайёрланган. Унинг асосий кўрсатган илмий ишлари 2016-2017 йилларда, яъни бакалавриат босқичида чоп этилган. Бошқа номзодлар кўрсаткичларига эътибор қаратадиган бўлсак, эълон қилинган илмий ишлар магистратура босқичи даврига тўғри келади. Шу йўналишда ғолиб бўлган номзод Тошкент молия институти магистранти Ж. Бўтаев магистратурада ўқиши даврида 2 та монография, хорижий журналларда 10 та, маҳаллий илмий журналларда 6 та илмий мақола, шунингдек маҳаллий ва халқаро конференциялар тўпламларида 20 дан ортиқ тезисларини чоп этган. Бу йўналишдаги барча ҳужжатлар ҳам комиссия томонидан батафсил таҳлил қилинган.
Яна бир мурожаатчи талабгор Жиззах давлат педагогика институти магистранти Ҳ.Давлатова эса, бу йўналишда ғолиб бўлган Бухоро давлат университети магистранти М. Саидовага нисбатан ўз эътирозини билдирган.
Экспертлар хулосасига кўра, Ҳ.Давлатова педагогика йўналишидаги илмий ишлари натижаси билан кейинги босқичга тавсия этилган. Махсус танлов комиссиясининг ёпиқ овоз бериш натижасига кўра, Давлатова бу йўналишда ғолибликка етарли овоз тўплай олмаган. Шу ўринда эътиборингизга бу йўналишда ғолиб бўлган М. Саидова билан мурожаатчи Ҳ.Давлатованинг кўрсаткичларини таққослаган ҳолда тақдим этамиз. Мурожаатчи Давлатова тест натижасида 100 балдан 46, Саидова эса, 100 балдан 58 балл тўплаган. Давлатова хорижий тилни ўзлаштириш бўйича 30 та саволдан бор йўғи 8 тасига тўғри жавоб берган бўлса, Саидовада бу кўрсаткич 21 тани ташкил этади. Бундан ташқари Саидова инглиз тилидан IELTS - 7,5 балл ҳамда корейс тилидан TOPIC II (257) халқаро сертификатларига эга.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, олий ва ўрта махсус таълим вазири, профессор А. Тошқулов лозим бўлса ушбу мурожаатчилар билан шахсан учрашиб, уларнинг фикрлари ва эътирозларини эшитишга тайёр. Агарда магистрант талабаларда бу ҳолатга ҳуқуқий жиҳатдан баҳо бериш мақсадида масалани суд орқали ҳал этиш истаги бўлса, вазирликда бу талабга нисбатан ҳам эътироз йўқ.
Бугунги кунда дунё ёшлари янги инновациялар, ишланмалар қилиб илм фанга муносиб ҳисса қўшаётган ҳамда интеллектуал қобилияти билан шахсий имкониятларини ошираётган бир вақтда олий таълим муассасаларимиз томонидан иқтидорли деб энг нуфузли танловга тавсия этилган талабаларнинг айримлари ўзининг мавжуд салоҳият ва имкониятларини тўғри баҳоламай, илм йўлидаги мақсадини аниқ белгиламай, ўзининг муваффақиятсизлигига бошқаларнинг ютуқларини сабаб қилиб кўрсатаётгани ачинарлидир.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Ахборот хизмати