РАҲИМ

РАҲИМ

(аввал Махлуқ деб номлагандим)


Мактабдан қайтар вақтим ичимга ғулғула тушади.

– Худойбердиева, уйга бирга кетайлик.

Уйга ёлғиз қайтадиган кунларим эса ўша ердан ўтиб олгунга қадар Худога илтижо қилавераман.

- Художон, кўчада бўлмасин, укаларим билан уришмайман, – ҳар гал Худога ваьда қилган назрларим ўзгараверади.

- Ўртоқларимни ёмонламайман.

- Аямни айтганини қиламан.

- Ёлғон гапирмайман.


Худога илтижоларим етиб бормайдигандек кунлари юрак ютиб бошқа кўчадан юраман. Ва бу гал ҳам онамнинг: тўғри бориб, тўғри кел, кўрсатмасини бузганим учун яна Худога дил очаман: гуноҳимни кечиришини сўрайман.

Танаффусларда синфдошларим орасида у ҳақда баьзан гап очилиб туради.

- Эшиттийлами, Раҳим палончини уйига тортиб кетибди.

Бу миш-мишлар маьлум бир оралиқ билан ўқувчилар ўртасида ейиларди-ю, ичимдаги қўрқув баттар аланга оларди.

- Уни қўли сенга тегса, шол бўб қолайкансан.


У мени қоп-қора, қийшиқ қўллари билан тортиб кетаётганини хаёл қилиб йўлимни бошқа кўчага бурар ёки менга тегиб кетиб шол бўлиб қолишни ўйлаб мактабдан қайтаётган ўқувчилар тўдасига шўнғишга ҳаракат қилардим.

Одам қанақа қилиб шол бўлиб қолиши мумкин? Шол ўзи қандай бўлади? Нималигини билмадим-у, аммо ёмон нарсалиги аниқ.


Фақат у кўп болаларни кўрганда айри жўшиб кетарди ва ҳатто бизнинг мактабдан чиқиш соатимизни ҳам билар ва кўз тикканча уйи олдидан ўтишимизни кўтарди. Болалар кўча бошида кўринди дегунча, бақирган, қийқирган кўйи ўзини ўша тўдага отарди. Қийшиқ оғзи нималардир ғудранар, билагида букилиб қолган қўлларини кўтарганча биз томон ошиқарди. Шимлари ерга судралганидан парча-парча йиртилган, қуёш остида ўтиравериб кирданми, қорайишданми янада даҳшатли тусга кирган оёқларини босаётган ёки судраётганини англаш қийин эди.

Болалар тўдаси бутун кўчани бошига кўтариб бақирганча ҳар ким ўзини ҳар томонга урарди. “Ботирроқ”лар эса қўлига тош ёки қум олиб унинг устига сочиб, яна қийқирганча шаталоқ отиб қочарди.


Болаларнинг бу ҳаракатлари уни қўрқитмас, аксинча янада қаттиқроқ қийқириб қўлларини бир-бирига уришга, бирортамизга қўли тегиб шол қилиб қўйишга ёки уйига судраб кетиш учун ҳаракатларини тезлаштирарди.

Биз ҳам унинг панжаларига тушмаслик учун оёғимизни қўлимизга олиб уйимиз томон югурардик. Орқадан унинг ўз қурбонини ушлай олмаган аждарҳодек ҳазин ўкириши келарди.

Уйига судраб олиб кириб кетиб кейин болаларни нима қиларкин?


У қишин ёзин – ҳаво бироз бўлса-да очиқ бўлган кунларида доим ўз ўрнида, ўша дарвозаси олдида ўтирган кўйи йўлга кўзини тиккани тиккан.


У сенга ҳеч нарса қилмайди


Ўша куни Худойбердиева мактабга келмади. Бошқа мактабдошларимдан ҳам орқада қолдим-у, Худога доимги нолаларимни қила қила-уйга ёлғиз қайтдим. У ўша ерда, ўз жойида ўтирар эди. Мени кўрди, ўрнидан турди. Ғудранди, қўлларини кўтарди, мен томонга юра бошлади. Буни юриш деб бўлмасди, у судраларди. Чамаладим: югуриб ўтиб кетсамчи? Йўқ, шол бўлиб қоламан.


Дарвозадан бир аёл кўринди. Дарвоза олдида турган ғўзапоядан бир дастасини тутди.

– Уни чақиринг, мени ўтказмаяпти, нега уни ташқарига қўйиб юборасиз?

Аёл ишини қилишда давом этди. Мени эшитмади, деб ўйладиму, овозим борича бақирдим:

– Биз ундан қўрқамиз.

Қўрқувимга чора қидирар, уни аёлнинг юзида излардим. У жуда сокин равишда менга қарадию:

– Қўрқма, у сенга ҳеч бир ёмонлик қилмайди, – деди-ю ғўзапоясини даст кўтарди.

– Раҳим, қара мен сенга нима бераман.

 

Раҳим – Холиқ яратган инсон.

У чекка қишлоқнинг бир уйида дунёга кўзларини очган, аммо беморлик сабаб – хаста баданда асир қолган бир мурғак.

 

Раҳим – бизни кечир тенгдош, даврдош. Мен сенинг руҳингни кеч танидим, сенинг дардингни йиллар ўтиб англадим.

Ўша дарвозахона олди сен учун дунёга очилган ягона дарича эди.

Сен – мени эмас, дўст бўлишни истаганларингни, ичингда ҳавас билан қараганларингни кутар эдинг.

Ич ва ташингдаги бола – бизни қўрқитишни эмас, биз билан ўйнашни, оз бўлса-да бу болалик ҳаётига доҳил бўлиш истаги эди.


Сенга отилган, ўша жонингни оғритган тошларни ҳам – бизнинг эьтиборимиз, меҳримиз деб қабул қилардинг.

Меҳр, шафқат, марҳамат қалб ва бадан оғритмаслигини сен қаердан ҳам билардинг?

Сенга ҳам ташқи дунёга мослашишни ўрганиш имконини беришмагандек…


Бизга сенга қарши марҳамат ва шафқатни ҳеч ким ўргатмаганди.

Кошки бизга бунинг дарсини берсалар эди…

Кошки сенинг олдингдан қийқириб қочар экан, буни кўрган маҳалладош – бизни тўхтатса-ю, сенинг тилингга айланса эди.


Мактаб танаффусларидаги миш-мишлардик буни ҳам:

– Биласанми, Раҳим ўзи шундай туғилган экан. Касалини оти биласанми нима экан – болалар шоли. Раҳим тегса шол бўлиб қолмасканмиз, юқмайкан бошқаларга.

- Раҳим бизлар билан ўйнагиси келайкан, ўшанчун ҳар кун ўша ерда ўтирайкан. Биза йўлдан ўтайконда бизани ёнимизга келмоқчи бўладику, ўйнагиси келайкан биз билан. Уям зерикайканда, мактабга боргиси келайкан. Унақа болаларга фақат Тошкентда боракан мактаб. Раҳимни ота-онаси камбағал-ку пули етмайкан уни Тошкентга оборгани. Аққа оборсаям ташлаб келиш керагакан. У билан озгина ўйнасак, унга китобларимизни кўрсатсак ҳам хурсанд бўлиб кетаркан.


Навниҳол эдик, эгилардик бизни сен томон чорласалар, сенга марҳамат ва шафқат кўрсатишни ўргатсалар.

Аслида сен бечора эмасдинг, фақат сен учун имкониятлари бўлмаган жойда туғилгандинг. Туркларнинг бир мақоли бор: туғилган жойинг қадарингдир.

Сенинг қадаринг сенга бешавқат эди. «Худонинг лаънати» эдинг қадарда.

Ота-онанингни Худога эмас-у, бандаларига аён гуноҳи эдинг. Бизга катталар шуларни ўргатишганди, Раҳим.

Кечир мени.

Muallif: @MadinaZarif

Report Page