РАҲБАР АЁЛНИНГ "МАКР"ЛАРИ

РАҲБАР АЁЛНИНГ "МАКР"ЛАРИ

https://t.me/usanboyeva

Муаллиф: Азиза Қурбонова

(Ҳикоя)

 Ишхонамда ўғлим тенги Баҳромжон деган бир йигит ишлайди. Ҳеч кимдан ёрдамини аямайдиган, “йўқ” деган жавобни билмайдиган, шинаванда, орзу-хавасли, қувноқ, бунинг устига келишган йигит. Бундай йигитнинг ҳамма қиз-жувонларнинг орзуси эмасми, ҳамма унинг атрофида гирдикапалак. Баҳромжоннинг эса ойдек хотини, гулдек боласи бор. Ишга келган кундан бошлаб то шу бугунгача Баҳромжон мен раҳбарлик қиладиган бўлимда ишлагани учун ҳар бир ҳаракати, қадами назоратим остида. Охирги кунларда йигитнинг шашти пасайиб, ишдан ҳам, оиладан ҳам безиб қолгандек ишга зўрға келиб-кетади. Корхонамизнинг йиллик кирим-чиқимлари ҳақида қисқача ҳисобот тайёрлашни топширсам, бир ҳафта ўтса ҳам тайёрлай олмай сусткашлик қила бошлади. Ишда ҳеч ким билан уришмаган бўлса, ҳурмати ўзига яраша, демак, оиласида нимадир ўзгариш бор, деб ўйладим ва у билан жиддий гаплашиб олмоқчи бўлдим.

-Баҳромжон, ҳаммадан кутсам ҳам, сиздан бундай лоқайдликни кутмагандим. Мен сиздан ҳисобот сўрасам, бекорчиликдан эмас, мендан ҳам талаб қилишгани учун сўрайман. Нима бўлди, сизга? Бирор муаммоингиз борми?

-Ақида опа, бугун ярим кечагача бўлса ҳам ҳаммасини тугатиб кетаман. Фақат эртага сиздан рухсат сўрамоқчи эдим.

-Нимага?

-Эрталабдан бажармасам улгурмайман-да…

-Нима гап ўзи?

-ФҲДЁга боришим керак, хотиним ажрашишга ариза берибди...- йигитнинг боши хам бўлди.

-Нима-нима?

Йигит кишидан барча икир-чикирларни сўраб-суриштиришга бироз хижолат бўлдим, қолаверса Баҳромжоннинг ўзи ҳам гапни қисқа-лўнда қилди. Калаванинг бир учи корхонамизнинг бошқа бўлимида ишлайдиган, эри билан икки ойгина яшаб, ажрашиб кетган, ўзи ҳам маликалардек ясаниб юрадиган Маликага бориб тақалишини тушундим.  Ишонсангиз, кечаси билан ёш оиланинг тақдири бир дақиқага бўлса ақлимдан, йигитнинг иш столида кулиб турган хотини ва боласининг сурати кўз олдимдан кетмади. Охири бўлмади, жуда кўп қўйди-чиқдиларга гувоҳ бўлганим учун ҳам бу оилани негадир асраб қолиш мумкин, бу ерда жиддий гап йўқ, деган хулосага келдим. Эрта тонгдан Баҳромжонга қўнғироқ қилдим.

 

 

                                      Биринчи макр

 -Баҳромжон, ФҲДЁга соат неччида борасиз?

-Соат 10да. Тинчликми, Ақида опа?

-Ишхонага бир келиб кетинг, гаплашадиган гап бор.

Баҳромжон келгач, унга гапни чўзмасдан ўйлаганларимни, чиройли оиланинг бузилиб кетишига индамай қараб туролмаслигимни айтдим.

-Баҳромжон, фақат менга ростини айтинг: ажрашишни ўзингиз ҳам истайсизми?

-Йўқ, Ақида опа, очиғини айтсам, истамайман. Роса тушунтирдим, хотиним кўнмади, маҳалладагилар олдида ялинаверишга уялганимдан ҳам “ажрашаман мен ҳам” деб юбордим... ФҲДЁда “рози эмасман” деб айтмоқчиман... Ахир ўғлим бор, хотиним ҳам аслида яхши.. Шунда судга ошириб юбормас экан.

- Энди яна ростини айтинг, Малика билан гаплашиб қолганингиз ростми?

Йигит индамади. Ҳа, бу ерда фақат англашилмовчилик эмас, чиндан ҳам хиёнат содир бўлган. Иш жуда жиддий. Аммо, йигитнинг пушаймонлиги ва оиласини азиз деб билаётгани ҳали умид бор, дегани.

Баҳромжондан рафиқасининг қўл телефонини сўраб олдим.  Йигит ФҲДЁга бориб улгурмаёқ хотини билан гаплашдим.

-Ассалому алайкум, Гулнозахон, сизмисиз?

-Ассалому алайкум, ҳа, ким бу?

-Гулнозахон, мен турмуш ўртоғингиз Баҳромжоннинг раҳбариман. Идорамизга бир келиб кетолмайсизми?

Келин бирдан жиддийлашди. Овозида ҳам алам ва хавотир қоришиб кетиб, титради:

-Нимага?

-Баҳромжон қаергадир бораман, деб рухсат сўраб турганди ҳозир. Бироз тоби қочиб қолди, мед пунктда дам оляпти.

-Вой...

-Шошилмай келаверинг, ҳозир ухлаяпти.

Қоровулни ёш келин эшикдан кириб келиши билан хонамга чиқариб юбориши ҳақида огоҳлантириб қўйдим.  Орадан 10 дақиқа ўтар-ўтмас Гулнозахон ранги оқариб кириб келди. “Ҳа, келини тушмагур, шунчалик хавотир олар экансан, шунчалик севар экансан, ажрашиб нима қиласан” дедим ичимда.

 -Гулнозахон, эрингиз соппа-cоғ. Аммо ҳозирча. Шу кунларда ўзини жуда олдириб қўйган. Ундан жуда хавотирдаман. Ёлғондан бўлса ҳам сизни ёнимга чақиришга мажбур бўлдим. Ажрашишга ариза берганингиздан хабарим бор... Гулнозахон, бир пайтлар шунга ўхшаш ҳолатда менга... холис одамлар ёрдам бермаган. Мен қилган хатони... сиз такрорламанг.

Унга яна кўп гапларни гапирдим. Қайнона-қайнота, ота-она - улар ҳаммаси фарзандларига бахт тилашади, ҳаммаси учун ўз фарзандларининг айби кўринмайди, шунинг учун ҳам масалага бир томонлама ёндашишади. Бунда бир холис одам бўлиши керак, дедим.

-Ахир ҳаммаси ҳал бўлган-ку! Ўзлариям “ажрашаман” деб туриб олдилар.  Менга ҳам жуда қийин, мана ўзингизнинг бошингиздан ўтган экан, яхши тушунасиз. Бирга институтда ўқидик, севишиб, қанча қаршиликларга қарамай турмуш қурдик. Оилам бахти учун 5 йилдан бери уйдан кўчага чиқмай, келинлик хизматини қилиб, боламни боқиб ўтираман. Қадримга бир йиғламоқчи бўлдим-да. Кейин, мана бунақа бўлиб кетди. Олдинига ишхоналарига келиб, роса тўполон қилмоқчи ҳам бўлдим, ор қилдим, эрим ишсиз қолади, дедим...

Келиннинг ақл-ҳуши жойида, мулоҳазали, бип-бинойи эканлигини тушундим, барибир аёллик ғурури бор-да, эркакнинг саёқ юрадиган учинчи оёғини кўриб қолса, на кўнгли, на ақли билан қабул қила олади.

-Юринг, сизга бир нима кўрсатаман.

Келинни эргаштириб, Баҳромжоннинг хонасига олиб кирдим. Столидаги суратни кўрсатдим. Келинпошша суратни олиб тўйиб йиғлаб олди, орқасидаги ёзувни ўқиб эса менинг ҳам кўзимга ёш келди... “Сизларни ҳеч кимга алмаштирмайман!”

 

                                       Иккинчи макр

 

Икки нуқтани бирлаштириб ягона кесим ҳосил қилиш учун ўртада ҳеч қандай учинчи нуқта бўлмаслиги керак. Малика...уни нима қилиш мумкин? Ҳа, мен бу ёш келинни ҳам тушунаман. Ҳечким ажрашиш учун турмушга чиқмайди, у ҳам минг чиройли орзулар билан оқ кўйлак кийгандир, битта эр била қўша қаришни орзу қилгандир. Ўзинингми, ё эринингми, хуллас, кимдир ё кимлардир сабабчи бўлиб оиласи бузилган. Энди у ҳам тезроқ ўз ҳаётини йўлга қўйгиси, кўнглига ёққан одам билан бирга бўлгиси келаётгандир. Бироқ, иккинчи ярмини топиш учун нотўғри йўлни танлагани ёмон бўлди. Бу ёш жувоннинг хаёли бузилган бўлса ҳам ҳаёти бузилмаслиги керак, гаплашиш керак.

Ишхонада ҳечкимга сир айтиб бўлмайди, биттага айтдингизми, тамом, ҳамма билди, деяверинг. Бу ерда маҳалладагидан-да кучлироқ ва тезроқ гап айланади.  Шунинг учун орага ҳеч кимни қўшмай Маликанинг ўзи билан гаплашишга қарор қилдим. Унга ортиқча ҳеч гапсиз, шундай дедим:

-Маликахон, кадрлар бўлими бошлиғи билан гаплашсам, мутахассислигингиз маркетинг бўйича экан. Бизнинг “Б...” кўчадаги филиалимизга бош ҳисобчи керак. Маошингиз ҳам, лавозимингиз ҳам ошади. Сизнинг ёшингизга бу жуда зўр имконият. Сизни худди ўзимга ўхшатаман, менинг ҳам оилавий ҳаётим бир қоқилганда ўзимни ишга бағишлаганман, сидқидилдан ишлаб, тўғри юрганимни кўриб, бошлиқнинг ўзи менга совчи қўйган. Бу ҳақда кўп эшитган бўлсангиз керак, айтамасам ҳам биласиз. Мен билан битта линияда ишлашингизни истайман, ҳаётингиз ҳам изига тушиб кетади, мени айтди, дейсиз. Агар рози бўлсангиз, мен директор (турмуш ўртоғим)дан кириб рухсат олиб чиқаман.

Малика икки-уч кун ўйлаб кўришини айтди. Ҳа, у Баҳромжон билан алоқалари давом этадими-йўқми, шуни аниқлаштирмоқчи эди. Тахминимча, Баҳром билан боғлана, учраша олмади, шекилли, эртасигаёқ хонамга кириб, рози эканлигини айтди. Индинигаёқ унинг ишини филиалга кўчиртириб юбордим.

                             

                                      Учинчи макр

Баҳромжон Малика мен билан учрашганидан 5 дақиқа ўтар-ўтмас, хурсанд бўлиб ёнимга кирди.

-Ақида опа, ўша куни хотиним ФҲДЁга келмаганига сабаб сиз уни чақиртирган экансиз-да!

-Ҳа, чақиртиргандим. Ўзи айтдими буни сизга?

-Ҳа, ҳозир қўнғироқ қилди. Ҳеч гапни эслатмай, ҳеч қанақа гап бўлмагандек, “адаси, Ақида опадан сўраб кўринг-чи, айтган таклифлари ўз кучида турибдимикин?” деди. Қандай таклиф айтгандингиз?

-Баҳромжон, мен онангиз тенгиман, бироқ аёл кишиман. Сизга ундай қилинг, бундай қилманг, деёлмайман. Айниқса, хиёнат борасида. Аёл зоти ҳамма нарсага чидайди, бироқ алдашларига тоқати етмайди. Етса ҳам ундан кейинги ҳаёт игна устида бўлади. Шунинг учун ўйлаб-ўйлаб, сизлар учун бир ечим топгандекман: балки, аёлингизни ишга олармиз, битта йўналишда ўқиган экансизлар. Биласиз, менга ҳар доим ёш ва ақлли кадрлар керак. Яхшилаб ўйлаб кўриб, бир қарорга келинг. Аёлингизни сизга ҳеч бир камчилиги кўринмай юзлаб қизлар орасидан танлаб севгансиз, у вақтда шароит бошқа эди, у эркин эди. Балки...унинг яна сиз учун севимли аёл бўлишига имкон берганингиз маъқулмикин,  3 яшар ўғлингизни боғчага берасиз, рафиқангиз уй ишларига улгурадиган чаққон бўлиб кўринди кўзимга. Агар таклифим маъқул келса, “ҳаммасини эплайман” деган ваъдасини олинг, ишлашга рухсат беринг...

         - Мен унинг ишлашига қарши бўлмаганман, институтни битириб, бир кун ҳам ишламагани учун қўлидан келармикин, бунинг устига боламиз ёш, деб ўйлаганман. Шундай жойда ишласа, йўқ дермидим! Сизга жуда катта раҳмат айтаман, Ақида опа!

         Йигит қадами ерга тегмай хонадан отилиб чиқиб кетди, бироқ, сония ҳам ўтмай, шалвираб қайтди:

         -Ҳалиги...Ҳалигини кўрса, нима бўларкин?

         -Маликахон кадрларни мақсадли йўналтириш бўйича малака оширадиган бўлдилар, ўқишдан сўнг бошқа жойда ишлашни истаяптилар.

                                                  * * *

         Бу воқеага ҳам 5 йил бўлди. Ҳа, ўшанда бу уч ёшнинг ҳаётига тақдирнинг тақозосига кўра кичкина ҳиссамни қўшганимдан ўзим ҳам хурсандман. Баҳромжон билан Гулноза ишончимни оқлаб, туппа-тузук ишлаб юришибди, оиласи хавас қилгулик. Гулнозахон яқинда декрет таътилига чиқиб кетиш арафасида. Маликахонга ўша вақтда ўзим ҳам ишонмай айтган гапларимга фаришталар “омин” деган эканми, ўтган ой иккинчи марта турмуш қурди, тўйига борсам, умр йўлдоши филиалимиз директори Раҳматовнинг оиласидан ажрашган ёшгина ўғли бўлиб чиқди. Раҳматов хўжайнимга “Малика-жуда меҳнаткаш ва муомалали қиз экан, аввалги келинимдан жуда куйган эдик, шунинг учун синаб келин қиляпмиз, зора бу сафар адаштирмаган бўлсин” дебди.

         Оилаларни асраб қолиш учун директор ёки бўлим бошлиғи бўлиш шарт эмас аслида. Атрофимиздагиларга, ака-ука, опа-cингил, қўни-қўшни, ёр-дўстлар, ҳамкасблар ва албатта, болалар тақдирига бефарқ бўлмасак бўлгани.

                                                                                                   Азиза Қурбонова

  https://t.me/usanboyeva

Report Page