РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИ ТЕЛЕКОММУНИКAЦИЯ ХИЗМАТЛАРИ ОПЕРАТОРЛАРИНИ ОГОҲЛАНТИРАДИ!

РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИ ТЕЛЕКОММУНИКAЦИЯ ХИЗМАТЛАРИ ОПЕРАТОРЛАРИНИ ОГОҲЛАНТИРАДИ!


Рақобат қўмитасига 2024 йилнинг 9 ойи давомида телекоммуникaция хизматлари бўйича 2 мингга яқин мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларни ўрганиш натижасида ортиқча олинган (ҳисобланган) 115 млн сўм маблағ истеъмолчиларга қайтарилиши таъминланди.

Мурожаатларда асосан, алоқа сифатининг қониқарсизлиги, ҳисоб-китобларнинг нотўғри юритилиши ва ортиқча қарздорлик ҳисобланиши, абонент розилигисиз қўшимча хизматларга ҳамда реклама мақсадидаги SMS хабарлар юборилаётганлиги, шу жумладан пуллик контент хизматларга улаб қўйилганлиги, қўшимча молиявий ва савдо хизматлари кўрсатишда шартнома шартларини ва товар етказиб бериш муддатларини бузилиши, хизмат нархларининг ва тариф шартларининг ўзгарганлиги (ошиши) каби муаммолар билдирилган.

Рақобат қўмитаси истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида, телекоммуникaция хизматлари кўрсатувчи субъектлар, шу жумладан, мобил алоқа операторларини ОГОҲЛАНТИРГАН ҳолда қонунчиликда белгиланган мажбуриятлари ва истеъмолчилар ҳуқуқларини эслатиб ўтади.

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг:

4-моддасига мувофиқ, истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши;

ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши;

7-моддасига мувофиқ, истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилади.

19-моддасига мувофиқ, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт.

21-моддасига мувофиқ, шартноманинг (оммавий оферта ва тариф шартларининг) истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонунчиликка зид бўлган талабларини қўлланиши натижасида истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим.

Сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.

 

23-моддасига асосан, давлат истеъмолчиларнинг товар (иш, хизмат) сотиб олиши ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартномавий муносабатларда истеъмолчи қонунчиликда назарда тутилган ўз талаблари қаноатлантирилиши учун устувор ҳуқуққа эга.

 “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 30-моддасига мувофиқ, телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш чоғида рекламани тарқатишга фақат, башарти абонент олдиндан розилик берса, йўл қўйилади.

Телекоммуникaция хизматларини кўрсатиш Қоидаларининг:

149-бандига мувофиқ, мобил алоқа хизматларини тақдим этишда хизматларнинг пуллик эканлиги тўғрисида абонентларни олдиндан хабардор қилмасдан айрим пуллик хизматлар учун тўлов ундирилган ҳолда ушбу хатти-ҳаракат кўрсатилмаган хизматлар учун ундирилган тўловга тенглаштирилади.

254-бандига мувофиқ, оператор (провайдер) абонентни алоҳида ҳақ эвазига кўрсатиладиган қўшимча телекоммуникация хизматларидан фойдаланишга мажбурлашга ҳақли эмас.

255-бандига мувофиқ, оператор (провайдер) телекоммуникациянинг битта хизматини кўрсатиш учун телекоммуникациянинг бошқа хизматларини кўрсатишни шарт қилиб қўйишга ҳақли эмас.

309-бандига мувофиқ, абонентлар:

телекоммуникация хизматлари кўрсатилмаганлиги ёки тегишли сифатга эга бўлган хизматлар кўрсатилмаслиги натижасида оператор (провайдер) томонидан етказилган зарар ўрнининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш, устидан шикоят қилиш, ҳамда маънавий зарар ўрнининг тўлдирилишини талаб қилиш;

шартномада кўзда тутилмаган ва абонент ёки фойдаланувчи томонидан талаб қилинмаган телекоммуникация хизматлари учун ҳақ тўлашни рад этиш;

унга розилигисиз тақдим этилган телекоммуникация хизматлари учун тўловни тўлашни рад этиш ва бошқа ҳуқуқларига эга.

 “Рақобат тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, устун мавқега ёки устун музокара кучига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектнинг ёки бир гуруҳ шахсларнинг пировард натижада рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатлари устун мавқени ёки устун музокара кучини суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади ҳамда тақиқланади.

Ўз навбатида, мобил алоқа операторлари ва контент хизматларни тақдим этувчи субъектларнинг ўзаро келишиб олинган ҳаракатлари натижасида истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши – устун музокара кучини суиистеъмол қилиш деб эътироф этилиши ва молиявий жаримага сабаб бўлиши мумкин.

Юқоридагиларга асосан, Рақобат қўмитаси истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини таъминлаш мақсадида, телекоммуникaция хизматлари кўрсатувчи субъектларни, шу жумладан мобил алоқа операторлари ва контент хизматларни тақдим этувчи субъектларни амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этган ҳолда фаолият олиб бориш юзасидан қатъий огоҳлантиради.

Report Page