ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ УЗАТИЛИШИ ХИЗМАТИДА ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ ҚОНУНИЙ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ
Рақобат қўмитасига республика бўйлаб истеъмолчилар томонидан коммунал соҳаси – электр таъминотига оид тушган мурожаатларнинг аксариятида электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш, рўйхатдан ўтказиш, даврий давлат қиёслови ва пломбалаш жараёнлари, шунингдек, асоссиз қарздорликларни юзага келаётгани юзасидан эътирозлар билдирилган.
Қўмита мазкур мурожаатлардаги қонунбузилиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаб, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиб келмоқда.
Наманган вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага Наманган тумани “Қўрғонча” МФЙда яшовчи фуқаро У.М хонадонига Наманган туман электр таъминоти корхонаси асоссиз 4.750.000 сўм қарздорлик ҳисоблаб, далолатнома расмийлаштирилганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Ўрганишлар давомида фуқаро уйида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қайд қилинган, аммо тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаслиги ҳақида “Қўрғонча” МФЙ маълумот бергани ҳамда бу фаолият билан шуғулланувчилар рўйхатида фуқаро йўқлиги маълум бўлди. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Наманган ҳудудий филиали Наманган туман бўлими томонидан эса нотўғри далолатнома тузилган ва бу ҳолат эса асоссиз қарздорликни келтириб чиқарган.
Мурожаатчи хонадонида фойдаланилган электр энергияси учун тузилган далолатнома қайта ҳисоб-китоб қилиниб, 4.750.000 сўм қарздорлик бекор қилиниши таъминланди.
Тошкент шаҳар мисолида
Ҳудудий бошқармага Д.У исмли шахс томонидан мурожаат келиб тушди. Унда фуқаро, ўзи истиқомат қилаётган уй рўпарасидаги 2 қаватли бинода электр таъминоти кучланиши ошиб кетганлиги сабабли, ушбу ҳудуддаги хонадонларда барча маиший техникалар ишдан чиққанлиги ва ёнғин содир бўлганлигидан эътироз билдириб, мазкур масала юзасидан амалий ёрдам беришни ва етказилган моддий зарарларни қопланишида ҳамда хатоликка йўл қўйган ходимларга нисбатан қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда чора кўриш зарурлиги сўралган.
Ҳолатга аниқлик киритилганда, “TOSHKENT SHAHAR ELEKTR TARMOQLARI KORXONASI” МЧЖ томонидан фуқаро хонадонига электр кучланиши юқори даражада етказиб берилганлиги сабабли, фуқаро хонадонидаги маиший техника воситаларига зарар етганлиги аниқланди.
Шу сабабли, ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан “TOSHKENT SHAHAR ELEKTR TARMOQLARI KORXONASI” МЧЖга нисбатан тегишли тартибда иш қўзғатилди ва электр энергия кучланиши натижасида етказилган 2 350 000 сўм миқдоридаги зарарни ундириб бериш тўғрисида қарор ва кўрсатма берилди.
Тошкент вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага Зангиота туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.Ғ. туман ҳудудий электр тармоқлари томонидан фуқаронинг ҳисобида олдиндан тўлов борлигига қарамай, май ойи учун ҳар бир ишлатилган электр энергиясига 450 сўм ва 900 сўмдан ҳисоб-китоб қилинганлигидан норозилик билдириб, май ойи учун электр энергия тўловларни 295 сўмдан қайта ҳисоб-китоб қилиб берилишини сўраб мурожаат қилган.
Мурожаат ҳудудий бошқарма томонидан ўрганиб чиқилиб, фуқаро А.Ғ.нинг май ойи учун фойдаланилган электр энергия харажатлари қайта ҳисоб-китоб қилинганда фуқаро қарздор эмас, балки ҳисобида 1 140 104 сўм олдиндан тўлов мавжудлиги маълум бўлди.
Сурхондарё вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага Термиз туманида яшовчи фуқаро Б.Тнинг қилган мурожаати келиб тушган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида, фуқаро Б.Т.га электр энергияси учун асоссиз қарздорлик ҳисобланганлиги аниқланди ҳамда мурожаатчининг ушбу электр энергияси ҳисоблагичида 554 000 сўм қарздорлиги қайта ҳисоб-китоб қилиниб, фуқаро фойдасига ижобий ҳал қилинди.
Навоий вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаролар М.Ш. ва Ш.Д.лар хонадонида ўрнатилган ҳисоблагичда электр энергияси учун асоссиз қарздорлик ҳисобланаётганлиги юзасидан мурожаат йўллаган.
Қўмитанинг ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, фуқаро М.Ш.хонадони учун 285,0 минг сўм ва Д.Ш. учун 450,0 минг сўм миқдорида ҳисобланган қарздорлик асоссиз эканлиги аниқланиб, ушбу қарздорликлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб китоб қилиниши таъминланди.
Сирдарё вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага Гулистон шаҳрида яшовчи фуқаро П.Ф.нинг электр таъминоти корхонаси томонидан
441 000 сўм миқдорида асоссиз қарздорлик ҳисобланганлиги ва ушбу қарздорликларни қонун доирасида қайта кўриб чиқиш юзасидан амалий ёрдам сўраб йўллаган мурожаатлари келиб тушди.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали томонидан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-21-моддалари талаблари бузилиши ҳолати содир этилганлиги аниқланди ва фуқарога нисбатан ҳисобланган 441 000 сўм миқдоридаги нореал қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилиб берилиши таъминланди.
Фарғона вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага фуқаро З.Х.нинг электр энергияси учун ҳисоблагич (0278081) катта фарқ билан кўп маблағ ҳисоблаётганлиги билдирилган ва ушбу масалада амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати келиб тушган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида ушбу фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, HET billing электр ҳисоб дастуридан фуқарога ортиқча ҳисобланган 197 757,0 сўм маблағ олиб ташланди.
Андижон вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага Жалақудуқ тумани “Навоий” МФЙ фуқаролари электр энергиясида фойдаланишда кўплаб қийинчиликларга дуч келишаётгани ҳақида мурожаат қилишган.
Ҳудудий бошқарма томонидан муаммо ўрганилганда мазкур ҳудуддаги симёғочлар маънан эскирганлиги, бунинг оқибатида электр симлари мунтазам узилиб қолаётганлиги ва бу ҳолатлар инсон ҳаётига хавф туғдириш даражасида эканлиги маълум бўлди.
Ўрганиш натижасида “Навоий” МФЙ ҳудудига 8 та янги, замонавий симёғочлар Жалақудуқ туман ҳудудий электр тармоқлари томонидан ўрнатиб берилиши таъминланди.
Қорақалпоғистон Республикаси мисолида
Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитасига фуқаро А.С. томонидан йўлланган мурожаатда электр энергияси меъёрдан ортиқ кучланиши хонадонидаги маиший техника товарларига зиён етказгани юзасидан мурожаат қилган.
Қўмита “HUDUDIY ELEKTR TARMOQLARI”АЖ Қорақалпоғистон ҳудудий филиали билан ҳамкорликда фуқаро хонадонида ўрганишлар ўтказилганда ҳақиқатан ҳам мурожаатда келтирилганидек, электр энергия кучланиши натижасида музлатгич, телевизор ва тикув машиналари ишдан чиққанлиги маълум бўлди.
Қўмитанинг махсус комиссияси томонидан етказилган зарар юзасидан мазкур таъминотчи корхонага нисбатан тегишли тартибда иш қўзғатилди ва электр энергия кучланиши натижасида ишдан чиққан жиҳозларнинг таъмирлашга сарфланган маблағларини қоплаб бериш тўғрисида бажарилиши лозим бўлган кўрсатма берилди.
Жиззах вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага Ғаллаорол тумани, “Гулчанбар” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро М.Л. хонадонига ўрнатилган янги электр ҳисоблаш ускунаси блокланиб қолганлигидан норозилигини билдириб мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма ҳамда электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан мурожаат ўрганилганда, фуқаро хонадонига электр ҳисоблаш ускунаси ўрнатилиши жараёнида техник хатоларга йўл қўйилгани сабабли мазкур ҳолат юзага келгани аниқланди.
Муаммо Жиззах вилояти Ғаллаорол туман электр тармоқлари бўлими томонидан жойида бартараф этилди яъни блокдан чиқарилиб, фуқаро хонадонига электр таъминоти тикланиши таъминланди.
Қашқадарё вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага Қарши туманида яшовчи фуқаро Г.Ҳ.нинг электр энергияси учун доимий тўловларни амалга оширгани аммо, асоссиз қарздорлик юзага келганлигидан бўйича йўллаган мурожаатини ўрганиб чиқди.
Ўрганишлар давомида фуқаро хонадонига ўрнатилган янги электр ҳисоблагичида айрим функцияларда камчиликлар борлиги ва унга қўшимча мосламалар ўрнатилиши зарурлиги маълум бўлди.
Натижада хизмат кўрсатувчи “HUDUDIY ELEKTR TARMOQLARI” АЖ Қашқадарё ҳудудий филиали томонидан электр ҳисоблагич қайта кўриб чиқилиб, ҳисоблагич кўрсаткичлари тўғридан тўғри дастурга узатилиши учун қўшимча равишда янги PLS модем ўрнатилиб, ҳисоблагичнинг нормада ишлаши таъминланди ҳамда асоссиз чиқарилган қарздорлик далолатнома асосида дастурдан чиқарилган.
Хоразм вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага фуқаро О.Э.нинг хонодонида электр кучланиши пастлиги сабабли маиший электр ускуналаридан фойдалана олмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати юзасидан ўрганиш ишлари ўтказилди.
Ўрганиш жараёнида электр кучланиши меъёр даражадан пастлиги ўз тасдиғини топди ва ушбу ҳолат юзасидан “HUDUDIY ELEKTR TARMOQLARI”АЖ Хоразм ҳудудий филиалига топшириқ берилди. Натижада жамиятнинг Шовот туман бўлими томонидан жойига чиққан ҳолда 0.4 кВт электр узатиш тармоғида юкламаларнии фазалараро тенг тақсимлаш ишлари бажарилиб фуқаро хонадонида электр энергиясининг кучланиши меъёр даражага келтирилиши таъминланди.