РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизматиИжтимоий тармоқларда “Денов шаҳри начальник милицияни устидан ёзгани учун олиб кетилгани айтилмоқда” сарлавҳаси остида тарқалган видеолавҳа юзасидан маълумот.
Аниқланишича, Денов шаҳар "Ўзбекистон" кўчаси 5-уйда яшовчи фуқаро И.А. 2019-йилнинг ноябрь ойида туманнинг “Намуна” маҳалласидаги фуқаролар А.А ва М.Т.ларга тегишли бўлган, ёнма-ён жойлашган 2 сотихдан жами 4 сотих ер майдонини, фуқаро А.А.га ўзига тегишли эканлигини айтиб, 45.000.000 сўмга сотган, ушбу фирибгарлик ҳаракатларини такроран давом эттириб худди шу ер майдонини 2020 йилнинг июнь ойида фуқаро В.Х.га 49.000.000 сўмга сотиб, Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноятни қасддан такроран содир этганлиги юзасидан, унга нисбатан Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов Бошқармаси терговчиси томонидан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Гумон қилинувчи И.А. бир неча маротаба терговга чақиртирилишига қарамасдан терговга келишдан бош тортганлиги сабабли, вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов Бошқармаси катта терговчисининг 2020 йил 24 декабрь кунидаги “Мажбурий келтириш” қарорига асосан, Денов тумани бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан гумонланувчи И.А. мажбурий тартибда олиб келиниши таъминланган ва мазкур жиноят иши юзасидан ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ушбу ҳаракатга аралашиб Ички ишлар органлари ходимларининг ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ қонуний талабларини бажармасликка омма олдида ҳар қандай шаклда даъватлар қилган, ички ишлар органлари ходимларига оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқариш мақсадида била туриб сохта уйдирмаларни тарқатган бошқа фуқароларнинг шахсига ҳам аниқлик киритилмоқда ва ҳолат юзасидан суруштирув ишлари олиб борилмоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати