Qur’on va sunnat

Qur’on va sunnat

Manba: www.hikmatnuri.com

Унутма, кунларнинг биёбонлигин,

Унга олгин сен ҳам ўз ҳозирлигинг!

Кунлар – инсон, кенглиги Еру Осмонча бўлган жаннат ёки аҳли мудом азоб ичидаги жаҳаннам сари ўтиб борадиган биёбондир.

Имом Муваффақ ибн Қудома (раҳимаҳуллоҳ) ўз васиятида бизларга дунёнинг ҳақиқати, унга қандай боқишимиз ва у билан қандай муомала қилишимиз кераклигини баён қилиб берадиган сатрларни ёзиб қолдирган. У ўз васиятида шундай дейди: «Аллоҳ сизга раҳм қилсин, бебаҳо ҳаётингиз ва азиз вақтингизни ғанимат билинг! Ҳаётингиз чекланган, нафасларингиз ҳисобланган, ҳар бир камаяётган нафасингиз сизнинг бир парчангиз ва умр, аслида, жуда ҳам қисқа эканини унутманг!».

Умр қанчалар узоқ бўлмасин, унинг фасллари ва йиллари қанчалар кўп бўлмасин, барибир, оздир!!

Умрнинг ҳаммаси аслида оздир,

Қолгани эса жуда ҳам оздир!

Ибн Қудома (раҳимаҳуллоҳ) умримизнинг қийматини тушунтириб шундай дейди: «Умрнинг – менинг ва сизнинг умрингизнинг – ҳар бир парчаси беназир, қимматбаҳо гавҳардир. Ушбу қисқа ҳаётнинг бадалида ё неъматлар ёки аламли азоблардаги мангу абадият бордир. Агар бу дунёни абадият мангулигига таққослаб кўрсангиз, ҳар бир нафас, йўқ бўлиш хатари бўлмаган неъматлар ичида, миллиард йилдан кўпроқ замонга тенг келишини ўрганасиз. Агар шундай бўлмаса, у неъматларнинг қадри бўлмас эди. Умрингиз гавҳарини амалсиз нобуд қилманг, бадалсиз беҳудага ўтказманг! Ҳар бир нафасингизнинг Аллоҳга яқинлашажагингиз тоат-ибодатда ўтишига тиришинг! Вақт ва замонларингизга қандай лоқайд бўласиз ва бадалсиз ўтган умрингизга қандай ачинмайсиз?!».

Ушбу олим ва имом ибн Қуддома (раҳимаҳуллоҳ)нинг мазкур сўзлари умримиз – ҳаётимизнинг, бу дунёда борлиғимизнинг ҳақиқатини билишимиз учун олдида тўхташимиз керак бўлган маёқ, ёғду ва танбеҳ ўрнидадир. Умримиз – фурсат, лутф ва инъомдир. Кунларингиз саноқли бўлиб, унга лоқайд қараманг. Кунларингизни сизга фойда келтирмайдиган беҳуда нарсаларда зое қилманг! Эзгуликсиз, тоат-ибодатсиз ва эҳсонсиз ўтган онларингизга қандай ачинмайсиз?!

Ҳар бир соатда борамиз ажаллар томон,

Кунларимиз ўтмоқда, қайтмаслар ҳеч он.

Ўлим каби ҳақиқатни ҳеч ҳам кўрмадик

Гўё умидимиз эмиш қип-қизил ёлғон!

Ёшлигинг ўтмасин ҳеч беҳуда зинҳор,

Зарарлисан қопласа сочларингни қор!

Дунёда бўлсин тақво – сенинг заҳиранг

Кунларинг саноғи кўп бўлиши душвор!

Кунларим ва кунларингиз – жуда ҳам оз, узун ва мангу эмасдир. Бу кунлар – зудлик билан ўтиб, йўқ бўладиган ҳамда банда Аллоҳ ҳузурида дуч келганида қувонадиган эзгу ёки жазоланиб расво бўладиган ёмон амалларгина қоладиган озгинадир.

Дўстлар, мўъмин учун умрининг ҳеч қиймати йўқдир. Чунки, унинг умри – охират зироатгоҳи ҳамда мўъмин охиратда мангу, завол топмайдиган неъматларни ҳосил қилиб оладиган ниҳолдир.

Саид ибн Жубайр (разияллоҳу анҳу): «Мўъмин яшаётган ҳар бир кун – ғаниматдир»– деган. Дунёга ибрат, тафаккур ва диққат билан боққан инсон ҳаётини ғанимат билиши, шубҳасиздир. Аммо вақти ва умрига эътиборсиз лоқайд одамнинг умри, аслида, қийматсиздир.

Мўъмин кеча ва кундузларини аямайди ва уларни жуда ғанимат билади. Кеча ва кундузларини Аллоҳнинг розилиги, тоат ва ибодатда, зафари, мақомларининг кўтарилиши, хатоларининг кечирилиши ва ўчирилишига сабаб бўладиган амаллар билан ўтказади.     

Улуғ тобиинлардан Бакр ибн Абдуллоҳ Музаний (раҳимаҳуллоҳ): «Аллоҳ бу дунёга чиқарган ҳар бир кун: «Ҳой Одам фарзанди, мени ғанимат бил! Шояд мендан кейин сенга бирор кун қолмагандир!», ҳар бир кеча (ҳам): «Ҳой Одам фарзанди, мени ғанимат бил! Шояд сенга мендан кейин бирон кеча қолмагандир!»– дейди»– деди.

Шунингдек, бу кунлар ва тунлар ўз ичларига олган солиҳ амаллари билан бизнинг зараримизга шоҳиддир. Барча оқил ва онгли инсоннинг умрининг ҳар бир кунини ғанимат билиши, тоат-ибодатлар қилишга шошилиши, ёшининг кичиклиги ёки ўспиринлиги алдамаслиги керак. Чунки, айрим одамлар ёшликларига қараб: «Мен билан ўлим ўртасида қанча-қанча йиллар бор!»– деб ўйлайдилар ва бу хаёл уларни солиҳ ишларни қилишларига тўсқинлик қилади. Айрим одамларнинг соч-соқоллари эса қабоҳат ботқоғида оқаради ва унга шайтон келиб: «Ёшлик чоғингни лоқайдлик билан ўтказдинг. Орқага қайтишинг учун йўл қолмади!»– дейди.

Булар – шайтонинг васвасаларидир. Имом Муслим «Саҳиҳ»ида Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ушбу ҳадисни ривоят қилган: «Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тунда кундуз куни гуноҳ қилган одам тавба қилиши, кундузда эса тунда гуноҳ қилган одам тавба қилиши учун қўлларини очади»(Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 2759). Бу, Қиёмат кунигача давом этади.

Дўстлар, умримизга шошилайлик! Ундаги Аллоҳнинг ризоси учун беллашиб, кеча ва кундузларимизни ғанимат билайлик! Чунки бу кеча ва кундузлар – катта фурсатдир!

Буни солиҳ аждодимиз – салафимиз жуда яхши билишар ва яхшиликлар учун беллашар эдилар. Уларнинг таржимаи ҳолларини ўқиб, сўзларига қулоқ солсангиз ҳайратомуз ишларни, солиҳ ишларни кўп қилишга шошилган, тақвони кучайтириш учун бел боғлаган одамларни кўрасиз. Бу ишлардаги жиддийлик шу даражага етиб борган эдики, улардан бирига: «Қиёмат эртага қоим бўлармиш!»– десангиз, ишларига бирон нарсани қўшимча қилишга имкони бўлмас эди. Чунки, уларнинг зое бўладиган ёки беҳуда кетадиган вақти йўқ эди. Ҳа, умрининг кунлари ва замонининг вақтларидан фойдаланмоқчи бўлган одам, соатлари келишидан илгари сонияларидан фойдаланади. Бу, Аллоҳ таолонинг Ўз авлиё-дўстлари ва сара бандаларини мақтаган тавсифларни тушуниб етган ўша одамларнинг ҳолати эди: «Дарҳақиқат улар (яъни мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қурқув билан дуо-илтижо қилар эдилар» (Анбиё: 90).

Мўъмин шундай шошиши, беллашиши, Аллоҳнинг тоат-ибодатида чопиб юриши керак. Шояд у, бу билан, Аллоҳнинг фазлу карами ва раҳматига эришар. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандаларидан бир қавмни: «Ана ўшаларгина (барчадан) ўзгувчи бўлган ҳолларида яхшиликлар қилишга шошадилар» (Мўъминун: 61)– дея мақтади. Улар яхшилик қилишдан қуруқ қолмаслик, марҳаматга етиша олмаслик ёки бирон бир яхшиликдан орқада қолмаслик учун шошилар эдилар. Улар Аллоҳ таоло айтганидек, яхшилик қилиш учун шошилар эдилар: «Бизга рағбат ва қурқув билан дуо-илтижо қилар эдилар» (Анбиё: 90).

Абдуллоҳ ибн Муборак (раҳимаҳуллоҳ): «Солиҳ одамларнинг нафслари ихтиёрий равишда уларни яхшилик қилишга ундарди»– деди. Абдуллоҳ ибн Муборак (раҳимаҳуллоҳ)нинг ушбу сўзлари салаф – солиҳ аждодимизнинг тоат-ибодатларга интилиш ва эзгу ишларни ҳеч бир монеъсиз қилишга қанчалар ҳаракат қилганларини баён қилиб бермоқда. Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ шундай деди: «Солиҳ кишиларнинг нафслари уларни ихтиёрий равишда яхшилик қилишга ундарди. Бизнинг нафсимиз эса мажбурласакгина, яхшилик қилишга ундамоқда!!»– деди. Яъни нафсимиз Аллоҳнинг тоатига мажбурласакгина бўйинсуниб, мажбурласакгина яхшиликни қабул қилмоқда.

Ибн Муборак (раҳимаҳуллоҳ) сўзида давоб етиб: «Биз нафсимизни мажбурлашимиз, Аллоҳнинг тоат-ибодатини қилишга зўрлашимиз керак»– деди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Имом Муслим ривоят қилганидек, «Жаннат қийинчилик, жаҳҳаннам эса шаҳват-майлликлар билан ўралгандир».

Дўстлар, биз нафсимизни Аллоҳнинг тоат-ибодатига чиниқтириб тарбиялашимиз, жиддийликка ўргатишимиз, Аллоҳ таоло олқишлаган ва ғолиблигини баён қилган бандаларнинг таржимаи ҳолларига нигоҳ ташлашимиз керак. Чунки Аллоҳ таоло ҳар ҳолатимиз ва замонимизда ибодатлар қилишга буюриб шундай деган: «Эй мўминлар, рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Роббингизга ибодат қилиб, яхшилик қилингиз, шоядки нажот топсангизлар» (Ҳаж: 77).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло рукуъ, сажда ва бошқа ибодатларни қилишга буюрганидан сўнгра, яхшилик қилишга амр қилди. Бу, Аллоҳ таолонинг бандаларининг ҳаётлари давомида ибодат билан машғул бўлиб қолишлари учун амрдир. Зеро инсон, ўз нажотининг қаерда ва қачон бўлишини билмайди. Шунинг учун у (савоблар қилиш учун) шошилиши ва беллашиши керак. Чунки Аллоҳ таоло умрни ғанимат билаш ва ажал келишидан илгари шошилишга амр қилди: «(Эй инсонлар), Роббингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз! Бу (яъни ваъда қилинган мағфират ва жаннат) Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этади. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Ҳадид: 21).

Ҳурматли дўстлар, Аллоҳ таоло Аллоҳ сари юришимиз ва сафаримизда лоқайдлик ва бўшашиб боришимизга рози бўлмади. Балки, У томон чопиб, (савоблар билан) тез боришимизни талаб қилди ва айтди: «(Эй инсонлар), Роббингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз! Бу (яъни ваъда қилинган мағфират ва жаннат) Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этади. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Ҳадид: 21).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло: «Ва Роббин­гиз томонидан бўлғувси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган (эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган) жаннатга шошилингиз!» (Оли Имрон: 133)– деди.

Аллоҳим, бизларни тақводор қулларинг қаторида қил!

Ҳурматли дўстлар, Аллоҳ таоло Қуръонининг кўпгина жойида одамларнинг турмуш тарзлари, амаллари ва бу дунёда ўзлари учун манфаатли бўлган нарсаларга интилишларида фарқли бўлишларини баён қилди. Аллоҳ таоло хулоса ўлароқ: «Ҳар кимнинг ўз юзланадиган тарафи бор»(Бақара: 148)– деди.

Яъни, ҳар кимнинг охиратини тузатиш ва дунёсини обод қилиш учун ҳаётида босиб ўтадиган йўли бор. Бироқ, барча солиҳ, мўъмин ва нажотни излаган одамлар қилиши керак бўлган нажот берувчи нарса, Аллоҳ таоло хабар берган энг яхши тарафдир. У – Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Юзи қасд қилинган тарафдир. Аллоҳ таоло айтди: «Ҳар кимнинг ўз юзланадиган тарафи бордир. Бас, яхшиликлар учун шошилингиз!» (Бақара: 148). Яъни, яхшиликларни кўп қилиш, уларга эришиш ва уларни қўлдан чиқармаслик учун шошилингиз!

«Ҳар кимнинг ўз юзланадиган тарафи бор. Бас, яхши ишларга шошилингиз! Қаерда бўлманг, Аллоҳ сизларни (ҳисоб-китоб) учун келтиради. Албатта Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир» (Бақара: 138).

Аллоҳ таоло бизни яхшиликларни қўлдан қочирмай қилиб қолиш, унга шошилишга амр қилди. Чунки, одамзод бу дунёда яшашга давом этар экан, унинг ғояларига эришиши олдида тўсиқ бўлган адоватлар ҳам тайёрлаб қўйилган. Бу ғояларга Аллоҳ муваффақ ва ҳимоя қилганларгина ета оладилар. Чунки шайтон мақсадини айтиб, ўзига шундай сўз берган:

«У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтираман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздираман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан»» (Аъроф: 16, 17).

Шундай қилиб, Шайтон, бизни барча савоб иш ва яхшиликлардан тўсиш, бизга барча ёмонликни чиройли қилиб кўрсатиш ҳамда турфа разилликларга чорлаш учун, ўз аҳдини олди. Бу душман бизга қарши панада турибди. Яхшилик йўлларининг бошида бизни тўсиш, разалот йўлларининг бошида эса бизни унга рағбатлантириш ва у йўлларни безаб кўрсатиш учун шай турибди. Оқил – Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло шайтоннинг макру ҳийласи ва ёмонлигидан сақланишга муваффақ қилган одамдир. Аллоҳ таолога Аллоҳнинг раҳмат даргоҳидан қувилган шайтоннинг нафаслари, ҳийлалари ва ёмонликларидан сиғинамиз! Аллоҳ бунга лойиқ ва улардан ҳимоя қилишга Қодирдир!

Ҳурматли дўстлар!

Аллоҳнинг савоблари учун беллашадиган қилиб қўйиши, Аллоҳнинг бизга бўлган шафқатидандир. Бундан ташқари, Аллоҳ бизга савоб ва эзгулик, беллашув ва фазилат мавсумлари, Аллоҳ сари беллашиш, Унинг розилиги учун шошилиш майдони қилиб қўйди.

Аллоҳ Ўз ҳикмати ва раҳмати билан замон кунларидан мавсумлар яратди. Бу мавсумлар, Аллоҳнинг тоатига шошиладиганлар учун энг яхши мавсумдир. Бу мавсумларни Аллоҳ ўз раҳмати билан йилнинг боши, ўртаси ёки охирида бутун-яхлит эмас, балки замон кунларига бўлди. У мавсумлар, Аллоҳ томон сафарда одамлар тўхтаб, ғоя ва мақсадларга ета олишлари, Аллоҳнинг фазлу раҳматига эришишлари учун эҳсон ва эзгулик каби озиқлар олишадиган бекатлардек, дурлар мисоли сочиб қўйилди.

Онгли, оқил инсон бу бекатлардан яхшиликларни кўп олади. Биз олис юрт ёки чексиз чўлларга отланар эканмиз, йўлдаги бекатлардан керакли эҳтиёжларимизни, ҳатто, зарур бўлиши эҳтимол бўлган ва бирон бир монеълик чиқиб қолишидан қўрққанимиз эҳтиёжларни ҳам таъминлаб олишга ҳаракат қиламиз. Шундай экан, чақалоқларнинг ҳам сочларини оқартириб ташлайдиган даҳшатларга тўла ва (қўрқувдан) жонлар ҳалқумга келадиган сафарга қандай тайёргарлик кўрмайлик?!! Зотан Аллоҳ таоло ҳар биримиз: сиз ва мен, отам ва отангиз, онам ва онангиз, акам ва акангиз ўтиб борадиган йўл ва даҳшатлари олдида тўхтайдиган у кунни қуйидагича тавсифлайди: «Уни кўрар кунингизда эмизаётган (оналар) эмизиб турган (боласини) унутар ва барча ҳомиладор (аёллар) ўз ҳомиласини ташлаб юборар, одамларни маст-аласт ҳолда кўрасиз, ҳолбуки улар ўзлари маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир» (Ҳаж: 2).

У – барчамиз ўтиб борадиган ўта даҳшатли бекатдир: «Қачон Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан ларзага тушганида. Ва Ер (ўз бағридаги хазинаю дафиналардан ва инсон жасадларидан иборат) «юк»ларини (юзага) чиқариб ташлаганида. Ва (ҳаётлик пайтида қайта тирилишни инкор қилгувчи бўлган) инсон (қайта тирилганидан даҳшатга тушиб: «Ерга» нима бўлди ўзи?) деб қолганида…» (Залзала: 1 – 3). У, бу сўзларни Ернинг бошига бирваракайига келган, унинг бирон тарафи ёки бўлагини қўймаган, балки уни ҳар томонлама қамраб олган зилзиланинг буюклигидан ҳайратланиб айтади.

Сўнгра «юклар» чиқади. Юклар нима! Ерни тўлдирган мурдалар! Яна Ер ичидан дафиналар ва Аллоҳ омонат қўйган бошқа нарсалар чиқади. Аллоҳ бу даҳшатли кунда уларнинг чиқишига изн беради.

У даҳшатлар – бу дунёда, қабрда, маҳшарда, Сиротдан ўтаётганда, ҳатто одамзод жаннатга – Аллоҳдан бу марҳаматини сўраймиз! – ёки буюк даҳшатлар, даста-даста ўтинлар макони – жаҳаннамга барқарор ўрнашгунича давом этади. Аллоҳдан жаҳаннамдан қутқаришини сўраймиз!

Бу сафар тайёргарлик кўришимизга лойиқ эмасми?

Бу – катта машаққат ва даҳшатларга тўла олис сафар, яхшилик ва эзгулик мавсумида, ҳатто ҳаётимиз давомида озиқ олишимизга ярамайдими?

Ҳа, мўъмин банда бир давлатдан бошқасига қиладиган сафари учун тайёргарлик кўрганидек, Аллоҳ томон қиладиган сафари учун ҳам тайёргарлик кўриши керак. Мўъминни сафарга тайёрлайдиган ва сафари учун олиши керак бўлган озиқ, унинг солиҳ амал билан таъминланишидир. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло эзгулик мавсумларидан бирини зикр қилар экан шундай деган: «Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир. (Яъни Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойининг ўн куни). Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди. Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади. Ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Энг яхши озуқа (яъни ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) Аллоҳдан қўрқишдир» (Бақара: 197).

Аллоҳ таоло эзгулик ва Аллоҳга яқин бўлиш мавсумларидан бирини айтиб ўтди. У ҳам бўлса, ҳаж ойларида Аллоҳнинг Уйини қасд қилишдир. Сўнгра, у мавсумда мўъмин қилиши лозим бўлган нарсаларни баён қилиб, барча яхшиликларни кўп қилишга чақирди ва: «Сизлар нима яхшилик қилсангизлар Аллоҳ уни билади»– деди. Кейин эса озиқ олишга буюрди. Озиқ эса, сафарга отланиб кўчмоқчи бўлган мусофир учунгина керак бўлади: «Озиқ олинглар! Дарҳақиқат, озиқларнинг энг яхшиси – тақводир!». Аллоҳим, Сенга дуч келиш учун ушбу озиқ билан таъминланишга бизларни муяссар қил!

Азиз дўстлар!

Банданинг Аллоҳ ҳузурига ўзи билан бирга олиб борадиган нарсаларнинг энг яхшиси – солиҳ амалдир. Солиҳ амал билан орзулар ушалади. Солиҳ амал – қабрда дўст бўлади. Маҳшар майдонида солиҳ амал ўзининг турфа турлари ва шакллари ила банда билан бирга бўлади. Қиёмат кунида бандаларнинг даҳшати, ўзлари билан бирга бўлган солиҳ амал миқдорига қараб бўлади.

Уларнинг амаллари солиҳ бўлса, даҳшатлар ўраб олсада, бу амаллар уларга қарши туришга ёрдам беради. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари далил бўла олади:

«Мўъмин Қиёмат кунида садақасининг соясида бўлади» (Аллома Албоний «ас-Силсилатус-Саҳиҳа», ҳадис № 3484);

«Қуръон ўз соҳибларини ҳимоя қилиб келади» (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 804).

Солиҳ амаллар – одамзоднинг ҳалокатли жойлардан ҳимояланадиган энг катта қалқонидир!

Солиҳ амаллар – қоқилганда ёки ҳалокат чуқурларига тушганда суяниладиган суянчиқларнинг энг яхшисидир!

Азиз дўстлар, Аллоҳ таоло солиҳ амаллар учун, уларга эътибор ва диққат талаб қилинадиган мавсумлар қилиб қўйди. Чунки у мавсумлар – баракалар ва иззат-икромлар мавсумидир. Аллоҳ таолонинг замон кунлари ва инсонлар ҳаётида баракалари борки, унга Аллоҳ хоҳлаган бандаларгина эриша оладилар. Оқил – дарвозани тинмай қоққан ва бу раҳматларни, шояд эришарман деган умидда мудом излаган ва унинг дунё ва охиратидаги бахт-саодатига сабаб бўлган одамдир.

Хайрли ишлар ва фазилатли вақтлардан ғафлатда қолган одам – фойда ола олмаган ва нажот тополмаган, кўп ва улкан яхшиликлардан қуруқ қолган одамдир.

Дўстлар, савобларнинг катта мавсуми, замон ва умр кунларининг энг хайрлиси – биз турган ўн кунлардир. Аллоҳ таоло зул-ҳижжа ойининг бу ўн кунлари – замон айёмларининг энг яхшисига, ушбу оятида қасам ичгандир: «Тонгга ва ўн кечага қасам…» (Фажр: 1, 2).

Муфассирларнинг бир гуруҳи, бу ўн кечанинг маъноси «зул-ҳижжанинг ўн кечаси экани»ни уқтирганлар.

Илм аҳллари: «Зул-ҳижжанинг биринчи ўн куни афзалми ёки рамазоннинг охирги ўн куними?» деган саволга турлича жавоб берганлар. Сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай ривоят бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ учун ушбу ўн кундан кўра солиҳ амаллар қилинадиган бошқа суюкли кун йўқдир»– дедилар. Саҳобалар: «Ҳатто Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам-ми?!»– деб савол берганларида: «Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам! Бироқ, жони ва моли билан чиққан ва улардан бирон нарсани олиб қайтмаган одам бундан мустасно»– деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 969; Термизий «Сунан», ҳадис № 757. Лафз Термизийники).

Ушбу ҳадис бизга бу кунларнинг катта ўрни, замоннинг энг яхши кунлари экани, бу кунлардаги солиҳ амал инсон жони ва моли билан саломат қайтадиган Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан ҳам яхшироқ эканини баён қилмоқда.

Ҳурматли дўстлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ўн куннинг олий мақомлари ва буюк мартабаларини баён қилиб бердилар. Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) «Саҳиҳ»ида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг ушбу ривоятини келтирди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Бошқа) кунлардаги амал бу кунлардагидек афзал эмас»– дедилар. (Яъни, зул-ҳижжанинг ўн кунларидек). Саҳобалар: «Ҳатто Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам-ми?!»– деб савол берганларида: «Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам! Бироқ, жони ва молини хатарга қўйган ва улардан бирон нарсани олиб қайтмаган одам бундан мустасно»– деб жавоб бердилар».

«Хатарга қўйган»: Аллоҳ йўлида ўлиб, шаҳид бўлиш тилагида чиққан ва шаҳидликка эришган6 қони тўкилган, тулпори чопилган ва оиласига бирон нарсаси билан қайтмаган. Шу амалгина бу кунларда (зул-ҳижжанинг биринчи ўн кунида) қилинган амалдан кўра афзалроқдир.

Аммо бундан бошқа жиҳод турлари, фазилатда бу кунлардаги солиҳ амалдан кўра қуйироқдадир. Чунки, Имом Аҳмад яхши санад билан Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг наздида бу ўн кунлардан кўра муаззамроқ кун ва Аллоҳга бу кунлардаги солиҳ амал каби суюклироқ амал йўқдир»– дедилар.

Бу – шу кунларда амал қилиш учун шошилиш ҳамда солиҳ амал билан жиҳод қилишни ўз ичига олади. Аслида жиҳод ҳам энг шарафли солиҳ амаллардан ҳисобланади. Шундай бўлсада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Жиҳоднинг тенгги ёки жиҳодга яқин бўлган бирон амал борми?»–  деб сўралганида: «Тенгги йўқ»– деб жавоб берган бўлсаларда, бу кунлардаги солиҳ амал тайинланмаган жиҳоддан кўра яхшироқдир.

Сабаби, солиҳ амалнинг мавсумлари бор. Бир мавсумда жиҳод афзал бўлса, бошқа мавсумда бошқа солиҳ амални қилиш афзал бўлади. Бу кунларда қилинадиган солиҳ амалларнинг энг яхшиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, Аллоҳни кўп зикр қилишдир. Келгусида бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтамиз.

Дўстлар, зул-ҳижжанинг ўн кунини Аллоҳ таоло қуйидаги оятда «маълум кунлар» деб атади: «… ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келадилар)» (Ҳаж: 28).

«Маълум кунлар», Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ва бошқа муфассирлар айтганларидек, зул-ҳижжа ойининг ўн кунидир.

Дўстлар, зул-ҳижжанинг ўн куни ичида Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Каъбатуллоҳни қасд қилган мўъмин ва мусулмонлар учун хослаб қўйган фазилатли ва буюк кун бордир. Аллоҳ таоло Арафот тоғидагиларга яқинлашади ва улар билан фаришталарга мақтанади. У кунда лутф, карам ва савоблар кўп бўлади. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ушбу ҳадис бор: «Аллоҳ таолонинг Арафа кунидек жаҳаннамдан кўп қулларни озод қиладиган бошқа кун йўқдир» (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 1348).

Арафа – жаҳаннамдан кўп қуллар озод бўладиган кундир. Бу – Аллоҳнинг лутфидир. Аллоҳ таолодан бу лутфидан ҳамда бизни, қилган ёмон амалларимиз ва камчиликларимиз сабабли, эҳсону марҳаматларидан маҳрум қилмаслигини сўраймиз.

Азиз дўстлар, зул-ҳижжанинг ўн куни, ичидаги мана шу кун боис, бошқа кунлардан афзал бўлди. Чунки, бу кунда Аллоҳ Ўз динини тамомига етказди: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).

Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Бир яҳудий менга: «Сизлар бир оятни ўқийсизлар. Агар у оят биз (яҳудий)ларга тушса эди, (у тушган кунни) ўзимиз учун байрам қилиб олар эдик. – Яъни, у кундаги фазилат, эзгулик ва Ислом Умматига бўлган марҳамат сабабли байрам қилиб олар эдик – У: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3) оятидир»– деди. Мен унга: «Мен у оятнинг қачон ва қаерда нозил бўлгани, унинг нозил бўлаётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаерда турганларини ҳам жуда яхши биламан. У (кун) – Арафа куни эди. Мен ҳам Арафотда эдим»– дедим».

Яъни, бу оят ўша муаззам жамоат тўпланиб турган жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган эди. Ушбу гавҳар нозил бўлган ва Аллоҳ таоло шу кун учун хослаган бунчалар марҳамат бўлар экан, бу кунлар нега замоннинг энг яхши кунлари бўлмасин?!

Ҳурматли дўстлар, бу ўн кунлар ичида Аллоҳ таоло айтган катта ҳаж куни ҳам бор: «Ва (ушбу) Аллоҳ ва Унинг пайғамбари томонидан одамларга катта ҳаж кунида (яъни қурбон ҳайити кунида) Аллоҳ ва унинг пайғамбари мушриклардан безор эканлигини билдиришдир» (Тавба: 3).

Бу ўн кунлар ичида ўнинчи кун – Қурбон ҳайити ҳам бордир. Бу кунда Аллоҳ таоло ширк ва мушриклардан безорлигини эълон қилган. Бундан ташқари, бу кунда бошқа фазилат ҳам бор. У ҳам бўлса, жонлиқ сўйиб яқинлашиш билан Аллоҳнинг қонунларидан бири улуғланади. Аллоҳ таоло айтди: «(Байтуллоҳда қурбон қилинадиган) туя-молларни Биз сизлар учун Аллоҳ қонунларидан қилдик. Сизлар учун уларни (қурбон қилишда) яхшилик бордир. Бас улар (сўйиш учун) тизиб қўйилган ҳолларида Аллоҳ номини зикр қилингиз. Энди қачон ёнбошлари билан тушганларида (яъни жон таслим қилганларида), улардан (ўзларингиз ҳам) еяверинглар, (бировдан бир нарса сўрамайдиган) қаноатли кишига ва (муҳтож) тиланчига ҳам едиринглар» (Ҳаж: 36).

Ҳурматли дўстлар, бу кунда Аллоҳ таоло улуғланади, Унга турли ибодатлар билан яқинлашилади. Аллоҳ таоло айтди: «Аллоҳга (қилган қурбонликларингизнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин у зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар» (Ҳаж: 37).

Бу кун – Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони улуғлаш кунидир ва у, замонларнинг энг яхши куни бўлишга лойидир!

Азиз дўстлар, зул-ҳижжанинг ўн куни – Ислом рукнлари жам бўладиган кунлардир. У кунлари Аллоҳнинг зикри билан таҳлиллар айтилади, намозлар ўқилади, рўза тутилади ва ҳаж қилинади. Буларнинг барчаси шу кунларда машруъ бўлган ибодатлардир: «Аллоҳ учун ушбу кунлардан кўра солиҳ амаллар қилинадиган бошқа суюкли кун йўқдир» (Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 969; Термизий «Сунан», ҳадис № 757). Яъни, зул-ҳижжанинг биринчи даҳаси.  

Дўстлар, Аллоҳ таоло Ислом аҳли учун лутф қилган ушбу серҳосил мавсум ва бу муаззам марҳамат ичида яшаган, бироқ, Аллоҳ таъминланишга буюрган энг яхши озуқа – тақво озуқасидан бебаҳра одам, ҳақиқатан заволли одамдир. Имом

Шофиий шундай дейди:

Ухлаганлар ғарқ бўлса уйқуларига,

Уларга боқардим, олиб кўп ибрат.

Ўқирдим пурмаъно шеърлар ичидан

Шодага тизилган латиф икки байт:

«Кечаларим ўтса хайру эҳсонсиз

Ва ҳисоблансалар умримдан ҳар он.

Айтинг, менга, ҳой оқил инсонлар,

Эмасми охиратда бошимга зиён!».

Имом Шофиий (раҳимаҳуллоҳ) айтган сўзлар, хос фазилати ёки устунлиги бўлмаган кечалар ҳақидадир. Шундай экан, замон айёмлариниг энг яхшилари ҳақида нима дейиш мумкин?! У айёмларнинг солиҳ амалларсиз ва тоат-ибодат билан безанмай ўтиши ва уларни шундай кузатиб қолиш катта зиёндир. Аллоҳ таоло айтди: «Аср (вақти)га қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир» (Вал-аср: 1, 2). Бу – Аллоҳ таоло зикр қилган тўрт сифат билан саломат бўлган одамдан ташқари барча одамлар учун берилган ҳукмдир: «Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар)» (Вал-аср: 3).

Шу тўрт сифат билангина нажотга эришишингиз мумкин. Бу кунларда у хислатларни кўп олишга тиришинг! Аллоҳга бўлган иймонингизни ва солиҳ амални амалга оширинг! Мўъмин биродарларингиз билан ҳақиқат ва Аллоҳга итоат қилиш, маъсиятлардан сақланиш ва Аллоҳнинг аламли тақдирларига сабр қилишга васиятлашинг! Шундагина зиёнлардан қутиласиз: «(Барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар)» (Вал-аср: 2, 3).

Ҳурматли дўстлар, бу – инъомдир. Ҳа, инъомдир. Бу – Аллоҳ таолонинг сизни яхшилик ва эзгуликлар мавсумига етказиш учун марҳаматидир. Холид ибн Маъдон (раҳимаҳуллоҳ): «Агар бировингиз қаршисида яхшилик дарвозаси очилса, унга шошилсин. Чунки у, қачон ёпилишини билмайди!»– деди. 

Қандай пурмаъно, қандай ибратли ва қандай ўгитчи жумла: «Агар бировингиз қаршисида яхшилик дарвозаси очилса, унга шошилсин. Чунки у, қачон ёпилишини билмайди!». Биз бу васиятни Аллоҳга тоат-ибодатда, бизни Аллоҳга яқинлаштирадиган нарсаларда ишлатсак, кошки эди. Чунки, одамлар қаршиларида очилган дунёвий яхшиликларнинг дарвозалари сари бир-бирларини оёқ ости қиладигандек, бир-бирларининг ҳақларини тортиб олмоқчи бўлгандек, арзимас ва ўткинчи неъматлар учун беллашиб чопадилар. Нега бу васиятга амал қилмайлик? Ахир кўплаб одамлар Аллоҳга итоат қилишга ёндошмай қўйдилар. Улар Аллоҳга ибодат, Аллоҳга яқинлаштирадиган амаллар қилиш учун чопмаяптилар. Бу – энг катта зиёндир!

Обид салафлардан бири бўлган Ҳаддоб (раҳимаҳуллоҳ)нинг шундай дегани ривоят қилинган: «Менинг кўзларим, Каъбани йиғлаб тавоф қилётган ва шундай деяётган одамга тушди:

«Арш соҳибидан сўра юракда бор барча тилакларингни

У Каримдир, Сахийдир бўш қайтармас тилаганнинг қўлларини».

Ҳаддоб (раҳимаҳуллоҳ) Каъбани йиғлаб тавф қилаётган ушбу одамни тўхтатиб: «Нега йиғлаяпсиз? Сизга нима бўлди? Бу йиғининг сабаби нима? Бу йиғи билан умид қилишга сизни нима мажбур қилди?»– деб савол берди.

Одамга гоҳо умид етарли бўлиб, йиғламайди. Гоҳида юрагини хавф қамраб, қалбидаги умидни сўндиради. Бу одам эса, мўъминнинг Аллоҳ томон юришида икки қаноти бўлган икки васфни, Аллоҳнинг марҳамати ва эҳсонига бўлган умидни жамлади ва: «Арш соҳибидан умид қил!»– деди. Яъни, «Сен Аллоҳдан хоҳлаган нарсангни умид қилавер. У тилаганни ноумид қўймайдиган Саховатли, Жўмарддир!».

Бу одам амал қилишга тиришди. Унинг умидига ажралмас қўрқув ҳам ўртоқ бўлди ва кўз ёшларини оқизди. Бу қўрқув, у одамнинг ҳузурини олган эди. Ҳаддоб (раҳимаҳуллоҳ): «Сизга нима бўлди?»– деб ҳайрат ичида сўради. У одам: «Ҳолим жуда ҳам чатоқ. Мени яхшилик қилишга чорланган эди, уни тўкис бажара олмадим! Яхшиликка етиша олмадим!»– деди.

Яхшилик мавсумларига етсада, яхшилик учун ҳаракат қилмаган одам яхшилик, солиҳ амални кўп тўплай олмайди. Энг яхши озуқа билан таъминлана олмайди. Чунки у, ўзи чорланган ва рағбатлантирилган нарсани тўкис қила олмади.

Дўстлар, шунинг учун ҳам, ўз жонимизни койишимиз керак. Чунки, биз Аллоҳнинг фазлу карами ва мағфирати билан ўзимизни кўп алдамоқдмиз. Тўғри, Аллоҳ авф этувчи, мағфират қилувчи ва марҳамат соҳибир. Бироқ Аллоҳнинг Ўзи шундай демоқда: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бандаларимга ёлғиз Менинг Ўзимгина мағфиратли, меҳрибон эканлигимни ва Менинг азобим энг аламли азоб эканлигини хабар қилинг!» (Ҳижр: 49, 50).

Демак, Аллоҳ таолонинг азоби Аллоҳнинг раҳмати билан ёнма-ёндир. Биз, сафаримиз дуруст ва амалимиз тўкис бўлиши учун, Аллоҳнинг азобини унутмаслигимиз керак. Биз, мўъминни, Охират ишларига жўштирадиган умид ва гуноҳлардан тўхтатадиган, разилликлардан узоқлаштирадиган, Аллоҳга буюрган ва таъқиқлаган нарсаларида итоат қилишга ундайдиган қўрқувни ўзида жамлашига чақирамиз.

Ҳурматли дўстлар, бизнинг солиҳ аждодимиз – салаф солиҳ эзгу ишларга ва барча турдаги яхшиликларни қилишга шошилишар ва солиҳ амалларни кўп қилишар эди. Улардан бирини бир пайтнинг ўзида муаллим, ўқувчи, олим, даъватчи, рўзадор, закот берган, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчи эканини кўрасиз. Улар яхшиликнинг барча хислатларини ўзларида жам қилган эдилар. Шундай бўлсада, улар ўзларидан бу яхшиликларнинг қабул қилинмай, ўзларига қайтарилиши, амаллари ёки қалбларига бу яхшиликларни бузиб ташлайдиган бирон нарса кириб қолиши хавфи билан яшар эдилар. Улар Аллоҳ таоло айтганидек эдилар: «(Камбағал-бечораларга) берган садақаларини (қиёмат кунида ҳисоб-китоб учун) Роббиларига қайтгувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган холда берадиган кишилар» (Мўъминун: 60). Улар савобли ишлар ва анвои турдаги ибодатларни қиладилар, бироқ ғурурланмайдилар ва қилган амалларига суяниб қолмайдилар. Балки улар яхшилик ва тоат-ибодат қилиш учун беллашадилар, Аллоҳга яқинлаштирадиган амалларни қилиш учун тиришадилар. Бу, уларнинг ёшлик ёки қарилик ёхуд умрларининг маълум бир пайтларида эмас, балки ҳаётлари давомида кундузлари ва кечаларида мудом давом этади Улар Аллоҳ сари, Аллоҳнинг Китобидаги савоблар томон шошиладилар, Ундаги таъқиқларга итоат этиб, уларни қилмайдилар.

Суфён Саврий (раҳимаҳуллоҳ): «Қуёш ботиш тарафидан балққани маҳал, фаришталар саҳифаларини беркитади ва қаламларини қўяди»– деди. Чунки, фаришта банданинг амалларига муҳр босади-да, бундан сўнгра қилинган бошқа эҳсон ва илгари қилинган гуноҳлар учун тавба қабул қилинмайди. Суён (раҳимаҳуллоҳ) одамни бошига у кун келишидан аввал ҳаракат қилиши учун ҳимматларни қайраб шундай дейди: «Мўъмин, кучи етмай қолишидан илгари, солиҳ амалларни қилишга шошилиши керак».

Масжидларда мусулмонлар билан бирга намоз ўқиш иштиёқидаги қанча-қанча инсонлар борки, у ерга келишларига касаллик ёки бирон бир айб тўсиқ бўлмоқда. Мўъмин, кучи етмай қолишидан илгари солиҳ ишларни қилиб қолишга шошилиши керак. Суфён (раҳимаҳуллоҳ) сўзида давом этиб шундай дейди: «У билан солиҳ амал ўртасини касаллик ёки ўлим, ёхуд ундан амални қабул қилинмаслигига сабаб бўладиган айрим оятлар билан тўсиб қўйилади».

Ҳурматли дўстлар, биз баракали мавсумда, Аллоҳнинг тоат-ибодатига шошилган банда учун бериладиган мўл неъмат ва савоблар пайтидамиз. Бу ойда Аллоҳга яқин бўлинадиган ва банданинг бу кунларда тақдим этган нарсаларининг энг афзали – Аллоҳнинг зикридир-ки, Аллоҳ таоло айтганидек, у билан қалблар ором олади: «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олади»(Раъд: 28). Мўъмин, тил ва дилдаги Аллоҳнинг зикри билан нафсини шуғуллантириши ва замонини обод қилиши керак. Чунки, қалбларнинг ўзидаги моғорлик ва касаликлардан тузалиши учун энг яхши даво – Аллоҳнинг зикридир.


Report Page