Qur’on va sunnat

Qur’on va sunnat

Manba: www.islamnuri.com

Гуноҳу маъсиятлар инсоннинг иймонига ҳам, жисми-жонига ҳам ёмон таъсир кўрсатади. Шундай экан, нафсни поклашга, уни тоатлар ва солиҳ амаллар билан қувватлантиришга, гуноҳу маъсиятлардан узоқлаштиришга аҳамият бериш ҳам нафснинг ўз соҳиби устидаги ҳақларидандир. Инсон руҳ ва жасаддан иборат, улардан ҳар бирининг ўз эгаси устида ҳақлари бор. У иймонини ҳам жисмини ҳам саломат ва кучли бўлишига аҳамият қаратиши лозим, шунда иймоний ҳамда жисмоний куч-қувват такомиллашади ва инсоннинг яратилишидан бўлган ғоя-мақсадни амалга оширишга интилади

Аллоҳ таоло айтади:

«Энди ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида Қиёмат Куни маҳшаргоҳда) Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва У зотга ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса, у ҳолда фақат жаннатгина (унинг учун) жой бўлур» (Ван-назиот: 40,41).

«Судхўр бўлган кимсалар (Қиёмат Кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар» (Бақара: 275).

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Энг афзал жиҳод қайси?» деб сўраган эдим: «Аллоҳ йўлида нафсу ҳавоингга қарши жиҳод қилишинг» деб жавоб бердилар[3] (Ибн Мулла «Амолий»да, Абу Нуайм «Ҳиля»да, Дийламий ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1496).

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Огоҳ бўлинглар, инсон танасида бир парча гўшт бор, агар у яхши бўлса, бутун тана яхши бўлади, бузилса, бутун тана бузилади. У қалбдир!»[4] (Абу Довуд, Таёлисий ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2708).

Абдуллоҳ (ибн Масъуд) розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Гуноҳ қалбларга таъсир қилувчи нарсадир, бир бор кўз ташлаб қўйишда ҳам шайтон учун умидворлик пайдо бўлади» (Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2613).

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Фитналар қалбларга бўйра (тўқилгандаги) қамиш новдалари каби бирин-кетин кўндаланг бўлаверади. Бирон фитна қайcи бир қалбга кириб ўрнашиб олcа, бу қалбда битта қора нуқта пайдо бўлади. Қай бир қалб уни инкор қилса, унда битта оқ нуқта пайдо бўлади. Бориб-бориб қалблар икки турлига ажралади: биринчиси силлиқ тош каби оппоқ қалб бўлиб, унга модомики осмонлару ер турар экан, бирон бир фитна зарар етказолмайди. Иккинчиси тўнкарилган қумғон каби қоп-қора қалб бўлиб, на бир маъруфни тан олади ва бир мункарни инкор этади. Фақат ҳавои-нафcига ўрнашиб қолган нарcанигина тан олади» (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Банда бир гуноҳни қилса, унинг қалбида битта қора доғ пайдо бўлади. Агар ундан тийилиб, истиғфор айтса ва тавба қилса, қалби тозаланади. Агар яна гуноҳ қилишга қайтса, доғ кўпайиб, охир оқибат бутун қалбини қоплаб олади. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида айтилган қоплаб олишдирки: «Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилишган гуноҳлари (занги) қоплаб олгандир!» (Мутоффифун: 14). (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2654).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ кимни икки жағи ва икки оёғи орасидаги нарсанинг[5] ёмонлигидан сақлаган бўлса, у одам жаннатга киради» (Термизий ривояти: Ас-силсилатус-саҳиҳа: 510).

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда: «Ҳаром билан тўйинган жасад жаннатга кирмайди» (Абу Яъло ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2609).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳаромдан униб-ўсган эт жаннатга кирмайди, ҳаромдан унган ҳар бир эт дўзахга лойиқдир» (Аҳмад, Доримий, Байҳақий ривоятлари).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Абу Бакрнинг бир ғуломи унга хирож бериб турарди, Абу Бакр унинг хирожидан ердилар. У бир куни бир нима келтирди, Абу Бакр ундан едилар. Ғулом унга: «Бунинг нималигини биласизми?» деди. «Нима эди?» дедилар. «Жоҳилият пайтида бир одамга фолбинлик қилган эдим, аслида фолбинликни яхши билмас, бироқ уни алдаган эдим, ўшанинг ҳаққини энди берди, бу еганингиз ўшандан эди», деди. Шунда Абу Бакр қўлларини оғизларига киритиб, еган барча нарсаларини қайт қилиб юбордилар. (Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Киши зино қилаётган пайтида мўмин бўлган ҳолда зино қилмайди, ичкилик ичаётган пайтида мўмин бўлган ҳолда ичмайди, ўғирлик қилаётганда мўмин бўлган ҳолда қилмайди, одамларнинг кўз ўнгида талончилик қилаётган пайтида мўмин бўлган ҳолда талончилик қилмайди» (Муттафақун алайҳ).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Маст қилувчи ичимлик фаҳш-бузуқликларнинг онаси ва гуноҳи кабираларнинг энг каттасидир, уни ичиб олган кимса онасининг ҳам, холасининг ҳам, аммасининг ҳам номусига тажовуз қилаверади» (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа:1853).

Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан (Бурайда ибн Ҳасиб розияллоҳу анҳудан) ривоят қилган марфуъ ҳадисда: «Қай бир қавм аҳдни бузаркан, улар орасида қатл кўпаяди, қай бир қамда фаҳш зоҳир бўлса, Аллоҳ уларга ўлимни ҳукмрон қилади, қай бир қавм закот бермай қўйса, Аллоҳ улардан ёмғирни тўхтатиб қўяди» (Ҳоким ва Байҳақий ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 107).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй муҳожирлар жамоаси! Беш нарса борки, улар билан мубтало бўлсангизлар – улар сизларга етишидан Аллоҳдан паноҳ тилайман: – қайси бир қавмда фохишалик ёйилиб, улар у билан очиқдан очиқ шуғуллансалар, ораларида ўлат ҳамда ота-боболари даврида бўлмаган бошқа касалликлар тарқалади. Ўлчов ва тарозидан уриб қоларканлар, қурғоқчилик, қаттиқ етишмовчилик ва подшоҳнинг зулмига дучор этиладилар. Молларининг закотини бермас эканлар, уларга самодан ёмғирни тўсиб қўйилади, агар чорва ҳайвонлари бўлмаса эди, умуман ёмғирсиз қолишарди. Аллоҳга беришган аҳдни ва Расулига беришган аҳдни бузишаркан, Аллоҳ улар устига душманларини ҳукмрон қилиб қўяди ва улар буларнинг қўлларидаги баъзи нарсаларни тортиб олишади. Раҳбарлари Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм қилмас эканлар ва яхшиликни Аллоҳ нозил қилган нарсада деб билмас эканлар, Аллоҳ уларнинг уруш-жанжалларини ўз ўрталарида қилиб қўяди» (Ибн Можа ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 106).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Беш нарса беш нарса туфайли келади: қайси бир қавм аҳдни бузаркан, Аллоҳ улар устига душманларини ҳукмрон қилиб қўяди; Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилишмас экан, ораларида камбағаллик тарқалади; ораларида фаҳш-бузуқликлар ёйиларкан, улар ичида ўлим кўпаяди; закотларини ман қилишаркан, улардан ёмғирни тўхтатиб қўйилади; ўлчов-тарозидан уриб қолишаркан, экинлари (нинг ҳосили) тўсиб қўйилади ва қурғоқчиликка дучор этиладилар»[6] (Табароний «Кабир»да ривоят қилган, Саҳиҳут-тарғиб: 765).

Аллоҳ таолодан нафсларимизни Ўзига ва Расулига тоат билан поклашини, нафсларимиз ва амалларимиз ёмонликларидан паноҳ беришини ва жонларини Унинг йўлига бахш этадиган кишилардан қилишини сўраймиз.

Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар йўлласин.

* * *


[1] Оятда тайёрлаб қўйишга буюрилган куч-қувват барча маънодаги: ҳам ташқи, ҳам ички, ҳам жисмоний, ҳам руҳий-маънавий куч-қувватни ўз ичига олади. Чунки, агар жисм заиф бўлиб, одатда жанг майдонларида ишлатиладиган ҳарбий воситаларни ишлатишга кучи етмайдиган бўлса, бошқа куч-қувват воситаларини ҳам керакли суратда ишлатишга қодир бўлмайди.

[2] Яъни, камон отиш учун белгилаб, чизиб олган жойи билан нишон қўйилган жой ўртасида, отилган камон ўқларини олиб келиш учун юриши.

[3] Ҳадисдан мурод – нафсни Аллоҳ ва расулининг тоатига бўйсундириш ва Аллоҳу расулига маъсият бўладиган ўринларда унга қарши курашишдир.

[4] Бу ва кейинги ҳадисда зоҳир ва ботин ўртасида бўлган таъсир ўтказувчи ва таъсирланувчи икки томонлама алоқанинг мавжудлигига ва улардан ҳар бири иккинчисига йўлловчи эканига далил бор.

[5] Яъни, тили ва жинсий аъзосининг ёмонлигидан.

[6] Бу ва юқоридаги ҳадислардан мурод шуки, муҳтарам ўқувчи гуноҳ ва маъсиятлар сабабли инсон бошига келадиган балолар, ҳалокат ва вайронагарчиликлар ҳажмини тушуниб етсин ва жонини ушбу зарар ва ҳалокатлардан узоқ тутишга уринсин. Зеро, бу жоннинг ўз эгаси устига ҳақларидан саналади.