Qur’on va sunnat

Qur’on va sunnat

www.ixlos.org

Уламолар айтадилар: “Албатта, гуноҳлар қалбни қорайтиради. Банда ҳар сафар гуноҳ қилишда давом этар экан, қалбидаги зулмат зиёда бўлиб, қоралик каттариб бораверади. Аммо гуноҳдан сўнг тавба ва истиғфорга шошилса, қалби покланиб, тозаланади ва ўнгланади”.

Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қуръон сизларга дард ва даволарингизни кўрсатади. Дардларингиз – гуноҳларингиз, даволарингиз эса, истиғфордир» [2] .

Яна салафлардан бирига: «Динингиздаги аҳволингиз қандай?» дейишганда, у киши: «Уни гуноҳлар билан парчалаяпман ва истиғфор билан ямаб, бутлаяпман», деб жавоб бергани нақл қилинган.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳга: «Одамлар тасбеҳ ёки истиғфор айтишдан қайси бири банда учун манфаатлироқ эканини сўраяптилар», дедим. Шунда у киши: «Агар либос тоза бўлса, унга хушбўйлантирувчи тутатқи ва атиргул суви муносиб бўлади. Агар у кир бўладиган бўлса, унга совун билан сув кўпроқ зарурдир», деди” [3] .

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Юрак сиқилишининг энг катта сабабларидан бири Аллоҳдан юз ўгириш, У Зотнинг зикридан ғафлатда бўлишдир. Қалбда ҳақиқий истиғфор давомли бўлар экан, бора-бора уни соғлик ва саломатликка қайтаради».

Қаранг, биродарим, Аллоҳ азза ва жаллага маъсият қилиш билан қалбларимизни қорайтириб оламиз-да, сўнг уни тозаламаймиз, натижада, ибодат билан роҳатланмайдиган, тоат билан ҳузурланмайдиган бўлиб қоламиз.

Биз қалбларимизни тўғрилаш ва гуноҳлардан тозалашга муҳтожмиз. Қалб учун истиғфордан кўра покловчироқ, тозаловчироқ нарса йўқ. Агар гуноҳлар йиғилиб қолса, уларни истиғфор билан тозалаб турилмаса, қалб қоп-қора зулматга айланиб, устидан муҳр босиб қўйилади.

Сиз уйини тозаламасдан яшайдиган инсонни кўрганмисиз?

Умуман ювинмайдиган, кийимларини тозаламайдиган одамни-чи?

Бакр ал-Музаний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Одамзоднинг амаллари Аллоҳга кўтарилади. Агар улар истиғфори бор саҳифада кўтарилса, оппоқ ҳолатда бўлади. Агар истиғфори йўқ саҳифада кўтарилса, қоп-қора суратда бўлади».

(Давоми бор)

[1] Санади ҳасан. Аҳмад (2/297), Термизий (3334) ва Ибн Можа (4244) ривоятлари.

[2] Байҳақий «Шуъабул иймон»да (6745) келтирган.

[3] Ал-вобилус соййиб, 92-бет.

2. Истиғфор айтган кишини мағфират қилиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ваъдасидир.

Аллоҳ таоло айтади: “(Шубҳасиз,) Мен (гуноҳлари ва куфридан) тавба қилган, (Менга) иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган, ҳаққа ҳидоятланган (ва унда барқарор турган) кишиларнинг гуноҳларини кечирувчидирман” (Тоҳа сураси, 82).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яна марҳамат қилади : “(Эй одамлар,) Раббингиз дилингиздаги (барча яхшилигу ёмонлик)ни билувчи Зотдир. Агар ният ва мақсадингиз Аллоҳнинг розилиги ва Унга яқинлашиш бўлса, албатта, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳамма вақт Ўзига қайтувчи кишиларни мағфират қилувчидир” (Исро сураси, 25). Яна айтади: “Ким бир қабиҳ, ёмон ишга қўл урса, ёки (Аллоҳнинг ҳукми ва шариатига зид ишни қилиш билан) ўзига зулм этса, кейин (қилган ишига пушаймон бўлиб, гуноҳини кечиришини ва мағфиратини умид қилиб) Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни кечирувчи ва раҳмли эканини топади” (Нисо сураси, 110). Бошқа бир оятда эса Аллоҳ субҳанаҳу шундай дейди: “(Эй пайғамбар, гуноҳлар қилиш билан) ўзларига зулм қилган у кимсалар (ҳаёт пайтингизда Аллоҳга тавба қилиб ва) истиғфор айтиб ҳузурингизга келишса ва сиз уларнинг ҳақларига истиғфор айтсангиз эди, улар Аллоҳни тавбаларни қабул қилувчи меҳрибон Зот эканини топган бўлишар эди” (Нисо сураси, 64). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: “Аллоҳ (таоло махлуқотларидан

бирортасини) Унга шерик қилган

кимсани кечирмайди. Ва ширкдан қуйида бўлган ҳар қандай гуноҳни Ўзи истаган бандасидан кечиради” (Нисо сураси, 48).

Агар Аллоҳни якка деб билувчи мусулмон банда Аллоҳга бирор нарсаси шерик қилмаган ҳолда вафот этса, унинг гуноҳлари ҳар қанча катта бўлмасин, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унинг барча гуноҳларини мағфират қилади. Ким Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ширк келтирган, У Зот билан бирга бошқа нарсага ҳам ибодат қилган бўлсаю, сўнг тавба қилиб Аллоҳга қайтса, У Зот уни ҳам мағфират этади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Бани Исроил қавмига хитобан шундай дейди: “Сизларга: “(Қуддус) шаҳрига киринглар, унинг пок егуликларидан истаган жойингизда истаганингизча тановул қилинглар. (Шаҳар) дарвозасидан кираётган пайтингизда (Аллоҳга) эгилиб, (хокисорлик билан: «Эй Раббимиз,) бизнинг гуноҳларимизни ўчиргин», денглар. Шунда (дуоларингизни ижобат қиламиз ва) сизларни афв этиб, гуноҳларингизни яширамиз. Биз гўзал амал қилувчиларга амаллари сабабли зиёда ажру савоблар ато этамиз”, деган пайтимиздаги неъматимизни эсланглар” (Бақара сураси, 58).

Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ азза ва жалладан ривоят қилиб дедилар: “Аллоҳ таоло айтади:

– Эй бандаларим, Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим. Уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром этдим. Бир-бирларингизга зулм қилмангиз.

– Эй бандаларим, барчаларингиз залолатдасизлар. Фақат Мен ҳидоят этганларгина бундан мустасно. Мендан ҳидоят тиланг, сизларни ҳидоятга йўллайман.

– Эй бандаларим, барчаларингиз очсизлар. Фақат Мен таом берганларгина (оч эмас). Мендан таом сўрангиз, сизларни таомлантираман.

– Эй бандаларим, барчаларингиз яланғочсизлар. Фақат Мен кийинтиргангина (яланғоч эмас). Мендан кийинтиришимни сўранглар, сизларни кийинтираман.

– Эй бандаларим, сизлар кечаю кундуз хато қиласизлар. (Фақат) Мен барча гуноҳларни мағфират этаман. Мендан мағфират тилангиз, сизларни мағфират қиламан…” [1]

Уламолар айтадилар: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизни Ўзидан мағфират сўрашга буюришдан аввал бу ерда «барча гуноҳларни» дейишининг боиси шуки, токи бирор кимса арзимас санаб қилган гуноҳининг катталиги, хатосининг ёмонлиги сабабли Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиб қолмасин. У нақадар раҳмли ва нақадар марҳаматли Зот, туну кун гуноҳ қилишимизни билатуриб, У бизни яратди, сўнг бизга Ўзининг мағфират дарвозаларини очиб қўйди, бандаларини Ўзининг раҳматидан ноумид қолдирмади!”

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигори азза ва жалладан ривоят қилиб айтадилар: “Банда бир гуноҳ қилди-да: «Эй Аллоҳ, менинг гуноҳимни мағфират қил», деди. Шунда Аллоҳ таборака ва таоло: «Бандам гуноҳга қўл урди, сўнг гуноҳни мағфират қиладиган ва гуноҳ сабабли азоблайдиган Рабби бор эканини билди», деди. Сўнг у қайтиб яна гуноҳ қилдида: «Эй Раббим, менинг гуноҳимни мағфират қил», деди. Аллоҳ таборака ва таоло: «Бандам гуноҳга қўл урди, сўнг гуноҳларни мағфират қиладиган ва гуноҳ сабабли азоблайдиган Рабби бор эканини билди», деди. Сўнг у қайтиб яна гуноҳ қилди-да: «Эй Раббим, менинг гуноҳимни мағфират қил», деди. Аллоҳ таборака ва таоло: «Бандам гуноҳга қўл урди, сўнг гуноҳларни мағфират қиладиган ва гуноҳ сабабли азоблайдиган Рабби бор эканини билди. Хоҳлаганингни қилавер, дарҳақиқат, сени мағфират қилдим», деди” [2] .

Аллоҳ азза ва жалланинг «гуноҳларни мағфират қиладиган ва гуноҳ сабабли азоблайдиган Рабби бор эканини билди», деган сўзи борасида фикр юритинг.

Уламолар: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло карамли Зот бўлгани учун мағфиратни азобдан аввал зикр қилди”, дейдилар.

У Зотнинг: «Хоҳлаганингни қилавер, дарҳақиқат, сени мағфират қилдим», деган сўзи борасида эса, шундай деганлар: “Бу гап гуноҳ-маъсиятларга рухсат берилганини ёки Аллоҳга хоҳлаганча гуноҳ қилиш мумкинлигини англатмайди. Балки унинг маъноси: «Гуноҳ қилиб, тавбада бардавом бўлар экансан, сени мағфират қилдим», деганидир”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар гуноҳ қилмаганларингда, Аллоҳ сизларни кетказиб, гуноҳ қиладиган ва Аллоҳга истиғфор айтадиган, Аллоҳ ҳам уларни мағфират қиладиган бир қавмни ўрнингизга келтирган бўлар эди», дедилар [3] .

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Иблис: «Иззатинг ҳаққи, модомики, бандаларингнинг жонлари жасадларида экан, мен уларни адаштиравераман», дейди. Аллоҳ таоло эса: «Иззатим ва Буюклигим ҳаққи, модомики, улар Менга истиғфор айтар эканлар, Мен уларни мағфират қилавераман», дейди” [4] .

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда-ким: «Абадий тирик ва барҳаёт бўлган, Ундан ўзга барҳақ илоҳ бўлмаган буюк Аллоҳга истиғфор айтаман ва У Зотга тавба қиламан», деб уч марта айтса, унинг гуноҳлари мағфират қилинади, гарчи ҳужум қаттиқ бўлган (жанг) кунида ортига қочган бўлса ҳам”, дедилар [5] .

(Давоми бор)

[1] Муслим 2577.

[2] Бухорий (7507), Муслим (2758).

[3] Муслим 2749.

[4] Аҳмад (3/29). Санади ҳасан.

[5] Ҳоким (1/692) ҳасан санад билан ривоят қилган. Лекин ҳадис мавқуф кўринишда ривоят қилинган, валлоҳу аълам.


3. Ким истиғфорни маҳкам тутса, қиёмат кунида саҳифаси уни мамнун қилади.

Истиғфор айтишда бардавом бўлган, натижада, қиёмат куни гуноҳлари пар мисоли учиб кетган, савобу ҳасанотлари кўпайиб, катталашган киши ҳақиқий зафарга эришибди! Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Қиёмат куни) саҳифасида кўп истиғфор топган кишининг жаннатдаги неъматлари зиёда бўлсин» [1] , деб дуо қилганлар.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимнинг саҳифаси (қиёмат кунида) уни хурсанд қилишини яхши кўрса, истиғфорни кўпайтирсин» [2] .

4. Истиғфор дўзах азобидан нажот топиш учун сабабдир.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Эй аёллар жамоаси! Садақа қилинглар ва истиғфор айтишни кўпайтиринглар. Дарҳақиқат, дўзах аҳлининг аксари сиз аёллар эканингизни кўрдим» [3] .

Энди мана бу хабар борасида ҳам фикр юритинг: Ойша розияллоҳу анҳо айтади: «Эй Расулуллоҳ, Ибн Жудъон жоҳилиятда силаи раҳм қилар, мискин-бечораларни таомлантирар эди. Унинг бу ишлари унга фойда келтирадими?» дедим. У зот: «Агар бирор кун, эй Раббим, қиёмат куни менинг гуноҳларимни мағфират қил, деб айтмаган бўлса, (қилган бу ишлари) унга фойда бермайди», дедилар [4] .

Абу Олия айтади: «Мен икки нарса – Аллоҳга ҳамд айтишига сабаб бўладиган неъмат билан Аллоҳга истиғфор айттирадиган гуноҳ ўртасида турган бандани ҳалок бўлмайди деб умид қиламан» [5] .

5. Истиғфор дунёю охиратда Аллоҳнинг раҳматига эришиш учун сабабдир.

Солиҳ алайҳиссалом қавмига қарата шундай деди: “(Солиҳ пайғамбар кофир бўлган гуруҳга) деди: «Сизлар нега (куфр келтиришга ва ўзингизга азоб келтирадиган) ёмон ишларни қилишга ошиқасизлар? (Иймон келтиришни ва ўзингизга савоб олиб келадиган) яхши ишларни қилишни ортга сурасизлар? (Аввал бошданоқ) Аллоҳнинг раҳматига эришишингиз учун (аввал бошданоқ) Аллоҳдан мағфират сўрасангизлар, (Унга тавба қилсангизлар) бўлмайдими?»” (Намл сураси, 46). Шундай экан, истиғфорни кўпайтириш ва тавба қилиш илоҳий марҳаматлар ва раббоний лутфу карамлар ёғилишига, дунёю охиратда нажот топилишига сабаблардан биридир.

6. Истиғфор жаннатга киришга сабабдир.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳамат қилади: “Яна улар бирон катта гуноҳ қилиб қўйсалар ёки (кичикроқ гуноҳлар билан) ўзларига зулм қилсалар, Аллоҳни(нг ваъда ва қўрқитувларини) эсга олиб, тавба-тазарру билан Рабларига илтижо қиладиган, гуноҳларни фақат Аллоҳгина кечиришига аниқ ишонган (ҳолда Ундан гуноҳларини кечиришини сўрайдиган) кишилардир. Шунинг учун улар (агар тавба қилсалар Аллоҳ албатта тавбаларини қабул қилишини) билган ҳолларида гуноҳу маъсиятда давом этмайдилар.

(Шундай улуғ сифатлар билан сифатланган) у зотларнинг мукофотлари Аллоҳ гуноҳларини кечириши ва улар учун (дарахтлари ва қасрлари) остидан (ширин сувли) анҳорлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган (ва асло ундан чиқарилмайдиган) жаннатлар бўлишидир. (Гуноҳлар кечирилиши ва жаннатга дохил бўлиш) яхши амал қилувчи зотлар учун нақадар яхши мукофотдир!” (Оли Имрон сураси, 135-136-оятлар). Демак, солиҳ кишилар ҳам хато ва гуноҳга қўл урадилар, лекин улар дарҳол истиғфор ва тавбага шошиладилар. Натижада. Аллоҳ уларнинг истиғфорлари сабабли жаннат неъмати билан сийлайди.

Барча умматларнинг солиҳ кишилари мана шу йўлда эдилар. Аллоҳ таоло айтади: “У (тақводор банда)лар: “Эй Раббимиз, биз Сенга иймон келтирдик (ва пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашдик). Ўзинг бизнинг гуноҳларимизни кечиргин ва бизни дўзах ўтидан сақлагин”, дейдилар.

Улар (тоат-ибодатлар қилишда, гуноҳлардан тийилишда ва бошларига келадиган қазо-қадар аччиқликларига) сабрли, тўғрисўз (ва садоқатли), тўкис тоат-ибодатли, (махфию ошкор) инфоқ-эҳсон қилувчи ва (дуолар қабул бўладиган) саҳар пайтларида истиғфор айтувчи кишилардир” (Оли Имрон сураси, 16-17-оятлар).

Ибн Абу Дунё Абдулазиз ибн Умар ибн Абдулазиздан шундай нақл қилади: “Отам вафот этганидан сўнг уни тушимда кўрдим. У қандайдир бир боғда эди. Шунда у менга бир нечта олма тутқазди. Мен уларни фарзанд деб таъвил қилдим. Шунда мен: «Энг афзал амал қайси экан?» деб сўраган эдим, «Истиғфор экан, болажоним», деб жавоб берди” [6] .

7. Истиғфор мартабалар кўтарилиши учун сабабдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ азза ва жалла солиҳ бандасининг жаннатдаги мартабасини кўтариб қўяди. Шунда у: «Эй Раббим, бу менга қаердан келди?» деб сўрайди. Аллоҳ: «Фарзандинг сендан кейин сенга атаб айтган истиғфори сабабли», деб жавоб беради” [7] .

Истиғфор мўмин банданинг даражасини вафотидан кейин қандай кўтариб қўйишига бир қаранг! Агар сизнинг ота-онангиздан бири вафот этган бўлса, унинг ҳаққига кўп-кўп истиғфор айтинг. Зеро, истиғфор унинг қабрида унга энг катта фойда берадиган нарсадир.

Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййит учун истиғфор айтишга асҳобларини буюрар эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Ҳабашистон подшоси Нажоший вафот этган кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга унинг вафот этгани ҳақида хабар бердилар, сўнг: «Биродарингиз учун истиғфор айтинг», дедилар [8] .

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у шундай дейди: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитни дафн этиб бўлганларидан сўнг, унинг қабри устида туриб: «Биродарингиз ҳаққига истиғфор айтинглар, Аллоҳдан унга собитқадамлик сўранглар. Зеро, у ҳозир сўроққа тутилади», дер эдилар

[9] .

(Давоми бор)

[1] Албоний, «Саҳиҳи ибн Можа» (3093).

[2] Табароний «Авсат»да (839) ривоят қилган. Санади ҳасан.

[3] Муслим 79.

[4] Муслим 214.

[5] «Ҳилятул авлиё» (2/219).

[6] «Ал-Маномот» (26-бет).

[7] Аҳмад (2/509). Ҳадиснинг санади ҳасан.

[8] Бухорий (1327), Муслим (951) ривоятлари.

[9] Абу Довуд 3221. Санади саҳиҳ.

Report Page