Qur’on va sunnat

Qur’on va sunnat

www.ixlos.org

Улар ёлғон гувоҳлик бермайдиган ва ёлғон сўзлар сўзланадиган давраларга ҳозир бўлмайдиган кишилардир. Борди-ю тасодифан ботил аҳли ва беҳудага машғул бўлган кишилар ёнидан ўтиб қолсалар, улардан юз ўгириб, уларни ёқтирмаган ҳолда бошқаларга ҳам уларнинг суҳбатини раво кўрмаган ҳолда ўтиб кетадилар.

Уларга Қуръон оятлари ўқилса, Аллоҳнинг ягона Ҳақ илоҳ эканини кўрсатувчи далиллар айтилса, панд-насиҳат қилинса талмовсирамайдилар. Худди кар ва кўрдек ўзларини эшитмаган ва кўрмаганга солиб олмайдилар. Балки бу оят ва далилларни уларнинг диллари англаб қабул қилади. Улардан қалб кўзлари нурафшон бўлади. Улар Аллоҳга тоат-ибодат қилиб саждага йиқиладилар.

Улар Аллоҳ таолога дуо қилиб: «Эй Раббимиз, бизга жуфтларимиз ва зурриётларимиздан кўзимиз қувончи бўладиган ва бизга шодлик бахш этадиган ҳолатларни ато этгин ва бизларни бошқалар учун ўрнак қилгин», деб сўрайдилар. Раҳмон таолонинг юқорида санаб ўтилган сифатлар билан безанган ўша бандалари Аллоҳнинг раҳмати билан ва тоат-ибодатларда сабр қилиб туришгани сабабли жаннатдаги энг олий манзиллар ва даражалар билан мукофотланадилар. Улар жаннатда малоикалар тарафидан табрик ва саломлар билан кутиб, қарши олинадилар. Жаннатда яхши ҳаёт ва ҳар қандай офатлардан саломатликка йўлиқадилар. Улар унда абадий қоладилар. Зеро, жаннатда ўлим йўқдир. Охиратда ўлим йўқдир. Жаннат нақадар яхши қароргоҳ ва нақадар гўзал маскандир” [Фурқон: 63-76]

(давоми бор)


Биринчи сифат

Камтарлик

Камтарлик Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли бандаларини сифатлаган биринчи сифатдир. Аллоҳ таоло деди: “ Раҳмоннинг солиҳ бандалари ерда камтарлик ва тавозе ила хотиржам ҳолатда юрадилар… ”.

Яъни Раҳмоннинг солиҳ бандалари ерда такаббурлик қилмасдан, вазмин ва камтарона юрадилар.

Камтарлик сифатини яхши англаш учун унинг зидди бўлган такаббурликни билиш зарур. Қуйида такаббурлик қораланган оятларни келтириб ўтамиз:

Аллоҳ таоло деди: “Менга тоат-ибодат қилишдан такаббурлик қилган ва одамларга кибр билан муносабатда бўлган кимсаларнинг дилларини улуғворлигим, шариатим ва ҳукмларимга далолат қилувчи далил−ҳужжатларни тушунишдан буриб қўяман ” [Аъроф:146].

“ Аллоҳ таоло талашиб-тортишаётган бу кимсаларнинг қалбларини

ҳидоятдан тўсиб, залолат билан муҳрлаб қўйгани каби Ўзининг тавҳиди ва тоатидан кибру ҳаво қилувчи, кўп зулм ва тажовуз ила зўравонлик қилувчи ҳар бир кимсанинг қалбини ҳам ана ўшандай муҳрлаб қўйгай ” [Ғофир:35].

“ Аллоҳнинг якка илоҳлиги ва Унга холис ибодат қилишга иқрор бўлмайдиган ҳар қандай мутакаббир ҳалок бўлгай ” [Иброҳим:15].

“ Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда хору зор бўлган ҳолда жаҳаннамга киргайлар ” [Ғофир: 60].

“ Аллоҳ азза ва жалла Унга ибодат қилишдан ва бўйин эгишдан кибр қилувчи кимсаларни суймайди” [Наҳл: 23].

“ Аллоҳ таолонинг ягона ҳақ илоҳ эканини инкор қилган ҳар қандай кимсаларга уларни таҳқирлаб ва ерга уриб: «Ана энди жаҳаннам эшикларидан киринглар. Унда абадий қоласизлар. Аллоҳга иймон келтиришдан, Унинг шариатига амал қилишдан кибру ҳаво қилганларнинг оқибати нақадар ёмон», деб айтилади ” [Зумар: 72].

Булардан бошқа ҳам кибрни қораловчи оятлар жуда кўп.

Энди, кибрни қоралаб камтарликни мадҳ этувчи ҳадисларни келтирамиз:

Иёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “ Аллоҳ таоло менга ваҳий қилиб камтарин бўлишингизни буюрди. Шундай экан, биров бировга кибр қилмасин ва биров бировга зулм қилмасин ” [Муслим].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “ Садақа қилиш мол-мулкни камайтирмайди. Аллоҳ таоло банданинг кечиримлилиги сабабли азизлигини зиёда қилади. Бирон киши Аллоҳ учун тавозе қилса, Аллоҳ уни албатта юксалтиради ” [Муслим: 16/141, Термизий: 3/254].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “ Ҳар бир одамнинг бошида тизгин бўлиб, у бир фариштанинг қўлида туради. Агар одам тавозе қилса, фариштага: “Унинг мартабасини кўтар”, дейилади. Аксинча, кибр қилса, фариштага: “Унинг қадрини пасайтир”, деб айтилади ” [Табароний].

Жобир роҳияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “ Менга энг суюмли бўлганингиз ва қиёмат куни менга энг яқин ўтирадиганингиз ахлоқи гўзал бўлганларингиздир. Мен учун энг суюксиз ва қиёмат куни мендан энг узоқда ўтирадиганингиз сергап, мақтанчоқ ва мутакаббир кимсалардир».

Абу Саид ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: « Аллоҳ азза ва жалла деди: “Иззат изорим [1] , такаббурлик эса ридоимдир [2] . Ким Мен билан буларни талашса, азобга гирифтор қиламан” [Муслим].

Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “ Дўзах аҳли ҳақида хабар берайми? Улар ҳар бир қўпол, фожир ва мутакаббир инсонлардир ” [Муттафақун алайҳ].

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “ Дўзах аҳли ҳар бир тошбағир, манман, мутакаббир ва бахил кимсалардир. Жаннат аҳли эса заиф ва бечораҳол кишилардир ” [Аҳмад].

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “ Жаннат ва дўзах тортишиб қолдилар. Дўзах деди: “Менга зўравон ва мутакаббирлар киради”. Жаннат деди: “Менга заиф ва мискин мусулмонлар киради”. Шунда Аллоҳ улар ўртасида ажрим қилиб: “Жаннат, сен Менинг раҳматимсан, сен билан Ўзим истаган кишига марҳамат қиламан. Дўзах, сен Менинг азобимсан, сен билан Ўзим хоҳлаган кишиларни азоблайман. Иккингиз ҳам тўлиб-тошасиз ”, деди» [Муслим].

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “ Сизлардан илгари яшаб ўтган бир киши такаббурлик билан изорини судраб юрганида уни ер ютди ва у қиёматга қадар ер қаърига кириб кетаверади ” [Бухорий].

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “ Кийимини такаббурлик билан судраб юрган кишига қиёмат куни Аллоҳ таоло қарамайди ” [Бухорий ва Муслим].

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “ Киши кибру ҳаво билан ўзини юқори тутар экан, у мутакаббирлар қаторига ёзиб қўйилади ва натижада уларга етган уқубатлар бунга ҳам етади ” [Термизий].

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “ Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар инсон суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тириладилар. Уларга ҳар тарафдан хорлик келади. Улар жаҳаннамдаги «Булас» деб номланадиган зиндонга ҳайдаладилар. Дўзах ўти уларни қамраб олади ва уларга сув ўрнига дўзах аҳлидан оққан қон ва йиринглар тақдим қилинади ” [Насоий, Термизий].

[1] Изор – баданнинг киндикдан пастига ўраладиган мато.

[2] Ридо – баданнинг юқори қисмини тўсиб турадиган кийим.


Кибр ва мутакаббирлар қораланган ривоятлар

Абу Бакр розияллоҳу анҳу дедилар: “ Бирон кимса мусулмонлардан ҳеч бирини камситмасин. Зеро, мусулмонлар ичида ҳақир бўлган киши Аллоҳ наздида улуғдир”.

Ваҳб ибн Мунаббиҳ роҳимаҳуллоҳ деди: “ Аллоҳ таоло Адн жаннатини яратгач, унга қараб: “Сен барча мутакаббир кимсаларга ҳаромсан”, деди ”.

Аҳнаф ибн Қайс роҳимаҳуллоҳ деди: “ Одам боласи қизиқда, ўзи икки маротаба сийдик йўлидан чиққан бўлса ҳам, кибрланади-я! ”.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтади: “ Воажаб, одам боласи ҳар куни қўли билан нажосат ерларини бир ё икки маротаба ювади-ю, яна осмонлару ерни бўйсундирган Зотга қарши чиқади ”.

Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн роҳимаҳуллоҳ деди: “ Инсон қалбига қанча кибр кирса, албатта, шунча миқдорда ақли камаяди: кибр қанча кўп бўлса, ақл шунча оз, кибр қанча оз бўлса, ақл шунча кўп бўлади ”.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумо дедилар: “ Шайтоннинг тузоқ ва қопқонлари бор. Аллоҳнинг неъматларига ношукрлик қилиш, Аллоҳ берган нарсалар билан фахрланиш, Аллоҳнинг бандаларини менсимаслик ва Аллоҳ рози бўлмайдиган ўринларда хоҳиш-истакка эргашиш шайтоннинг тузоқ ва қопқонларидандир”.

Мутакаббирларнинг даражалари

– Аллоҳга такаббурлик қилувчилар

Бундайлар кофир ва саркаш мутакаббирларнинг энг ёмони бўлиб, илгари ўтган даҳрийлар ва ҳозирдаги комунистлар каби Аллоҳнинг борлигига ишонмайдиган кимсалардир. Баъзан уларнинг туғёни ҳаддан ошиб, Иброҳим алайҳиссалом билан Рабби ҳақида талашган Намруд, шунингдек, илоҳлик ва Рабликни даъво қилган Фиръавн каби ҳатто худоликни даъво қилишгача боради.

Аллоҳ таоло деди: “ Эй Пайғамбар, Иброҳим алайҳиссалом билан Аллоҳ таолонинг тавҳиди ва рубубияти хусусида талашиб-тортишган кишининг ҳолидан кўра қизиқроқ ҳолни кўрганмисиз?! Чунки у Аллоҳ унга подшоҳлик берганидан ховлиқиб, зўравонлик қилиб, Иброҳимдан: «Ким сенинг Раббинг?» деб сўради. Иброҳим алайҳиссалом: «Менинг Раббим махлуқотларга ҳаёт бахш этадиган ва уларни ўлдирадиган Зотдир, тирилтириш ва ўлдириш фақат Унга хосдир», деди. Шунда у: «Мен ҳам тирилтираман ва ўлдираман» – яъни, истаган кишимни ўлдириб, истаганимни тирик қолдираман – деди. Иброҳим унга: «Мен ибодат қиладиган Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради. Хўш, сен мана шу илоҳий қонуниятни ўзгартириб, уни мағрибдан чиқара оласанми?!», деди. Шу билан бу кофир довдираб қолиб, ҳужжати кесилди. Унинг ҳоли золим кимсалар ҳолидекки, Аллоҳ уларни тўғриликка йўлламайди ” [Бақара: 258].

“Фиръавн аъёнларига деди: «Эй аъёнлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа ибодатга сазовор бирон илоҳ борлигини билмайман” [Қасас: 38].

“ Мен сизларнинг энг устун Парвардигорингиздирман”, деди ” [Нозиот: 24].

– Пайғамбарларга такаббурлик қилувчилар

Бундайлар инсонга бўйсунишга бўйинлари ёр бермайди. Шунинг учун мушриклар: “ Биз сизларни ўзимиз каби оддий бир инсон деб кўрмоқдамиз “ [Иброҳим: 10], деган эдилар.

Фиръавн ва унинг аъёнлари: “ Биз ўзимизга ўхшаган икки оддий инсонга қандай иймон келтирамиз? ” [Мўъминун: 47],

дейишди.

Пайғамбарларга такаббурлик қилганлар ҳақида Аллоҳ таоло хабар бериб деди: “ Кофирларга Аллоҳ томонидан етарли далил-ҳужжат келган пайтда уларни Аллоҳ ва Расулига иймон келтиришдан ва уларга итоат қилишдан тўсган нарса жаҳолат ва инкор билан: “Аллоҳ инсон зотидан элчи юборибдими?!”, дейишлари бўлди ” [Исро: 94].

– Бандаларга такаббурлик қилувчилар

Бундай кимсалар ўзларини олий тутиб, бошқаларга паст назар билан қарайдилар. Шундай бўлгач нафслари одамларга эргашишни хоҳламайди, ўзини ўзгалардан катта тутишга ундайди, бора-бора улардан жирканадиган, уларни паст санайдиган ва улар билан бир сафда бўлишдан ҳазар қиладиган бўлиб қолади. Шунинг учун Қурайш кофирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ёнингда анавилар ўтирган бўлса биз сен билан қандай ўтирамиз?”, деб, фақир мусулмонларга ишора қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди: “ Эй Пайғамбар, эртаю кеч Раббиларига ибодат қиладиган ва солиҳ амаллари билан Аллоҳнинг юзини истайдиган заиф-бечора мусулмонларни ҳузурингиздан

ҳайдаманг! Ўша фақирларнинг ҳисоб-китобидан бирор нарса сизнинг зиммангизда эмас, балки уларнинг ҳисоб-китоби Аллоҳнинг зиммасидадир. Сизнинг ҳисобингиздан бирор нарса уларнинг ҳам зиммасида эмас. Агар уларни ҳайдасангиз, у ҳолда Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилувчи, нарсаларни ўз ўрнидан бошқа ўринга қўядиган золим кимсалардан бўлиб қоласиз ” [Анъом: 52].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “ Ўз мусулмон биродарини камситиши кишининг ёмонлигига кифоядир ” [Муслим].

Report Page