Qashqadaryo-ahli.uz

Qashqadaryo-ahli.uz

https://t.me/Qashqadaryo_ahli

Нишонда мактаб ўқувчиси ўз жонига қасд қилди. Воқеанинг янги тафсилотлари маълум бўлди

Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги 23-мактабнинг 11-синф ўқувчиси 18 май куни ўзини осиб қўйгани ҳақида хабар берилганди. «Nasafnews» мухбири воқеа юзасидан мактаб жамоасидан маълумот олишга ҳаракат қилиб кўрди.

Мактаб директори марҳуманинг уйдагилари унинг бирор хоҳишини бажармагани туфайли бу ҳолат келиб чиққанини айтмоқда.

«Машъум хабарни эшитиб бошим оғриб қолди. Худди миямни бир чеккаси ишламай қолгандай. Бироз ўтиб ўзимга кела бошладим. Дастлаб хаёлимдан ўтказганим, ўқувчимизнинг уйдагилари унинг бирор-бир илтимосини бажармадимикан, ҳар ҳолда ёш бола-ку, кийим олмоқчи бўлган бўлса, онаси қаршилик қилдимикан дея ўйладим. Бироқ кейинчалик маълум бўлишича, ўша куни эрталабдан «заказ» учун торт ва пишириқлар пишириб, кимгадир сотган экан. Кийим оламан деса қўлида пули бор. Билмадим нима жин урди экан, ҳали ҳам ўйлаб ўйимга ета олмаяпман», – деди 23-мактаб директори Чори Ражабов.

Марҳумaнинг синф раҳбари ўқувчилари аллақачон мустақил қарор чиқаришини таъкидлаб ўтди.

«Битирувчиларнинг ҳар бири 18 ёшда. Мустақил, паспортга эга Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади. Ўзлари қатъий қарор қабул қила олади. Марҳуманинг вафотига сабаб бўлди дея тарқалаётган битирув кечаси ҳақидаги гап-сўзлар ҳақида мен бир неча бор ўқувчиларимга тушунтирганман. Ўтган йили пандемия туфайли битирув кечалари ўтказилмаган. Бу йили ҳам битирув кечасига рухсат берилмаганлигини бир неча кун олдин тушунтирганман»,- дейди 11-«А» синф раҳбари Ойравшан Назарова.

11-«Б» синфнинг раҳбари битирув кечага розилик бермаганлигини айтиб ўтди.

«Ўқувчиларим олдимга келиб, битирув кечасини ўтказиш таклифини билдирди. Шунда мен ҳозирча битирув кечаси ҳақида бирор-бир буйруқ чиқмаганини, олдинда давлат имтиҳонларига тайёргарлик кўришлари кераклигини таъкидладим. Синф раҳбари сифатида ўзимга ортиқча ғавғо орттириб олмасликни хоҳлайман. Агар раҳбаримиз рухсат берса, майли битирув кечага розилик билдиришимни айтиб ўтдим» ,- дейди синф раҳбари Саодат Жумаева.

Марҳуманинг дугонасини фикри билан ҳам қизиқдик.

«У билан ҳар куни гаплашардим. Доим қувноқ кайфиятда юрарди. Тикиш-бичишга, ҳар хил пишириқлар пиширишга қизиқарди. Шу вақтгача телефон ишлатганини, ё бирор бола ҳақида оғзидан бирор сўз чиққанини эшитмаганман. Мен, Шоҳсанам ва у биргаликда технология йўналишига ҳужжат топшириб, учаламиз биргаликда университетда ўқишни ният қилиб юрардик», – деди яқин дугонаси Муҳайё Абдумўминова.

Мазкур ҳолат юзасидан Нишон тумани ХТБ мудири Жаҳонгир Холмуродов билан боғланганимизда, ҳақиқатдан ҳам 2021 йилнинг 18 май куни тонгда 23-умумий ўрта таълим мактабининг 11 – «А» синф ўқувчиси М.А уйининг оғилхонасида ўз жонига қасд қилиб, ўлик ҳолда топилганини айтди. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича хизмат текшируви якунланиб, барча раҳбарларга меҳнат кодексининг тегишли моддалари асосида жазо қўлланилганлигини маълум қилди.

Айни вақтда ушбу ҳолат юзасидан тегишли органлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

https://t.me/Qashqadaryo_ahli

Report Page