"Қарз маданияти" муаммоси (2-қисм)
Ислом молиясиҲаёт ва молия масаласида ислом таълимоти
Адолат ва ҳақиқат ислом динининг асосий тамойилларидан бўлгани учун мўътадиллик муҳим масала ҳисобланади.
«Шунингдек сизларни (бошқа) одамларга гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун «ўрта уммат» қилиб қўйдик» (2:143).
«... еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз. Зеро, У (Аллоҳ) исроф қилувчиларни севмагай» (7:31).
ва яна шундай дейилади: «Эй иймон келтирганлар! Сизлар учун Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга чиқармангиз ва ҳаддан ошмангиз. Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди» (5:87).
Исломда исрофгарчиликнинг таъқиқланиши
Ислом муносиб, қулай ва ҳатто фаровон турмуш тарзига қарши эмас. Аммо исрофгарчиликни қаттиқ қоралайди:
«Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, бунинг ўртаси мўътадилликдир» (25:67).
Дарҳақиқат, Қуръон исрофгарчилик ва ҳаддан ошишни шайтоний хатти-ҳаракат сифатида баҳолайди:
«Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукр эди» (17:27).
Бу икки қадрият – мўътадиллик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик – ҳаддан зиёд истеъмолга йўл қўймаслик чораси сифатида жуда муҳимдир.
Авлодлар ҳақида қайғуриш (ғамҳўрлик)
Ислом дини авлодлар ҳақида қайғуришга ўргатади. Ислом, диндорларга ейиш, ичиш, бу дунёдаги эҳтиёжларни қондириш давомида ўзгаларга зарар келтирмаслик, ҳамда ўзгаларнинг эҳтиёж ва ҳуқуқлари ҳақида унутмасликка чақиради.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ён қўшниси оч ўтирганини била туриб қорни тўқ ётган киши мўмин эмас» дедилар.
(Имом Табароний ва имом Байҳақий).
Қарздан қочиш ва «қарз маданияти»
Ислом қарзни жоиз деб ҳисоблайди, бироқ мусулмонларни қарзсиз ҳаётни қадрлашга ва қарздан қочишга тарғиб қилади. Қарздан эркин бўлиш, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳи алайҳи ва саллам ўз дуоларида доимий равишда сўраган нарсалардан биридир.
Анас бин Молик (р.а.)дан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
Мен Расулуллоҳ саллаллоҳи алайҳи ва саллам бир неча марта «Аллоҳим! Сендан ғам босишидан, маҳзунликдан паноҳ сўрайман. Ожизликдан, дангасаликдан паноҳ сўрайман. Қўрқоқликдан, бахилликдан паноҳ сўрайман. Қарзга ботишдан ва одамларнинг ғолиб келишидан паноҳ сўрайман» деб дуо қилганларини эшитганман (Имом ал-Бухорий).
Бошқа бир ҳадисда эса Пайғамбар саллаллоҳи алайҳи ва саллам қарз юкининг маънавий оқибатлари, яъни қарздор одамлар қийин аҳволга тушиб қолиши ва заиф ҳолати ҳақида айтиб ўтганлар.
Ойша (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда:
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда Аллоҳга қуйидагича дуо қилардилар: «Аллоҳим! Мен Сендан гуноҳкорлик ва қарздорликдан паноҳ сўрайман» дер эдилар. У зотга бир киши: «Қарздорликдан бунча кўп паноҳ сўрайсиз, эй Аллоҳнинг Расули?!» деди. У зот: «Киши қарздор бўлиб қолганда гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, бажармайди», дедилар (Имом ал-Бухорий).
Юқоридаги ҳадислар қарзни таъқиқламайди, чунки у муайян ҳолатларда муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Бироқ бу ҳадислар қарздорларни қарзга янада чуқурроқ ботишига сабаб бўладиган ҳаёт тарзининг («маданиятининг») катта зарарларини кўрсатиб ўтади.
Ислом молияси ва асосий тамойиллар
Исломнинг қарз ва қарзга асосланган турмуш тарзи ҳамда маданиятининг шахс, бизнес, ҳукумат, шунингдек миллий ва халқаро даражадаги яққол ва зарарли оқибатлари борасида шундай кучли муносабати бор экан, демак бу муаммонинг ислом дини нуқтаи назаридан ечими ҳам бўлиши керак. Келинг, ислом молиясининг айрим асосий тамойилларини кўриб чиқамиз.
Ислом молияси реал иқтисодиётга йўналтирилган бўлиб, савдони ҳаддан ортиқ молиялаштириш, бозорни кўп миқдорда қарз ажратиш ҳисобига “қиздириш”дан имкон қадар қочиши керак, чунки бу, молиявий инқирозларнинг асосий сабабчиларидан бўлган чайқов амалиётининг кучайишига олиб боради. Ислом молияси биринчи навбатда ишлаб чиқариш ва янги технологиялар учун маблағ ажратиш сиёсати устивор бўлишини таъминлаши лозим.
Ислом молияси актив билан таъминланган бўлиши шарт ва бу, бугунги кунда молия оламини қамраб олган молиялаштириш тамойилидан ўзгачадир.
Корхоналар, молиячилар, тадбиркорлар... буларнинг барчаси даромад олишни мақсад қилишади. Шу билан бирга ислом молияси ахлоқ жиҳатдан ажралиб туриши лозим. Ҳақиқатан ҳам ислом молияси иқтисодий/молиявий инқирозлар шароитида энг аввало ахлоқий жиҳатлари, реал иқтисодиёт билан бевосита боғлиқлиги, ҳамда мавжуд активлар билан таъминланганлиги туфайли анча барқарор дея тан олинган.
«Асл/соф» тамойилга кўра, даромадни тақсимланишига алоқадор ҳар қандай талаб, хатарнинг адолатли тақсимланиши масаласи билан бевосита боғлиқ бўлиши шарт. Шу тариқа, ислом молияси асосий эътиборни фойда-зарарни тўғри тақсимлаш масаласига қаратади. Бу эса кўриб турганимиздек даромад миқдори олдиндан белгиланган қарз шартномаларига тамомила зид.
Бундай шартномалар, айниқса ўзгарувчан даромадга асосланган шартномалар қўшимча муддатли мажбуриятлар ва хатарлар пайдо бўлишига олиб келади. Бундан ҳам хатарли ҳолат чайқов (спекулиятив) амалиёти қўшилганда пайдо бўлади, бунда шартнома иштирокчилари молиявий хатарларни бошқалар гарданига юклашга интилишада ва ҳолат янада мураккаблашади. Оддий қилиб айтганда замонавий молия тизими орқали кредит олган мижоз, иш қандай боришидан қатъий назар кредит бўйича фоизларни тўлайди, қарзнинг асосий қисми ҳам олинган гаров ёки кафолат ҳисобидан қайтарилиши таъминланган. Бунда, қарздордан фарқли ўлароқ, қарз берган молия муассасаси деярли ҳеч қандай хатар билан тўқнаш келмайди. Хатарларнинг бундай номутаносиб тақсимланиши, молия муассасаларига бу турдаги қарзларнинг янада кўпайтириш имконини беради, ҳамда чайқов амалиётининг кучайишига олиб боради.
Истеъмол кредитлари: янада каттароқ муаммо
Истеъмол кредитлари ҳам бошқа молиялаштириш усул ва турлари каби замонавий иқтисодий/молия тизимининг ажралмас қисмидир. Дарҳақиқат, истеъмол кредитларининг кенг тарқалиши ва осон қўлланилиши туфайли турмуш даражаси сезиларли даражада ўсди. (Jacque, 2001, p. 20).
Аччиқ ҳақиқат шуки, замонавий жамиятларнинг кўпчилигида жамғармалар жуда паст даражада ва шу туфайли истеъмол даражасининг юқори кўрсаткичлари асосан кўп қарз жалб қилиш ҳисобига эришилади (Blackburn, 2012, p. 57). Бу турдаги, яъни қарз улуши катта бўлган истеъмол тури молиявий инқироз билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Чунки, ўта фаол маркетинг натижасида қарзнинг даромадга бўлган нисбати ортиши нафақат истеъмолчининг оила бюджетига босим ўтказади, балки тизимли хатарни ҳам оширади (Geisst, 2010, p. 210). Истеъмол кредитлари молия бозорининг бошқа йўналишларига қараганда камроқ назорат қилиниши/бошқарилиши (масалан Марказий банк ёки бошқа мутасадди ташкилот томонидан) вазиятни янада мураккаблаштиради.
Истеъмол кредитлари билан боғлиқ муаммони тушуниш учун замоний ғарб жамиятларидаги ҳолатга чуқурроқ назар солиш кифоя. Бугунги кунда ғарб малакатларида, банклар аҳолига деярли барча нарсага, уй-жойдан тортиб гўшт майдалагичгача кредитлар ажратишади ва аҳоли бу тизимга шунчалик ўрганганки, деярли ҳар бир одам бирор бир ишга кириши биланоқ моддий ҳолатини бирданига яхшилаш мақсадида турли хил истемол кредилари олади (уй-жой, автомашина, рўзғор анжомлари ва ҳ.к.з. учун), яъни ҳаётини қарз олишдан бошлайди. Ҳолат шу даражага етганки, акарият аҳоли олган кредитлари бўйича бир умр фақат фоиз тўлаб ўтади ва бунда асосий қарзни ёпиш ҳақида ўйламайди ҳам. Ўз навбатида банклар ҳам бу ҳолатдан манфаатдор, чунки банкка доимий равишда фоиз тўлаб юрувчи ишончли мижоз бўлгани яхши. Олинган қарзлар муаммосини «мерос» қилиб олувчи кейинги авлод ҳақида қайғуришдан эса ҳар икки тараф ҳам манфаатдор эмас.
Инсоннинг қарз ҳисобига бирор бир эҳтиёжини қондиришга бўлган зарурияти доим бўлган ва бу инсон ҳаётининг бир қисми деса ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам ислом дини турли шартномалар асосида амалга ошириладиган қарз амалиётини таъқиқламайди.
Аммо, бугунги кундаги истеъмол кредитлари масаласидаги умумий ҳолат қарзнинг ўсиш суръати шахсий даромадларнинг ўсишига нисбатан анча кучли эканлигини намойиш этмоқда. Мазкур ҳолат қарз олувчи ва истеъмолчиларнинг молиявий саводи юқори эмаслиги туфайли янада жиддий тус олмоқда, чунки бу, қарз маблағларидан масуълиятсиз фойдаланиш, шахсий жамғармаларнинг камайиши, ҳамда кредитларнинг назоратсиз сарфланишига олиб келмоқда.
Хусусан, қарзни кредит картаси орқали олиш ҳудди гиёҳванд модда каби назорат қилиш қийин бўлган хавфли маҳсулот деса бўлади. Кредит картасининг хавфи унинг жуда юқори фоизда берилиши ва истемолчига қулай бўлиб кўринишидадир. Бу эса охир-оқибат молиявий муассаса ва истемолчи ўртасидаги муносабатларни қарздорнинг эксплуатацияга айлантириб, унинг қарзга ботишига олиб боради.
Қарзга бўлган муносабат дунёнинг турли қисмларида қарзнинг даражасига сезиларли таъсир кўрсатиши кўпчилик томонидан тан олинган (Logemann, 2012, p. 212). Албатта мусулмонлар ҳам бундай молиявий муносабатларга киришадилар. Бироқ исломда қарз муносабатлари таъқиқланмаганлиги, аммо рағбатлантирилмаслиги, ҳамда одамларнинг молиявий саводи юқори эмаслиги туфайли қарз олди-берди масалаларида заифлиги, бунинг оқибатида қарзларнинг ҳаддан ортиқ кўпайиши ва охир-оқибат иқтисодий-молиявий инқирозларнинг пайдо бўлишини олдини олиш зарурияти ислом молия тизими олдига янги – молия бозорини, айниқса кредитларни назорат қилиб бориш, ва керак пайтда қарздорлик даражасини тушириш чораларини кўриш вазифасини қўяди.
Хулоса
Исломда қарз муносабатлари таъқиқланмаган. Қарз масаласига оид умумий кўрсатма ҳам бор (яъни ислом инсонларни қарз масаласига тўғри муносабатда бўлишни ўргатади). Бироқ «қарз маданияти», бу тамомила бошқа муаммо. Анъанавий молия тизимидан фойдаланувчи замонавий жамият вакиллари микро ва макро даражада «қарз маданияти»нинг ҳалокатли таъсири олдида заифдирлар. Бу эса ўз-ўзидан уларнинг ҳам моддий, ҳам маънавий фаровонлиги катта ҳатар остида қолишини англатади.
Ислом молияси ахлоқ тамойиллари ва қадриятларини инсон ҳаётининг молиявий томонига ҳам татбиқ этишга қаратилган. «Қарз маданияти» турмуш тарзи сифатида исломга зид. «Қарз маданияти»нинг ҳалокатли оқибатлари ҳам кундек равшан. Ислом молиясининг вазифаси - замонавий «қарз маданияти»нинг ҳалокатли таъсирини инобатга олган ҳолда, жамият эҳтиёжларига жавоб бера оладиган молиявий муносабатлар андазасини таклиф қилишдир.