Марказий Осиё иттифоқи : ҚАНДАЙ ТИЛ СИЁСАТИ ?
Дониёр РўзметовИттифоқ тузиладиган бўлса, табиий равишда иттифоқнинг тил сиёсати ҳам кун тартибига чиқади. Иттифоқнинг расмий тили ёки тиллари қайсилар бўлади ва нима учун ?
Мавзунинг "юраги"га кирмасдан олдин биз кўпроқ ўрнак оладиган Европа Иттифоқида бу муаммо қандай ҳам қилинганлигига эътибор қаратамиз.
Европа Иттифоқида қандай ?
Европа Иттифоқига 28 давлат аъзо бўлиб, иттифоқнинг расмий тиллари 24 тадир ва уч хил алифбо қўлланади (лотин, кирилл ва грек). Қайсидир давлатлар ўз тилларининг расмий тил бўлишини хоҳламаганини ҳисобга олмаса (ҳа, шунақаси ҳам бўлади, бунга мисол Ирландия), Европа Иттифоқи деярли ҳар бир аъзо давлатнинг тилини расмий тил деб қабул қилган.

Европа Иттифоқига қарашли айрим муассаларда "ишчи тил" сифатида инглиз, француз ва немис тиллари ёки улардан бири қўлланилса ҳам расмий ҳужжатлар барча расмий тилларга истисносиз таржима қилинади. Европарламентда мажлислар, анжуман ва бошқа расмий йиғилишларда барча расмий тилларга синхрон таржималар қилинади. Баъзан айрим расмий тилларда таржимон топилмай қолганда, барча расмий тилларга таржималар таъминланиши учун бошқа тил орқали таржима қилиниш ҳоллари ҳам учраб туради. Масалан, сўзловчи румин тилида гапираётган бўлса ва румин-грек тили бўйича таржимон йўқ бўлса, румин-француз (ёки бошқа) тил бўйича таржима қилиаётган таржимоннинг таржимасидан француз-грек бўйича таржимон грек тилига таржима қилиб беради.
Расмий тиллар сиёсатини таъминлаш учун бутун бошли "таржимонлар армияси"ни ишлатади ва деярли барча давлатларда "Таржимонлик олийгоҳлари" ташкил қилинган. Тасаввур қилиш учун "Европа комиссияси"нинг биргина ўзи 2016 йилда 1750 тилшунос, 600 ассистент, 600 нафар тўлиқ ставкада ва 3000 нафар мустақил таржимонларни ишга ёллаган.
Марказий Осиё иттифоқи ҳудудларида аҳвол қандай ?
Марказий Осиёнинг аҳолиси таҳминан 75 миллион нафарга тенг. Беш давлатнинг барчасида "титул миллат" вакиллари кўпчиликни ташкил қилади. Вазият таҳминан қуйидагича :
Ўзбекистон (34 миллион аҳолидан) : ўзбеклар - 83%, тожиклар - 4,8%, руслар - 2,7%, қозоқлар - 4%, қирғизлар - 1,4%
Қозоғистон (18 632 000 аҳолидан) : қозоқлар - 66%, руслар - 21%, ўзбеклар - 3%
Тожикистон (8 875 000 аҳолидан) : тожиклар - 84%, ўзбеклар - 14%, қирғизлар - 0,8%, руслар - 0,46%, туркманлар - 0,2%
Қирғизистон (6 390 000 аҳолидан) : қирғизлар - 73,3%, ўзбеклар - 14,6%, руслар - 5,6%, тожиклар - 0,8%
Туркманистон (6 200 000 аҳолидан) : туркманлар - 85,6%, ўзбеклар - 5,8%, руслар - 5,1%.

Фоизларни рақамларга айлантириб чиқилса, Марказий Осиёда таҳминан 31 миллиондан ортиқ ўзбеклар, 13,5 миллиондан ортиқ қозоқлар, 9 миллиондан ортиқ тожиклар, 5,5 миллионга яқин туркманлар, 5 миллиондан ортиқ қирғизлар, 5,5 миллион атрофида руслар ва 6 миллионга яқин бошқа миллат вакиллари истиқомад қилишлари аён бўлади. Тил гуруҳлари бўйича туркий тилли аҳоли 55 миллион, форсий тилли аҳоли 9 миллион бўлар экан.
Рус тилли аҳоли рақамларда қуйидагича бўлади : Қозоғистонда : 3,9 миллион, Ўзбекистонда : 900 000, Қирғизистонда : 350 000, Туркманистонда : 310 000, Тожикистонда : 40 000.
Хулосалар ва таклифлар
Европа Иттифоқидай бир-бирига бегона давлатлар қўрқмасдан 24 та тилга расмий тил мақомини бериб, уларнинг тенг мақомларини таъминлаган бўлса, бирлашишга интилаётган Марказий Осиё давлатлари минтақанинг 5 та тилини расмий тил қилишлари муаммо бўлмаса керак. 5 та тилда оғзаки ва ёзма таржимонларга талаб ортиши бундай олийгоҳларнинг очилишига ва янги кадрлар тайёрланишига хизмат қилади. Биродарлик дастурлари асосида ўрта мактабларда марказий осиё тилларининг ўрганилишини ҳам тарғиб қилиш мумкин.
Давлатларнинг теле-радиоканаллари, матбуот нашрлари барча давлатларга тарқатилиши, сайёҳлик йўналишларининг йўлга қўйилиши, маданий тадбирлар ва бошқа ташаббуслар ўрта ва узоқ муддатларда давлатларнинг ўртасида тил борасида муаммо бўлмаслигини таъминлайди.
Минтақанинг туркий ва форсий тилли аҳоли ўртасидаги мулоқот муаммоси расмий доираларда синхрон ва ёзма таржималар орқали, халқлар ўртасида эса қисқа муддатларда рус тили орқали ҳал қилиниши мумкин. Узоқ муддатларда эса халқлар бир-бирларини тушуниб кетишлари ҳеч гап эмас.
Эътибор қаратилиши керак бўлган ва барча (айниқса Россия) диққат билан кутиб турган тил рус тилининг мақоми бўлади. Минтақада 5,5 миллион рус ва яна бирон миллион рус тилли бошқа миллат вакиллари бор десак, иттифоқ доирасида рус тилига расмий тил мақомини бериш керакми ?
Менинг жавобим - йўқ.
Ҳозирда рус тили Қозоғистон ва Қирғизистонда расмий тил ҳисобланади ва қолган уч давлатда рус тилининг расмий тил бўлишига ҳожат ва эхтиёж йўқ. Қозоғистон рус тилли аҳоли сони кўплиги сабабли рус тилини расмий тил сифатида сақлаб қолмоқчи бўлса, буни у миллий миқёсда амалга ошириши мумкин. Қирғизистон ҳам худди шундай. Рус тили "Марказий Осиё иттифоқи"нинг расмий тили бўлмайди ва Қозоғистон ва Қирғизистонда қозоқ ва қирғиз тиллари билан бирга давлат тили бўлиб қолаверади. Агар бу давлатлар иттифоққа оид ҳужжатларни рус тилига таржима қилиб қўйишни маъқул кўрсалар, улар бемалол буни қилишлари мумкин.
Умуман олганда, минтақа давлатларидаги рус тилига оид миллий сиёсатлар ўзгармайди. Ҳар бир давлат ҳозир қандай сиёсат юритаётган бўлса, шунда давом эттираверади, рус тилидаги мактаб ва олийгоҳлар ишлайверади. Иттифоқ даражасида бунга эхтиёж йўқ.
Минтақанинг 5 тили расмий тили қилиб танланишидан рус тили ҳеч нарса йўқотмайди, балки Марказий Осиё тилларининг мавқеи ортади. Расмий доиралар ва халқлар бир-бирлари билан мазкур тилларни қўлласалар уларнинг яқинлашувлари ҳам тезлашади.