Марказий Осиё иттифоқи: Қандай шакл ва моҳият?

Марказий Осиё иттифоқи: Қандай шакл ва моҳият?

Дониёр Рўзметов

Марказий Осиё иттифоқи, унинг қандай бўлиши кераклиги ҳақида кўплаб фикрлар билдирадилар.

Оптимистлар бутун Марказий Осиё бир бутун давлатга айланиши кераклигини айтадилар. Кимлардир Марказий Осиё давлатлари АҚШга ўхшаб штатлардан такил топиши керак дейдилар. 

Яна бировлар давлатлар конфедерацияга бирлашиши керак деб ҳисоблайдилар. Ва бошқалар Марказий Осиё давлатлари Европа Иттифоқига ўхшаган иттифоққа бирлашиши керак дейдилар.

Мен қуйида шулар ҳақида фикр билдирмоқчиман. 

Оптимистларни хафа қилсам ҳам илк уринишда бу ишнинг амалга оширишнинг иложи йўқ. Аксинча, бундай қилишга уриниш суверенитетини йўқотишдан қўрққан давлатларни қочириб, лойиҳани барбод қилиши мумкин. Балки келажакда, давлатлар бу ишни қилиш учун етарлича яқинмиз деб ҳисоблаганларида амалга ошиши мумкин.

АҚШ, Германия ёки Ҳиндистонга ўхшаган президентлик ва парламентар давлатлар федерал давлатлар бўлиб, уларда барча "Штат" ёки "Метропол"лар мустақил сиёсат олиб борсалар ҳам уларнинг суверенитети марказий федерал ҳокимиятга қарашли бўлади. 

Масалан "Марказий Осиё Қўшма штатлари" 5 штатдан ташкил топадиган бўлса, Штатлар марказий федерал ҳокимиятга қарашли бўладилар. Лекин штатларнинг губернаторлари маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб федерал қонунлар ва конституцияга зид бўлмаган ҳолда қонунлар қабул қила оладилар.

Россия федерациясини бу рўйхатга қўшмаяпман, чунки Россиянинг федеративлиги мустамлакачи ва мустамалакалар муносабати устига қурилган. Худди совет иттифоқига ўхшаб, қоғозда ҳамма тенг, амалда Россия бошқаларнинг суверенитетини 100% эгаллаб олган.

Конфедерация федерациянинг тескариси бўлиб, унда конфедерацияга бирлашган давлатлар ўз суверенитетларини 100% сақлаб қоладилар ва уларнинг тепасида марказий ҳокимият мавжуд бўлмайди. Бу шакл бир қарашда чиройлидай кўринади, аммо унинг самарасизлиги боис дунёда амалда биронта ҳам конфедерация мавжуд эмас. Канада ва Белгия қоғозда конфедерация деб айтилса ҳам амалда унинг тескариси бўлган федерация усулида бошқариладилар.

Бу худди ошналарнинг чойхонасига ўхшаган нарса. Ҳамма кўнгилли бўлиб йиғилади, бирга ош ейди, муаммоларни ҳал қилиб олади, салом-алик қилади. Лекин кимдир келмай қолса, икки ошна урушиб қолса ёки бир кун чойхонага келмаймиз деб қарор қилинса, бу ташкилот тезликда йўққа айланиши мумкин. Албатта шарт ва қоидаларни белгилаб қўйиш мумкин. Масалан Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги тагкилоти конфедерацияга энг яқин ташкилот ҳисобланади. Барча йиғилади, гаплашади, амалда фойдаси кам. Биров келмаса (масалан Украина) уни ғийбати қилинади, лекин чора кўрилмайди.

Европа иттифоқи федерация ва конфедерация ўртасидаги ташкилот ҳисобланади. Давлатлар мустақил, лекин марказий ҳокимият ҳам мавжуд.

Давлатлар ўз суверенитетларининг берса бўлади деб ҳисоблаган қисмларини марказий ҳокимиятга берганлар (ўз пул бирликларидан кечиб, "Евро"га ўтиш,"Шенган" ҳудуди), ўзларига тўғри келмайди деб ҳисоблаган қисмларини сақлаб қолганлар (бюджет, солиқ, ижтимоий модел, армия ва ҳоказо). 

Шулардан келиб чиқиб, Марказий Осиё қандай шакл ва моҳиятни танлаши керак деган ҳақли савол туғилади. 

Агар давлатларда жасорат етарли бўлганида тўғридан-тўғри федерация шаклига ўтилса, яхши бўларди. Шунда бир давлатга бирлашиш тарафдорларининг ҳам орзулари қисман амалга ошарди. Аммо "суверенитет" масаласи бу ерда ҳам лойиҳани барбод қилиши мумкин. Марказий Осиё давлатларининг аксарияти деярли феодал тузумга монанд авторитар давлатлар бўлганлиги учун уларнинг давлат раҳбарлари ва мулозимлари учун "суверенитет" халқнинг эмас, балки ўз оила ва кланларининг мустақиллигини англатади. Яъни ўзлари ҳукмрон давлатнинг суверенитети улар учун жигарларидан ҳам азиз ҳисобланади. Шунинг учун улар халқни ўйлаб суверенитетдан кечишлари осон бўлмайди.

Конфедерация масаласига тўхталиб ўтдим.

Европа Иттифоқи танлаган йўл, яъни суверенитетнинг берса бўладиган томонларини марказий ҳокимиятга бериб, қолган "азиз" қисмини ўзида сақлаб қолган ҳолда иттифоққа бирлашиш йўли ёмон эмас деб ўйлайман. Биз айнан Европа иттифоқининг моделини кўчириб олишимиз шарт эмас. Аксинча иттифоқни қуришда Европа иттифоқининг хатоларини ўрганиб, улардан хулосалар чиқариб, ўзимизга мос бўлган шаклда қуришимиз мумкин бўлади.

Масалан Россия таклиф қилаётган ЕОИИда ҳам, Европа иттифоқида ҳам иттифоқдошларнинг мавқеи тенг эмас. ЕОИИда Россия хўжайин бўлса, Европа иттифоқида Германия ва Франция хўжайин ҳисобланади. Марказий Осиё иттифоқида аҳоли сони, топадиган пули, ҳудудининг катталигидан қатъий назар барчага тенг ҳуқуқ берилиши бу иттифоқда ишонч мустаҳкам бўлишига хизмат қилиши мумкин. 

Умумий пул бирлиги, умумий чегаралар, инсонларнинг эркин ҳаракат қилишлари, умумий бозорлар борасида бемалол келишиш мумкин. Тўғрироғи, МДҲ доирасида бу нарсаларнинг аксарияти аллақачон амалда қўлланмоқда. Бундан ташқари, солғқлар, маошлар, ижтимоий муҳофаза тизимларинининг уйғунлаштирилиши иттифоқдошлар ўртасида адолатсизлик юзага келишининг олдини олади. ЕОИИда Россия шуни таклиф қилмоқда, фақат барча шартларни Россининг манфаатларига мослаб тузиб чиқиб, кейин таклиф қилмоқда.

Умумий мудофаа тизими ҳам иттифоқнинг бошидан тузилиши керак, акс ҳолда кейинчалик амалга оширилиши қийин бўлади.

Шартларнинг деталларини узоқ давом эттириш мумкин ва улар бир мақолага сиғмайди. Яхшиси, уларни батафсил қилиб ишлаб чиқиш ва халқнинг муҳокамасига қўйиш керак бўлади.

Шундан келиб чиқиб, хулоса ўрнида мен айнан "Марказий Осиё иттифоқи" шаклини танлашни маъқул кўраман. Иттифоқнинг қандай номланиши ҳозир муҳим эмас. Асосийси, унинг амалга ошишидир.


Мақолани Телеграфда ўқиш учун ҳавола: https://telegra.ph/Biz-doim-birga-bolganmiz-05-26


Телеграм каналга аъзо бўлиш ва бошқаларга тарқатиш учун ҳавола

👉 https://t.me/uchzamon

Report Page