Qamashi tuman hokimligi

Qamashi tuman hokimligi


“Daryo.uz” сайтида “Қашқадарёда ҳомиладорларни туғруқхонага етказиш учун дарёдан замбилда олиб ўтиладиган, жин кўприкдан йиқилганлар эса ногирон бўлиб қолаётган қишлоқ бор” номли мақолага муносабат.

Мақолада Қамаши туманидаги 5 та қишлоқ аҳолисига бир неча йиллардан буён ноқулайликлар келтираётган, туман учун муҳим бўлган кўприк қурилиш зарурати кўтарилган.

Қамаши тумани “Довуд” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Қизилтепа-Лангар-Майданак” автомобиль йўлининг 15 км.даги Лангар дарёсидан кесиб ўтувчи автомобиль ўтадиган кўприкка зарурат борлиги юзасидан келиб тушган мурожаатлар сайёр қабуллар вақтида ҳам ўрганилган. Хусусан, туман ҳокими 2019 йилнинг ноябрь ойида “Довуд” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказган сайёр қабулида ҳам бу масала кўтарилган эди. 

Кўприк қурилишига заруратни ўрганиш давомида “Довуд” маҳалласидаги 70 метрлик янги кўприк барпо этилиши натижасида Довуд, Тўдана, Ханнар, Калтатой, Қоранқул қишлоқларининг 1852 та хонадонидаги 18 550 нафар аҳоли учун туман маркази билан боғловчи хавфсиз йўналиш бўлиши ойдинлашган.

Шерали Санаев “Daryo.uz” сайтида эълон қилинган мақоладан сўнг Калтатой қишлоғига борди ва оқсоқоллар билан суҳбатлашди. Туман ҳокими Калтатой қишлоғида зарурати юқори бўлган кўприк қурилиши бўйича туман бош меъморига 3 хил йўналишдаги лойиҳа тайёрлаш бўйича кўрсатма берди. Лойиҳалар маблағ талаб қилинишга қараб 3 турга бўлинади. Маҳалла аҳолиси билан келишган ҳолда кўприк қурилиши лойиҳасининг бири танланади.

-Лойиҳачи ташкилотларга буюртма бердик, - дейди туман бош меъмори Дилшод Ҳакимов. Улар Калтатой қишлоғидаги кўприк қурилиш зарур бўлган жойни ўрганиб ўз таклифларини беришини маълум қилишди. 

Шунингдек, осма кўприк ҳолати ҳам ўрганилиб, таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланди. 

Баҳор мавсумидаги ёғингарчилик сабаб юзага келаётган сел натижасида тоғли ҳудудларда аҳолининг туман маркази билан боғловчи йўлдан фойдаланиши янада қийинлашади. Бу ҳолатларни одини олиш мақсадида туман ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоят фавқулотда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда тоғли ҳудудларда хавфсизлик чораларини кўриш мақсадида сел вақтида талофатни камайтириш ишларини амалга ошириб келмоқда.

Мақолада “Сел дарё қирғоғини ювиб кетиши оқибатида қирғоқ емирилиб, аҳоли уйларига яқинлашиб қолган. Икки-учта хонадон вакиллари селдан қўрққанидан уйларини бузиб олиб, кўчиб кетди. Сел яна 21 та уйга хавф солмоқда”, дейилади. Ўзбекистон Республикасида белгиланган қоидаларга кўра сиғими катта дарё, катта сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари атрофида — 100-250 метр масофада қурилиш қилишга рухсат берилиши белгиланган. Фавқулотда вазиятлар мутахассиси ушбу ҳудудда дарёдан 200-250 метр узоқликда қурилиш қилиш мумкинлигини билдирди.

Кўприк қурилиши бўйича лойиҳа тайёр бўлгач, туман ҳокимлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий каналлари орқали эълон қилинади.

Қамаши туман ҳокимлиги ахборот хизмати       


Report Page