“Qalampir.uz” сайтида эълон қилинган мақола юзасидан расмий баёнот

“Qalampir.uz” сайтида эълон қилинган мақола юзасидан расмий баёнот


Бугун, 14 сентябрь куни “Qalampir.uz” сайтида “Мораторий фақат қоғоздами? Сурхондарёда 160 туп дарахт кесиб ташлангани айтилмоқда (фото)” номи остида мақола эълон қилинди.

Мақолада Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида бир кечада 160 тупдан ортиқ тут дарахти қўпорилиб, ўрнида қурилиш бошлангани баён этилган ва жараёнлар бўйича расмлар илова қилинган.

Ушбу мақола эълон қилиниши билан, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бошқарув раисининг топшириғига асосан, Сурхондарё вилоят “Агропилла” МЧЖ раҳбари Ш.Чориев бошчилигида ишчи гуруҳи тузилиб, масъул ходимлари мазкур ҳолатни ўрганиш учун воқеа жойига юборилди.

Маълум бўлдики, Сурхондарё вилоятининг Шўрчи тумани Ободон ҳудуди, Термиз – Душанбе халқаро йўли ёнида 4 гектарлик тутзор орасидан 160 донадан ортиқ тут дарахти бир кечада 13 сентябрдан 14 сентябрга ўтар кечаси номаълум фуқаролар томонидан кесиб, томири билан қўпориб олинган.

Тут дарахтларининг ўрнида бугун, 14 сентябрь эрта тонгдан қурилиш ишлари бошланган. Узунлиги 40 метр, энига 18 метр бўлган йирик бинонинг пойдевори қурилишида 8-10 нафар киши ишлаётгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Ишчи гуруҳи томонидан тегишли тартибда далолатнома тузилиб, “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига тақдим этилди. Далолатномага кўра Шўрчи туман Кадастр агентлиги  ушбу ҳудуд ҳақиқатан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тизимидаги “Шўрчи Тайёрлов Агропилла” МЧЖнинг балансида эканлигини тасдиқлагани кўрсатилган.

Маълум бўлдики, ушбу ҳудудда қурилиш ишларини бошлаган “Олтин учбурчак” лойиҳаси раҳбари Дилором Ўролавага Шўрчи тумани ҳокимининг 2021 йил 8 апрелдаги Қ-708-сон қарори билан автобус бекати ва санитария-гигеник (маиший хизмат кўрсатиш) шаҳобчаси қуриш учун ажратиб берилган.

Қарорда Сурхондарё вилоятининг Шўрчи тумани Ободон ҳудудидаги тутзор майдоннинг “Шўрчи Тайёрлов Агропилла” МЧЖ томонидан Шўрчи тумани хокимлиги балансига “Шўрчи Тайёрлов Агропилла” МЧЖнинг 2021 йил 29 мартдаги 02-17-01/2209-сонли хатига асосан қайтарилгани кўрсатилган.

Ишчи гуруҳи томонидан жараён ўрганилганида “Шўрчи Тайёрлов Агропилла” МЧЖ томонидан ушбу тутзорнинг Шўрчи тумани хокимлиги балансига қайтарилиши тўғрисида ҳеч қандай хат чиқарилмагани маълум бўлди.

Ишчи гуруҳинининг ўрганиш хулосалари асосида Шўрчи тумани прокурорига билдириш хати билан чиқилди ва ҳудудда қурилиш ишлари тўлиқ тўхтатилди.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси олинган хулосалар асосида ушбу ноқонуний қилинган ҳатти-ҳаракатлар юзасидан суриштирув олиб бориш ва ушбу жиноятнинг асл сабабчиларини аниқлашда ва уларга Ўзбекистон Республикаси Қонунларида кўрсатилган тартибда чора кўришларини сўраб, 2021 йил 14 сентябрь куни ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни мухофаза қилиш давлат қўмитасига хат киритилганлигини маълум қиламиз.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси “Qalampir.uz” сайти таҳририятига бу каби ҳолатлар бўйича муносабат билдирганлиги учун миннатдорлик билдиради ва келгусида соҳанинг ривожи йўлида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини маълум қилади.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси
Матбуот хизмати

Report Page