“Прописка” тушунчаси янгиланади.

“Прописка” тушунчаси янгиланади.


Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 майдаги 320-сонли қарори билан “Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 28 декабрдаги 1049-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар” тасдиқланди. Ушбу қарор билан прописка тушунчаси ўрнида рўйхатга олиш тушунчаси қўлланилиши белгиланди. Жумладан;

1. Қарор номидаги «доимий ва вақтинча прописка қилиш» сўзлари «фуқароларни доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш» сўзлари билан алмаштирилди;

2. 1-банддаги иккинчи хатбошидаги «доимий прописка қилиш, пропискадан чиқариш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш» сўзлари «фуқароларни доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш» сўзлари билан алмаштирилди;

Шунингдек,

- 3-банднинг матни:

«Фуқаролар 2021 йил 1 январдан бошлаб, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга туриш юзасидан ўзларига қулай бўлган туман (шаҳар) ички ишлар органлари ёки Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари мумкинлиги белгилаб қўйилсин» деб баён қилиниши белгиланди.

-                    4-банднинг матни:

«Ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Давлат ҳокимияти органлари, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари раҳбарлари ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассисларга ва тор ихтисосликдаги мутахассисларга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш учун асосланмаган илтимосномалар берганлиги учун шахсан жавобгар эканликлари тўғрисида огоҳлантирилсин» деб баён қилиниши белгиланди.

-                     5-бандда:

биринчи хатбошидаги «ва вақтинча прописка қилиш, турган жойи бўйича ҳисобга» сўзлари «яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга» сўзлари билан алмаштирилди;

иккинчи хатбошидаги «прописка қилиш, пропискадан чиқариш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш» сўзлари «доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ҳамда доимий рўйхатга олинганликни бекор қилиш» сўзлари билан алмаштирилди;

учинчи хатбошидаги «прописка қилиш ёки турган жойи бўйича ҳисобга олиш» сўзлари «яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишда» сўзлари билан алмаштирилди;

тўртинчи хатбошидаги «прописка қилиш ёки турган жойи бўйича ҳисобга» сўзлари «яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга» сўзлари билан алмаштирилди;

бешинчи хатбошидаги «ҳисобга» сўзи «рўйхатга» сўзи билан алмаштирилди.

Хулоса қилиб айтганда,мазкур қарор билан яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш (прописка қилиш ёки турган жойи бўйича ҳисобга олиш) да нафақат атама балки рўйхатга олиш тизимида ўзига хос ўзгариш ҳамда фуқаролар учун қулайлик ва енгилликлар яратилди.


Абдурахимов Муродилла.

Янгиқўрғон туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси



Report Page