Президент маслаҳатчиси ўринбосари Бухорога келди. Янги ректорга муҳим вазифа қўйилди

Президент маслаҳатчиси ўринбосари Бухорога келди. Янги ректорга муҳим вазифа қўйилди

Buxoro.uz

Бугун, 19 сентябрь куни Бухоро давлат тиббиёт институтига янги ректор тайинланиши муносабати билан йиғилиш ўтказилди. Йиғилишни вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров кириш сўзи билан очди. 

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Бухоро давлат тиббиёт институтининг собиқ ректори Амрилло Иноятов йиғилганларга янги тайинланган ректор, тиббиёт фанлари доктори, профессор Тешаев Шухрат Жумаевични таништирди.

Амрилло Иноятов маърузаси давомида ректор вазифасини бажарувчи Шуҳрат Тешаевга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномаси ва жорий йилнинг 31 январь санасида Тошкент шаҳридаги илмий-тадқиқот институтлари олимлари ҳамда мамлакатдаги барча олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва ректорлар билан ўтказган учрашувларида кўтарилган масалалар юзасидан дастур тузиб олиш вазифасини топширди.

Ушбу дастурда Бухоро давлат тиббиёт институтида таълим сифати, илмий салоҳият ва коррупцияга қарши кураш каби энг долзарб масалалар ўрин олиши ва бу бўйича қилинадиган ишлар аниқ тизим асосида олиб борилиши лозимлигини уқтирди.

Шунингдек, сўзга чиққанлар Шуҳрат Тешаевни янги лавозимга тайинланиши муносабати билан муборакбод этишди. Ҳамда унинг келгусидаги ишларига муваффақиятлар тиланди. 

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Шуҳрат Тешаев лавозимга тайинлангунига қадар Бухоро давлат тиббиёт институти таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси бўлим бошлиғи вазифасида фаолият олиб борган. Салоҳиятли олим сифатида 10 дан зиёд тиббиёт фанлари номзодлари ва фан докторлари тайёрлаган. Шунингдек, у одам анатомияси фанидан тайёрлаганган илк смарт китобнинг муаллифи саналади. 

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page