Президентдан мактуб олгандим...

Президентдан мактуб олгандим...


Мактабга илк бор қадам қўйган куним ёдимда. Синфга кирдик. Муаллима опамиз яхши ўқишимиз учун совға юборганингизни айтди. Чиройли ва сифатли ўқув қуроллари юборибсиз. Барчамизники бир хилда бўлса ҳам, негадир менинг портфелим, дафтарларим бошқаларникидан чиройлироқ, кўркамроқ туюларди... Шу куни илк бор синф деворида суратингизни кўрдим. Бизга мамнун боқиб турардингиз.

Дарсдан қайтгач, совғаларимни ҳаммага кўз-кўз қилиб чиқдим. Дадам ишдан қайтганида у кишига ҳам мақтандим.

– Бу ишонч, ўғлим, – деди дадам. – Ишонч­ни доим оқлаш керак. Яхши ўқигин...

Шу кундан бошлаб, ўқишга қаттиқ бел боғладим. Ўйинқароқлик қилиб уй вазифаларини вақтида бажармасам, суратингиз "хафа" бўлиб қолгандай туюларди менга.

Қишки таътил эди. Опам туғилган кунингиз яқинлашиб келаётганлигини айтиб қолди. Олти ой "алифбо"дан сабоқ олиб, саводим анча чиқиб қолганди. Ўз қўлим билан Сизга хат ёзмоқчи бўлдим. Катта дафтаримдан икки варақ ажратиб олдимда, ёзишга киришдим:

"Ассалому алайкум, бобожон. Соғлиғингиз яхшими? Мен Сизни яхши кўраман. Ҳозир биринчи синфда ўқияпман. Юборган совғаларингизни олдим. Раҳмат, менга жуда ёқди. Мендан сўрасангиз, ўқишларим яхши. Тунов куни телевизорда Сизни кўрдим. Бизга қарата "Ўзбекистон келажаги сизларнинг қўлингизда. Мен сизларга ишонаман", деганингизда тўлқинланиб кетдим. Ваъда бераман, ишончингизни оқлайман.

Бобожон, яқинлашиб келаётган туғилган кунингиз билан табриклайман. Бизнинг бахтимизга ҳамиша соғ бўлинг".

Мактубимни опамга кўрсатдим. У мени етаклаб почтахонага олиб борди. Хатимни жилдга солиб, Сизга юбордик.

Ўзимда йўқ шод эдим. Бир томондан хавотирланардим. Хатим Сизга етиб борармикан? Йўлда йўқолиб қолса-чи?.. Йўқ, мактубим етиб борибди. Бир ойлар ўтиб Сиздан жавоб келди. Бу менинг номимга келган ҳаётимдаги илк хат эди.

"Орифжон, мактубингни олдим. Сизлар бор экансиз, Ватанимиз эртаси порлоқ бўлади. Яхши ўқигин. Муаллимларинг топшириғини ўз вақтида бажарсанг, сендан катта одам чиқади. Мен бунга ишонаман..."

Ҳа, бу Сизнинг мактубингиз эди. Ҳеч ким биз, ёшларга сизчалик ишонмасди. Биз келажакка ишонч билан боқишни Сиздан ўргандик.

Тўққиз йил мактабда олган таҳсилим давомида Сизга берган ваъдамни бажаришга ҳаракат қилдим. Тўққизинчи синфдалигимда шаҳар миқёсида ўтказилган фан олимпиадасида ғолиб бўлдим. Ўзимда йўқ хурсанд ҳолда Сизга яна мактуб йўлладим. Қизиқишларим, келажакдаги режаларим ҳақида Сиз билан ўртоқлашдим. Сиздан ғойибона оқ фотиҳа олдим.

Мактабни имтиёзли тамомлаганимда, касб-ҳунар коллежига имтиҳонсиз қабул қилинганимда, олийгоҳ талабаси бўлганимда – умуман, ҳар бир ютуғимда Сизнинг рағбатингизни ҳис қилардим. Ҳар гал девордаги суратингиз мамнун боқиб турарди.

Учинчи босқичда ўқиб юрган кезларим. Вилоятимизга ташриф буюрадиган бўлдингиз. Ўшанда Сиз билан учрашишга мени ҳам таклиф қилишди. Қўлимда оқиш зарҳал ҳошияли таклифномани тутганча, кўзларимга ишонмасдим.

Ўша кун кечагидек ёдимда. Вилоят ҳокимияти залида бир гуруҳ ёшлар қаторида Сиз билан учрашиш бахти менга ҳам насиб этди. Қарийб тўрт соат давом этган тадбирда Сиз қайта-қайта ёшлар масаласига тўхталар, "Мен сизларга ишонаман. Эртамизни сиз қурасиз", дея бот-бот такрорладингиз.

Ўша куни менда яна бир сўзингиз чуқур таассурот қолдирди:

– Мен бу ҳаётга нима учун келдим? Мендан эл-юртим қандай наф кўрди? Мен ўз келажагимни қандай тасаввур қиламан? Мана шу саволларни ҳар бирингиз чуқур ўйлаб кўринг. Чунки, инсон омили деганда айни шулар назарда тутилади, фарзандларим. Бу ерда иштирок этмаётган дўстларингиз, тенгдошларингизга ҳам бориб айтинг: дўстим, биз баланд марраларга эриша оларканмиз. Президентимиз бизга ишонаркан. У киши ҳаммамизни яхши кўришини айтди...

Сиз билан учрашгач, келажакка ишончим янада ортди. Гўё қўлимдан ҳамма нарса келади, фақат бунга ҳаракат қилсам, бас. Ҳа, Сиз бизга ана шундай ишонч бера олдингиз. Ана шундай катта шижоат билан ишга киришдим. Юксак марраларни забт этишни, бу ҳақида Сизга ҳам хабар бериб, хурсанд қилишни дилимга тугиб қўйгандим. Интилишларим самарасиз бўлмади. Навоий номидаги давлат стипендиясига сазовор бўлдим.

Олийгоҳни тамомлаб, йўналишим бўйича магистратурага имтиёзли ўқишга кирдим. Лекин... афсуски Сиз билан хурсандчилигимни бўлишишга улгуролмадим. Машъум хабар миллионлаб кишилар қаторида мени ҳам чуқур қайғуга солди...

Сиз доим халқимизнинг иродаси ва саботи хақида тўлиб-тошиб гапирардингиз. Оғир дамларда Сиз бир умр суянган халқ ўзини муносиб тутди. Сизни йўқотиш қалбимизда битмас яра қолдирган бўлсада, хал­қимиз ўзини қўлга олди. Бунда муносиб ворисингиз раҳнамолик қилди.

Бугун туғилган кунингиз. Ўн саккиз йил аввалгидек, Сизга мактуб ёздим. Аммо энди юборолмайман... Фақат бир нарса таскин беради: Сиздан келажакка ишонч бизга мерос бўлиб қолди. Бу мерос ҳеч қачон завол билмайди.

Сиздан олган илк мактубим, Сиз билан учрашувга берилган таклифнома, шахсий кутубхонамни безаб турган китобларингиз, портретингиз – ҳар бири энг азиз ва қадрли буюмларим қаторида турибди. Улар менга Сиздан ёдгорлик. Келажакда фарзандларим учун айтиб беражак буюк сарбон ҳақидаги хотираларимнинг шоҳидлари...

Орифжон ОДИЛОВ.

Report Page