Президент мактабиларига талабгорнинг 4-синфда математика ва табиатшунослик фанларидан йиллик баҳолари "5" бўлиши лозим

Президент мактабиларига талабгорнинг 4-синфда математика ва табиатшунослик фанларидан йиллик баҳолари "5" бўлиши лозим

https://t.me/aoka_uz

АОКАда ўтказилган брифингда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Жўрабек Жангиров Президент мактабларига 2023/2024 ўқув йилига қабул юзасидан маълумот берди:

1.             Президент мактабларига қайси синфга неча нафар ўқувчилар қабул қилинади?

Президент мактабларига ҳар йили 2 та 5-синфга 24 нафар ўқувчилар қабул қилинади.

2.             Президент мактабига қачон ва қанақа ҳужжатлар топширилади?

Президент мактабининг танловида иштирок этиш учун ҳоҳиш билдирган ўқувчининг ота-онаси жорий йилнинг июнь ойида Агентликнинг махсус портали (ariza.piima.uz) орқали электрон шаклда қуйидаги ҳужжатларни топширадилар:

- талабгор тўғрисида маълумотнома;

- талабгорнинг охирги 2 ой давомида тушган фотосурати;

- ўқув йили натижасига кўра талабгор баҳолари (электрон) табелининг мактаб директори томонидан тасдиқланган нусхаси;

- Талабгор ва унинг ота-онаси ёки қонуний вакилларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари ва алоқа учун телефон рақами платформага киритилади.

3.             Президент мактабига ҳужжат топшириш учун ўқувчининг баҳоларига қанақа талаб қўйилади?

Президент мактабига ҳужжат топширадиган талабгорнинг

4-синфдаги математика, табиатшунослик фанларидан йиллик баҳолари аъло, яъни 5 баҳо бўлиши талаб этилади.

4.             Ўқувчи Республикадаги ҳоҳлаган Президент мактабига ҳужжат топшира оладими?

Ҳужжатлар фақат номзод ўқиётган умумтаълим муассасаси жойлашган ҳудуд (вилоят)даги Президент мактабига топширилади.

5.             Президент мактабига кириш имтиҳонлари қайси фанлардан ва қанақа тартибда ўтказилади?

Президент мактабига кириш имтиҳонлари 2 босқичда ўтказилади.

1-босқич — математика фанидан 30 та топшириқдан иборат тест шаклида ўтказилади.

биринчи босқич натижасига кўра қабул квотасида белгиланган ҳар бир ўринга 20 киши ҳисобидан, яъни максимал 480 нафар талабгорлар 2-босқичда иштирок этишга рухсат этилади;

2-босқич — фикрлаш қобилиятини аниқлаш бўйича — 40 та топшириқдан иборат тест;

инглиз тилидан — 40 та топшириқдан иборат тест.

6.             Кириш имтиҳонларининг натижалари қачон эълон қилинади?

Кириш имтиҳони натижалари Агентликнинг расмий веб-сайтида имтиҳон топширилган кундан кейин 30 кун мобайнида эълон қилинади.

7.             Президент мактабида ўқиш учун пул тўланадими, ўқувчилар учун қандай шароитлар яратилган?

Президент мактабининг кириш имтиҳонларидан ўтган ўқувчилар тўлиқ бепул таълим олишади.

Ўқувчилар учун мактабда қуйидаги шароитлар яратилган:

- замонавий ётоқхона билан таъминланади,

- 1 кунда 5 маҳал бепул овқатланишади,

- дарсдан сўнг тўгарак машғулотларига жалб қилинади,

- турли хил спорт турлари (футбол, воллейбол, баскетбол, сузиш, теннис ва б) билан шуғулланишади,

- бепул кийим-кечаклар билан таъминланади;

- STEAM (математика, физика, кимё, биология, информатика) фанлари чет эллик педагоглар томонидан инглиз тилида ўқитилади;

- дарслик ва керакли мактаб қуроллари билан бепул таъминланади;

- 11-синф битирувчилари танланган фанлар асосида халқаро малака имтиҳонларида иштирок этиб, улардан муваффақиятли ўтган тақдирда, етакчи хорижий олий таълим муассасаларига кириш имкониятига эга бўладилар.

Қўшимча маълумотлар.

Умумтаълим муассасаларининг тегишли синфларида ўқишни тўлиқ тамомлаган талабгорлар Президент мактабининг шундай синфида такроран ўқишни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.

 Қуйидаги ҳолатларда ҳужжатларни қабул қилиш рад этилади:

- белгиланган муддатлардан кейин саралаш танловида иштирок этиш хоҳишини билдирган тақдирда;

- талабгорлар ўқув йили натижасига кўра, математика ва табиатшунослик фанларинидан йиллик баҳолари аъло бўлмаган тақдирда;

- талабгор таҳсил олаётган мактабнинг ҳудудий мансублиги Президент мактабининг ҳудудий мансублигига мос келмаган ҳолда;

- Президент мактабига танловдан ўтиш учун тегишли ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаганда.

- Чет эл фуқаролари Президент мактабига ҳужжатларни топшириш ҳуқуқига эга эмас.

Кириш имтиҳонлари такроран ўтказилмайди.

Кириш имтиҳонлари натижалари қайта кўриб чиқилмайди. Кириш имтиҳонлари натижалари бўйича имтиҳон материаллари талабгорларга тақдим этилмайди.

Кириш имтиҳонлари давлат ва қорақалпоқ (Қорақалпоғистон Республикасида) тилларида ҳамда талабгорнинг танловига мувофиқ инглиз тилида ўтказилади.


Report Page