Президент мактабига ўқишга кира олмаган 5-синф ўқувчилари янги ташкил этилаётган ихтисослаштирилган мактабларга имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин
Расмий хабарларХабарингиз бор, жорий йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги Фармони имзоланди.
Ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этишга ягона ёндашувни шакллантириш, ушбу мактаблар тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда таълим жараёнига малакали раҳбар ва педагог кадрларни жалб қилиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш тизимини такомиллаштириш вазифалари белгилаб берилди.
Унга кўра, 2022 йил 1 сентябрга қадар вазирлик, идора ва ташкилотлар тасарруфида бўлган таълим муассасалари негизида 19 та ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни ҳамда 141 та ихтисослаштирилган мактабларни;
2023 йил 1 июнга қадар Халқ таълими вазирлиги тасарруфида бўлган ва фаолияти тугатилган Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари негизида 5та ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни ҳамда З та ихтисослаштирилган мактабларни;
2022-2024 йилларда Агентлик тизимида 25 та ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни қуриш ҳамда келгусида янги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактабларни фақат Агентлик тизимида ташкил этиш каби вазифалар белгилаб берилди.
Агентлик тизимидаги мавжуд ихтисослаштирилган мактаблар ўз фаолият йўналишидан келиб чиққан ҳолда, мазкур Фармонга мувофиқ ташкил этиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактабларга методик ёрдам кўрсатувчи таянч мактаб сифатида бириктирилиши ҳам шулар жумласидандир.
Ушбу Фармон ижроси юзасидан бугунги кунда Агентлик тизимида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг савол ва мурожаатларига ҳам ўз вақтида жавоб бериб келинмоқда.
Агар талабгор Президент мактабига ўқишга кира олмаса, у Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида янги ташкил этилаётган ихтисослаштирилган мактабларга имтиҳонсиз қабул қилинадими?
Вазирлар Маҳкамасининг 15 апрелда тасдиқланган 8-сон баёнига кўра Президент мактабига 5-синф кириш имтиҳонлари иккинчи босқичида иштирок этиб, ўқишга кира олмаган талабгорлар ҳар бир вилоятда ташкил этилган аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактабга ўқиш истагини билдирган тақдирда ариза топширади ва квота доирасида баллар кетма-кетлиги асосида (24 нафари) имтиҳонсиз мазкур ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинади.
Белгиланган қабул квотасидан ортиқ талабгорлар битта ихтисослаштирилган мактабга ўқиш истагини билдирса, устунлик юқори балл тўплаган талабгорга берилади.
Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида янги ташкил этилаётган ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжат топширишда ҳудудий мансублик эътиборга олинадими?
Йўқ, агентлиги тизимида янги ташкил этилаётган ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжат топширишда талабгорнинг ҳудудий мансублиги инобатга олинмайди.
Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида янги ташкил этилаётган ихтисослаштирилган мактабларга ўқитувчиларни ишга қабул қилишда педагог-кадрларга қандай талаблар қўйилади?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 141-сон Қарорига мувофиқ ҳамда “Ижод ва ихтисосалшатирилган мактабларнинг раҳбар ва педагог ходимлари малака талабларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент таълим муассасалари агентлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Қўшма қарори асосида қўйидаги талаблар қўйилади.
Унга кўра талабгор:
фан йўналиши бўйича камида бакалавр даражасидаги олий педагогик маълумот ва камида иккинчи малака тоифасига эга бўлиши;
ўқув фанининг илмий-назарий асослари, мазмуни ва ўқув жараёнида ахборот-коммуникация технологияларини амалиётда қўллай олиши, дарс ўтиш методикаси ва уни ташкил этиш техникасини билиши;
давлат тилида равон ёзма ва оғзаки нутқи;
хорижий тиллардан бирини бошланғич даражада ўзлаштирган бўлиши ҳамда илғор халқаро тажрибадан хабардорлиги;
юксак ахлоқий фазилатлар ҳамда ижтимоий-сиёсий билимларга эга бўлиши;
фан олимпиадалари, кўрик-танловлар ва турли мусобақаларда ютуқларга эришганлиги ҳамда профессионал танловларда юқори натижаларни қўлга киритганлиги каби мезонлар назарда тутилади.
Ҳужжатлар job.piima.uz сайти орқали қабул қилинмоқда.
Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги янги очилган ихтисослаштирилган мактабларга ўқишга киришда олимпиада ғолибларига қандай имтиёзлар бор?
Рўйхати Агентлик томонидан тасдиқланадиган халқаро, минтақавий ёки асосий фан олимпиадаларининг вилоят босқичида ғолиб бўлган (1, 2, 3-ўрин) умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ўзи таълим оладиган ҳудудида жойлашган Агентлик мактабларига умумий қабул параметрлари доирасида кириш имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади.
Янги очилган ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчилар нечанчи синфлар қабул қилинади?
2022/2023 ўқув йилида Агентлик мактабларининг аниқ фанлар йўналишига қабул 5-11-синфларга, табиий фанлар йўналишига 7-11-синфларга, кейинги ўқув йилларида тегишинча 5- ва 7-синфларга амалга оширилади;
Агентлик мактабларига ўқувчиларни қабул қилиш аниқ ва табиий фанлар, хорижий тиллар ҳамда мантиқий фикрлаш бўйича ўтказиладиган кириш имтиҳонлари натижаларига кўра амалга оширилади.
Кириш имтиҳонлари Агентлик ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро илмий-амалий баҳолаш маркази томонидан халқаро ташкилотлар ҳамда Давлат тест маркази билан ҳамкорликда ўтказилади.
Шу ўринда Агенликка доир яна бир янгиликни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.
Яъни, Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан жорий йилнинг 9-16 май кунлари 56-Халқаро Менделеев кимё олимпиадаси бўлиб ўтади.
Унда Австрия, БАА, Хитой, Россия, Туркия, Хорватия, Венгрия, Исроил, Латвия, Македония, Озарбайжон, Арманистон каби 20га яқин давлатларнинг ўқувчилари иштирок этиши кутилмоқда.