Потлач – удумларимиз «қариндош»и !

Потлач – удумларимиз «қариндош»и !


Олимларнинг таъкидлашларича, ҳозирда Америка қитъасида яшовчи индейслар Сибирдан Америкага бундан 40-50 минг йиллар олдин Аляска орқали ўтиб кетишган дейишади. Ўрта Осиё халқлари, яъни бизнинг ота-боболаримиз ҳам қачонлардир Сибир ўрмонларидан чиқиб келиб, минтақага тарқалишганликларини биламиз. Менимча бу гапда ҳақиқат бор, чунки битта индейсни ўзбекча кийинтириб Ўзбекистонга олиб келиб қўйсангиз, ўзбеклар унинг индейс эканлигини била олишмайди. Юз кўриниши ва қомат тузилиши жуда ўхшаш.  

Лекин мен бу ҳақда эмас, минг йиллар давомида ўзгармай давом этиб келаётган бошқа бир ўхшашлигимиз ҳақида гапирмоқчиман. Индейсларда "потлач" деган урф-одат бор. Унга кўра бой ёки камбағаллигидан қатъий назар ҳар бир индейс йиллар давомида йигган бойликларини кўз-кўз қилиб, ўзи уйига меҳмон қилиб чақирган инсонларга тарқатиб юборади. Агар қурби етмасдан ҳонавайрон бўлиб кетадиган бўлса ҳам, қарз-қурз қилиб бўлса ҳам, у бу удумни амалга ошириши керак.  

Индейсдан совғаларини олишга бойлиги, мансаби, жинси ва ҳоказолардан қатъий назар барча индейслар келаверадилар. Қанча кўп одам келса, қанча кўп овоза бўлса, ўшанча яхши.  

Қизиғи, совғаларни олган индейсларнинг ўзлари ҳам бундай маросимни ўтказишлари керак бўлади ва ўз маросимларида кимлардан нималар олишган бўлса, ўша одамларга олган совғасининг миқдорида ёки ундан кўп миқдорда совға беришлари керак бўлади. Ўзгаларнинг маросимларига бормаслик индейсни жамиятдан чиқариб юборилишига сабаб бўлса, унинг ўзгаларнинг маросимларига бориб юриб, ўзи ҳеч қачон маросим қилиб бермаслиги унга нисбатан жамиятнинг нафратини қўзғаши мумкин.  

Потлачни амалга ошириш учун барча муносабатлар (фарзанд туғилиши, туғилган кун, тўй, диний маросимлар ва ҳоказо) сабаб булиши мумкин. Шу сабабдан, ҳар бир индейснинг ҳаёти потлач билан, яъни бойлик йиғиш, уни ўзгаларга тарқатиш, ўзгаларнинг бойликларидан ўз улушини олиш ва яна ўзининг навбати келганда бойликларини тарқатиб юбориш билан ўтиб кетади. Унинг миясидаги бор ташвишу-хурсандчилиги шундан иборат бўлади...  

Бу таърифни ўқиб, кимнинг ҳаёлига нималар келишини билмайман. Мен бор йўғи индейсларнинг олимлар тилидаги архаик (яъни қолоқ) одатларидан бирини айтиб бердим холос. Агар индейсларга "қариндошлик ришталари"миз туфайли қандайдир урф-одатдаримиз кўз олдингизга келиб кетаётган бўлса, бу бежизга бўлмайди...!

Дониёр Рўзметов

Бошқаларга улашиш ва каналга аъзо бўлиш учун ҳавола : https://t.me/uchzamon

Report Page