Посилка, почта курьери каби тушунчалар Қонунга киритилди

Посилка, почта курьери каби тушунчалар Қонунга киритилди

Расмий хабарлар

Хабарингиз бор, аҳолининг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш мақсадида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Алоқа воситаларининг энг қадимгиси ҳисобланган почта алоқаси соҳасида кейинги пайтларда қатор муаммолар кўзга ташланиб қолган эди.

Шу муаммоларни ҳал қилиш, йўл қўйилаётган камчиликларнинг олдини олиш, соҳани бугунги кун талаби даражасига кўтариш учун 2020 йил 14 декабрь куни, Президентимизнинг “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинганди. Қарор асосида тизимли ишлар амалга оширилди.

Почта алоқаси тизимини янада ривожлантириш мақсадида, 2022 йил 9 июнь куни янги тахрирдаги “Почта алоқаси тўғрисида”ги Қонуни (ЎРҚ–777-сон, 09.06.2022 й.) Президент томонидан имзоланди.

 

✅ Қонун билан қонунчиликка посилка, почта курьери каби тушунчалар киритилди.

 

📁Қонунга кўра, почта хизматлари почта алоқаси операторлари ва провайдерлари томонидан почта, курьерлик хизматлари ҳамда бошқа турдаги почта хизматлари тарзида шартнома асосида кўрсатилади.

 

📌 Фойдаланувчиларнинг манзилига оид маълумотлар, почта ва курьерлик жўнатмалари ҳамда уларнинг таркиби тўғрисидаги ахборот, почта алоқаси операторлари ҳамда провайдерларининг фаолияти соҳасига кирадиган бошқа хабарлар, шунингдек ушбу почта ва курьерлик жўнатмаларининг ўзи почта алоқасининг сирини ташкил этади.

 

☑️ Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари почта хизматларини кўрсатиш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик учун фойдаланувчиларга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплайди.

 

🗓 Почта ва курьерлик жўнатмаси топширилмаганлиги, ўз вақтида етказиб берилмаганлиги ёки йўқотилганлиги, бузилганлиги (шикастланганлиги) ёхуд ўтказилган пул маблағлари тўланмаганлиги билан боғлиқ эътирозлар почта ва курьерлик жўнатмаси топширилган кундан эътиборан 6 ой ичида тақдим этилади.

 

🔘 Почта хизматларидан фойдаланувчилар почта алоқаси хизматларининг бошқа фойдаланувчиларига, почта алоқаси операторлари ёки провайдерларига етказилган, жўнатилиши тақиқланган предметлар ва моддаларни почта ва курьерлик жўнатмаларига жойлаш натижасида ёки улар лозим даражада ўралмаганлиги натижасида юзага келган зарар учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

Умуман Почта соҳасида олиб борилаётган ишларга тўҳталадиган бўлсам бу йўналишда тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Миллий почта оператори – “Ўзбекистон почтаси” АЖ фаолиятини такомиллаштириш бўйича белгиланган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида Жамиятнинг 100 млрд. сўм миқдордаги қўшимча акциялари чиқарилди ҳамда тижорат банклари ва алоқа соҳаси корхоналари орасида жойлаштирилди.

 Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида танлаб олинган 42 та “намунавий туманлар”да умумий 9,6 млрд. сўм қийматли 779 та, жумладан почта биноларини қайта қуриш ва таъмирлаш, почта бўлимлари моддий техник базани мустаҳкамлаш бўйича, янгича почта хизматлари ва бошқа инновацион хизматларини жорий этиш ҳамда почта ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди.

 Аҳолига қулайлик яратиш ҳамда кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида аввалги йилларда қисқартириш натижасида ёпилган 9 та почта алоқаси боғламаси ва 54 та почта алоқаси бўлимлари фаолияти қайта йўлга қўйилди ҳамда 600 га яқин қўшимча иш ўринлари яратилди.

Маълумот учун: Ҳозирги кунда “Ўзбекистон почтаси” АЖда 14 та ҳудудий ва 4 та ихтисослашган филиаллар, 165 та почта алоқаси боғламалари, 1 804 та (шу жумладан қишлоқ жойлардаги алоқа бўлимлари 1 338 та) почта алоқаси бўлимлари фаолият кўрсатмоқда.

 110 та почта алоқаси объектларининг бинолари тадбиркорлар билан ҳамкорликда давлат-хусусий шериклик асосида замонавий кўринишга келтирилмоқда, маҳаллий бюджет ва жамият маблағлари ҳисобидан 140 та почта алоқаси объектлари замонавий кўринишда капитал таъмирланди ва қайта қурилди. Енгил конструкцияли 19 та алоқа бўлимлари аҳолига қулай бўлган ҳудудларга жойлаштирилди ва бугунги кунда почта алоқаси хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

 Почта алоқаси объектларини юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш мақсадида 322 та почта алоқаси бўлимигача 650 км оптик толали алоқа линиялари тортилди.

 Почта алоқаси объектлари орқали тўловларни онлайн режим орқали қабул қилиш автоматлаштирилган тизими жорий этилди. Ушбу мақсадларда почта ходимлари учун 2 800 та мобил қурилмалар харид қилинди, почта ходимлари мобил қурилмалар ёрдамида жойларга чиқиб онлайн тарзда тўловларни қабул қилиш имконияти яратилди.

 Почта алмашинувларини амалга оширишда фойдаланилаётган хизмат автотранспорт паркини янгилаш мақсадида 110 та кичик ҳажмдаги ҳамда 8 та катта ҳажмдаги юк ташувчи автотранспорт воситалари харид қилинди. Почтальонлар иш самарадорлигини ошириш мақсадида 500 та электроскутерлар сотиб олинди.

 Почта хизматларини кўрсатиш жараёнларини автоматлаштириш, жўнатмаларини қабул қилиш, саралаш ва онлайн кузатиш имконини берувчи автоматлашган ахборот тизими ишлаб чиқилиб, 2021 йил июль ойидан бошлаб барча почта объектларида почта хизматларини кўрсатиш жараёнларига тўлиқ татбиқ этилди.

 Почта алоқа объектларида амалдаги почта алоқаси анъанавий хизматлари, банк ва молиявий, давлат ва электрон тижорат хизматлари бўйича ходимларнинг малакасини ошириш юзасидан “Алоқабанк”, Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ва IT-парк билан ҳамкорликда ташкил этилган ўқув машғулотларида жами 6 300 нафар почта алоқаси ходимлар ўқитилди.

Почта алоқаси объектларида замонавий “Гибрид почта” хизмати йўлга қўйилди. Бугунги кунда 150 дан ортиқ давлат органлари томонидан юборилувчи хат-хабарларни электрон тарзда қабул қилиш ва етказиш амалга оширилмоқда, ушбу мақсадларда қўшимча 2 та автомат конвертлаш ускуналари ўрнатилди.

“Гибрид почта” хизмати ишга тушган вақтда электрон кўринишда келиб тушган почта жўнатмалар фақат 14 та вилоят марказларида қоғоз кўринишида чоп этилиб, шу ернинг ўзида махсус конвертга жойлаштирилиб, кўрсатилган манзиллар бўйича жўнатилиб келинган.

Бугунги кунда, барча почта алоқаси объектлари замонавий компьютер ва ускуналар билан таъминланди. Ҳозирда электрон кўринишда келиб тушган почта жўнатмалар 165 та туман ва шаҳар почта алоқаси боғламаларида қоғоз кўринишида чоп этилмоқда. Бунинг натижасида, гибрид почта жўнатмаларини етказиб бериш муддатлари қисқаришига эришилиб, аввал почта жўнатмалар энг чекка ҳудуддаги адресатларга 3-5 кун ичида етказиб берилган бўлса, эндиликда 1-2 кун ичида етказиб берилмоқда.

 Аҳоли қўшимча қулайлик яратиш мақсадида мижозлар номига келган почта жўнатмаларини олиши учун мўлжалланган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи 150 та автоматлаштирилган комплекслар (почтаматлар) харид қилинди, бугунги кунда ушбу почтаматларнинг 101 таси аҳоли гавжум жойлар ва йирик савдо объектларига ўрнатилди, қолган почтаматларни ўрнатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

 Қишлоқ ва олис ҳудудларда жойлашган почта алоқаси объектларида давлат хизматларини почта алоқаси объектларида кўрсатилишини йўлга қўйиш бўйича ишлар натижасида бугунги кунда 1 018 та почта алоқаси объектларида 42 турдаги давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди.

 Даврий матбуот нашрларига “Интернет обуна” хизматини кўрсатиш йўлга қуйилди, натижада мижозлар учун обуна хизматлари учун электрон тарзда тўлов қилиш имконияти яратилди.

 Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини онлайн сотиш ва мижозларга етказиб бериш, шунингдек, уларнинг товарларни экспорт қилиш имкониятини берувчи “маркетплейс”“Unisavdo” онлайн савдо майдончаси яратилди. Бугунги кунда савдо майдончасида 300 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорларнинг 15 000 дан ортиқ маҳсулотлари жойлаштирилди.

 Почта алоқаси объектларида АТ "Алоқабанк" билан биргаликда “Ўзбекистон почтаси” АЖ томонидан ишлаб чиқилган “AVVAL” тўловлар ва ўтказмалар комплекс автоматлаштирилган тизими орқали 1 970 та почта алоқаси объектларида аҳолидан 90 турдан ортиқ тўловларни қабул қилиш йўлга қўйилди.

Шунингдек, 1 970 та почта алоқаси объектларида 4 турдаги банк хизматлари кўрсатилиши аутсорсинг асосида йўлга қўйилди.

7. Тошкент шаҳрида “Халқаро почтамт” филиали биносида Интернет-савдо майдончалари эгаларига ўз маҳсулотларини сақлаш, яъни омборхона муаммосини ҳал этиш ҳамда интернет-савдо майдонча орқали харид қилинган маҳсулотларни шу ернинг ўзида тез фурсатларда қадоқланиб, мижозларга етказиб бериш имкониятини берадиган логистика марказ (фулфильмент маркази) хизмати йўлга қўйилди.

Андижон вилоятининг Асака туманида, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ва Бухоро вилоятининг Вобкент туманида логистика марказларини ташкил этиш бўйича қурилиш ишлари якунига етказилди.

 Амалга оширилган ишлар натижасида “Ўзбекистон почтаси” АЖ томонидан 2021 йил йилда 274,4 млрд.сўм даромад олиниб, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан (229,8 млрд.сўм) 19 фоиз ўсишга эришилди, натижада ҳисобот даврида 639,1 млн. сўм соф фойда олинди.

2022 йил 1 апрель ҳолатига Почта алоқаси ходимларининг ўртача иш ҳақи 1 832 282 сўмга етказилди (2020 йил шу даврида 1 311 660 сўм, ўсиш 40%).

 


Report Page