Пойтахтимиз билан туристик зона боғланди 

Пойтахтимиз билан туристик зона боғланди 

    

Туризмни мамлакат иқтисодиётининг эртанги куни дейиш мумкин. Маълумки, Бўстонлиқ туманининг туризм салоҳияти жуда юқори. Лекин узоқ йиллар давомида бундан етарлича фойдаланилмади. Баҳаво табиат, қулай иқлим ва йилнинг барча фаслида мароқли ҳордиқ чиқариш имконияти бўлсада, ҳудудда сайёҳларни жалб этадиган йирик ва замонавий лойиҳалар амалга оширилмади.

 –Асосий мақсадимиз, энг аввало, туризм соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, одамларнинг манфаатини инобатга олиб, халқимиз учун баҳаво, арзон, хавфсиз ва 12 ой давомида қулай дам олиш шароитларини яратишдир. Бўстонлиқ каби масканларга Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан юртдошларимиз келиб ҳордиқ чиқариши, бу ерда амалга оширилаётган лойиҳалар бошқа ҳудудларимиз учун ҳам намуна бўлиши керак, –деганди Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 14 августида туризм салоҳиятини кенгайтиришга доир ўтказилган лойиҳалар тақдимотида. 

Энг муҳими, тадбирда Бўстонлиқ туманида 10 минг ўринга мўлжалланган кўчма дам олиш масканлари ташкил этиш орқали 8 мингга яқин киши иш билан таъминланиши мумкинлиги алоҳида таъкиланганди.

Республикамиз Бош вазири томонидан “Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тумандаги мавжуд муаммоларни бартараф этишни жадаллаштириш чоралари тўғрисида” ўтказилган йиғилишда Транспорт вазирлигига ҳам бир қатор вазифалар юклатилганди.      

Шунга кўра, қатор ташкилотлар билан биргаликда Чорвоқ сув омбори атрофида вертолёт қўниш майдончаси, ёнида йирик автотураргоҳ, овқатланиш ва савдо шохобчаси, замонавий санитария-гигиена шохобчасини ташкил этиш лойиҳаси ишлаб чиқилди.  

Ҳозир Бўстонлиқ тумани, Юсуфхона қишлоғидаги “Иқтисодчи” дам олиш зонасида жойлашган бўш ер майдонларида сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида 3 қаватли меҳмонхоналар, сайилгоҳлар, аҳоли дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича асосида ишлар бошлаб юборилди.

Шунингдек, Бўстонлиқ-Тошкент-Бўстонлиқ оралиғида йўналишли автобус қатновини йўлга қўйиш вазифаси юклатилган эди. Бугунги кунда автобуслар қатнови ҳам йўлга қўйилди. 

Тошкент вилояти Транспорт бошқармаси томонидан ушбу масаланинг ижроси таъминланди, хусусан пойтахтимиздаги “Машинасозлар метро бекати”– Бўстонлиқ–“Юсуфхона қўрғони” йўналиши аҳолига хизмат кўрсатишни бошлади. Автобус йўналишининг масофаси бир томонга сал кам 83 кмни ташкил этади. Йўналишга Қибрай туманидаги “Тошкент вилояти шаҳарлараро йўловчи ташиш автосаройи” МЧЖ хизмат кўрсатади. Бир сўз билан айтганда, туристик зона билан пойтахтимизни боғловчи автобус қатнови амалга ошириляпти.

– Мақсадимиз туризмни ривожлантиришдаги муҳим омил бўлган транспорт қатновини жаҳон андозаларига мос равишда ташкил этишдан иборатдир. Шу мақсадда Хитой давлатидан 10 та “Ютонг” русумли автобус сотиб олдик. Ҳар бирининг нархи бир миллиарддан ортиқ. Шундай экан, унинг афзалликлари ҳам бор. Автобус замонавий, қулай, барча шароитларга эга. Яъни монитор, видеорегистратор, катта ҳажмдаги юкхоналар, совутгич, иссиқ ва совуқ ҳароратли салон, техник қувватлагичлар каби жиҳатлари йўловчилар учун маъқул бўлади, деган ниятдамиз. 55 ўриндиққа эга бўлган автобуснинг учтаси “Тошкент-Бўстонлиқ-625” йўналишида хизмат кўрсатишни бошлади. Йўловчилар оқимига қараб автобуслар сонини ошириб борамиз, – деди “Тошкент вилояти шаҳарлараро йўловчи ташиш автосаройи” МЧЖ раҳбари Аълам Пардаев.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Юсуфхона ҳудудига бориб дам олиш истагида бўлган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Шундай экан, бу янгилик сайёҳлар учун жуда қулай имконият яратди.

– Ҳозирги кунда Юсуфхона қўрғони, яъни “Навобод”МФЙда 2 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Биз ҳудудимизга меҳмонлар кўп келишидан манфаатдормиз. Қолаверса, янги транспорт қатнови қишлоғимиздан пойтахтга бориб ишловчи фуқаролар, таълим муассасаларида ўқиётган талабалар учун жуда ҳам қўл келади, – дейди маҳалла раиси маслаҳатчиси Муҳаббат Ҳасанова.

Айтиш жоизки, янги йўналиш нафақат Юсуфхона, балки Бурчмулла, Чимён ҳудудига, шунингдек, “Белдирсой” дам олиш оромгоҳига бориш истагида бўлган йўловчиларнинг ҳам узоғини яқин қилади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги сув ҳавзаларининг муҳофаза ҳудудларида автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши, тўхташи ва тўхтаб туришига йўл қўймаслик, ушбу ҳудудларга тегишли йўл белгилари ва тўсиқлар ўрнатилишини таъминлаш чоралари ҳам кўрилмоқда. Шунингдек, “Бектемир-Чирчиқ-Ғазалкент-Чорбоғ”автомобиль йўлининг янги қурилган 76 км қисмида йўлнинг икки томонидаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш бўйича ҳам катта ҳажмдаги ишлар бошлаб юборилган.

Бўстонлиқ туманидаги жозибадор ва манзарали ҳудудларнинг камида 50 тагача жойида экотуризм масканларини ташкил этиш жойлари аниқланмоқда. “Чорвоқ” эркин туристик зонаси ҳудудида эса сайёҳлар учун майдончалар ташкил этиш хусусий корхоналар томонидан ишлаб чиқилган намунавий лойиҳалар асосида бажарилиши кўзда тутилган.

Энг муҳими, ушбу ҳудудда амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа юртимизда туризм салоҳиятини ривожлантиришда асосий омил бўлиб хизмат қилади. Йўлга қўйилаётган транспорт қатновлари эса юртдошларимизнинг Бўстонлиқ туманига қулай шароитда бориб келиш имкониятини яратади.


Тошкент вилояти транспорт бошқармаси Ахборот хизмати

Report Page