Тошкент шаҳар прокурори ўринбосарининг 2022 йилнинг 10 ойида пойтахт ҳудудида қонунийлик ҳолати ва жиноятчилик аҳволи ҳамда қийноқ масалалари юзасидан ҳисоботи
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар КенгашиШаҳар прокуратураси органлари фаолиятини сифатли ташкил этиш орқали “Халқ прокуратураси” даражасида иш олиб бориш учун муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Прокурорлик фаолиятининг асосий йўналишларида қонунчилик ижроси юзасидан 1.410 та текширув ва таҳлиллар ўтказилиб, натижасига кўра 6.799 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган.
Ҳужжатларнинг сифати ва самарадорлиги таъминланиб, мансабдор шахсларнинг қонунга зид бўлган ҳужжатларига нисбатан 3.345 та протест келтирилган, қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш тўғрисида 1.217 та тақдимномалар киритилган.
Етказилган 102 млрд. 250 млн. сўмлик моддий зарарнинг ихтиёрий қопланиши таъминланган. Жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, судларга 8 млрд. 834 млн. сўмлик 250 та аризалар киритилган.
Жиддий қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 442 та жиноят иши қўзғатилиб, айбдор шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланган.
Юқоридаги чора-тадбирлар натижасида 4.876 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Ҳисобот даврида, қонун ҳужжатлари ва фаолиятни такомиллаштириш борасида 47 та таклифлар ишлаб чиқилиб, Бош прокуратурага расман тақдим этилган.
Шаҳар прокуратураси органлари томонидан амалга оширилган ишлар Бош прокуратура томонидан ўрганилиб, улардан 19 таси ижобий деб топилиб, республика бўйича оммалаштирилган, 5 таси бўйича Президент Администрациясига ахборот киритилган.
Аҳолини ижтимоий муҳофазаси, соғлиқни сақлаш, юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, репродуктив саломатликни, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, бандлик, ёшлар ҳуқуқлари кафолатланиши ҳамда бошқа масалалар ўрганилиб, аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этишга асосий эътибор қаратилган.
Хусусан, жорий йил 10 ойида шаҳарда 394.044 та юқумли касалликлар қайд этилди. Ушбу ҳолат таҳлил қилиниб, юқумли касалликлар мавсумий юқори нафас йўлларининг респиратор инфекцияси касаллиги ҳисобига ошгани маълум бўлди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида мавжуд салбий ҳолатни бартараф этиш мақсадида 27 та текшириш ва ўрганишлар ўтказилиб, натижасида пойтахтдаги 40-50 йил аввал қурилган 19 та тиббиёт муассасалари ва 8 та санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги хизматига зарур бўлган тиббий ва бошқа жиҳозларни сотиб олиниши учун эҳтиёж мавжудлиги аниқланган.
Шаҳар прокуратурасининг мурожаатига асосан, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарори билан биноларни таъмирлаш ва зарур тиббий жиҳозларни сотиб олиниши учун 97 млрд. 656 млн. сўм маблағлар ажратилган.
Ҳисобот даврида шаҳар бўйича 220 нафар гўдаклар ўлими қайд этилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 57 тага камайган.
Ҳар бир ўлим ҳолати тиббий кенгашда муҳокама қилиниб, натижаси бўйича 65 нафар тиббиёт ходимлари интизомий жавобгарликка тортилган.
Барча гўдаклар ўлими бўйича туман прокуратуралари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланмоқда.
Шаҳар прокуратура органлари томонидан ушбу йўналишда ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижаси бўйича жами 53 та тақдимномалар киритилган ҳамда натижаси бўйича 176 нафар тиббиёт ходимлари интизомий жавобгарликка тортилган.
Ушбу йўналишда ўтказилган ўрганишлар натижасида, пойтахтдаги
7 та туғруқ комплексларга зарур тиббий жиҳозларни сотиб олиниши ва бошқа муаммоларни ҳал этиш учун Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарорига асосан 8,7 млрд. сўм пул маблағлари ажратилиши таъминланган.
Ушбу даврда 23.850 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган. Шундан 4.454 нафар ёшлар доимий ишга жойлаштирилган, 2.697 нафари “1+1” доирасида тадбиркорларга бириктирилган, 6.023 нафари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиш учун йўналтирилган ҳамда 10.676 нафари ўзини-ўзи банд қилган.
Қолган ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 1.521 маротаба “Сектор раҳбари ва ёшлар” учрашувлари ўтказилиб, унда 20.630 нафар ёшлар иштирок этган.
Учрашувда ёшлардан 7.060 та мурожаат келиб тушган бўлиб,
2.849 таси жойида ҳал этилган, 1.866 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган ҳамда 2.345 та мурожаатларни ҳал этиш учун йўл харитасига киритилган.
Шунингдек, 11.437 нафар ишлашга эҳтиёжи бор талабалар аниқланиб,
127 та меҳнат ярмаркалари ўтказилган.
Ўтказилган меҳнат ярмаркалари ҳамда ушбу йўналишда олиб борилган ишлар натижасида жами 9.700 нафар талабаларнинг расмий ишга жойлаштирилиши таъминланган.
Биргина, 07.04.2022 йилда Юнусобод туманидаги “Япон боғи”да ўтказилган меҳнат ярмаркасида 358 нафар талабалар Халқ таълими ва Мактабгача таълим тизимидаги бўш иш ўринларга жойлаштирилган.
Маданий мерос, спорт, маданият ва туризм соҳаларида прокурор назоратини таъминлаш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.
Масалан, шаҳар прокуратураси ташаббуси билан соҳа мутахассисларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилиб, пойтахтнинг 12 та туманидаги жами 290 та архитектура маданий мерос объектлари ўрганилди.
Тадбирда 18 та ҳолатда қонунчилик талабларига зид равишда архитектура ёдгорликларига ташқи реклама баннерлари ва конструкциялари ўрнатиб олинганлиги аниқланиб, шундан 17 таси бартараф этилди, қолган
1 тасини олиб ташлаш ҳақида кўрсатма берилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг
05.11.2021 йилдаги ПҚ-5280-сон ва ПҚ-5281-сон Қарорлари ижроси юзасидан текшириш ўтказилиб, натижаси бўйича қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 4 та жиноят ва 32 та маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.
Прокурорлар секторларидаги эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда “Аёллар”, “Ёшлар” ва “Темир” дафтарларга киритилган фуқаролар билан янги жорий этилган тизим асосида ишларни ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд оилалар сони 16.634 тани, ушбу оила аъзолари 56.167 нафарни ташкил этади, ушбу оилаларда 16.000 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқаролар истиқомат қилишади.
Уларни эҳтиёжмандликдан чиқариш мақсадида 16.231 та оиланинг меҳнатга лаёқатли 16.000 нафар аъзоларининг 15.864 нафари иш билан таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга 52,4 млрд. сўмлик ёрдамлар кўрсатилган.
Масалан, “Жангоҳ” маҳалласида яшовчи “Темир дафтар”га киритилган М.Шамсиеванинг фарзанди М.Хасанбоевнинг юрагидаги туғма нуқсони туфайли жарроҳлик операцияси ўтказиш учун 15 млн. сўм пул маблағлари ажратилган.
Бундан ташқари, 2-сектор раҳбарлари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 71 та оиланинг хонадонлари ҳомийлар жалб қилинган ҳолда таъмирдан чиқарилиб, 2 та хонадон қуриб берилди.
Мисол учун, Бектемир тумани “Чашма” маҳалласида авария ҳолатига келиб қолган 78 та хонадонларда 1 млрд. 534 млн. сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиб, маҳалла ёшлари учун 1 дона болалар майдончаси, “Street workout” ва стадион қуриб берилиши таъминланди.
Ёки, Шайхонтоҳур туманидаги “Гулбозор” маҳалласида яшовчи “Темир дафтар”га киритилган ижтимоий ҳолати оғир бўлган Б.Зуфаровнинг уйини таъмирлаш учун жами 30 млн. сўм пул маблағлари ажратилган.
Натижада халқ депутатлари туман кенгашлари қарори билан
15.417 та ёки 92,7 фоиз оила эҳтиёжмандликдан (saxovat.argos.uz дастуридан) чиқарилган.
Ҳозирда 1.217 та оилалар дастурда эҳтиёжманд сифатида қолмоқда. Ушбу оилаларда яшаб келаётган 3.675 нафар фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда.
Шунингдек, прокурор секторларида жойлашган жами 140 та маҳаллалардаги 168.879 та хонадонларда ўтказилган хатлов жараёнида,
30 ёшдан юқори бўлган 163.360 нафар аёлларнинг 156.834 нафари билан сўров ўтказилган.
2022 йилнинг ўтган даврида учинчи босқич хатлов ишлари олиб борилиб, бугунги кунда хатлов натижаси бўйича хотин-қизларни
“Аёллар дафтари”га киритиш ва амалий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, прокурорлар раҳбарлигидаги 2-секторларда жами
13.261 нафар хотин-қизлар учинчи босқичда “Аёллар дафтари”га киритилиб, бугунги кунда ушбу хотин-қизлар муаммоларини бартараф этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Мисол учун, шаҳар прокурори томонидан Шайхонтоҳур туманида ўтказилган сайёр қабулда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилиб, уларнинг 75 нафарига жамғармадан 633 млн. сўмлик моддий ёрдам ажратилиши таъминланди.
Ҳисобот даврида дафтарга киритилган хотин-қизларнинг
13.091 нафари ёки 98,7 фоизига тегишли ёрдамлар кўрсатилиши натижасида, дафтардан чиқарилган.
Дафтарга киритилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш бўйича амалий ишлар давом эттирилмоқда.
Ушбу даврда ёшлар платформасига киритилган 2.670 нафар ёшларнинг 2.311 нафари ёки 86,5 фоизига тегишли ёрдамлар кўрсатилиб, дафтардан чиқарилган.
“Ёшлар дафтари”га киритилган 266 нафар ишсиз ёшлар ишга жойлаштирилди, 59 нафар тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирган ёшларга имтиёзли кредитлар ажратилди. 80 нафар ёшлар
“1+1” лойиҳаси доирасида тадбиркор ва ҳунармандларга бириктирилиб,
423 нафар ёшларга тадбиркорлик ва ҳунармандлик фаолиятини бошлаш учун асбоб-ускуналар ҳамда меҳнат қуроллари харид қилиш ҳамда ижара тўловларини тўлаш учун субсидиялар ажратилди.
Шунингдек, 586 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг олий ўқув юртларидаги тўлов-контракт ҳамда 182 нафарининг сафарбарлик чақирув резерви, 82 нафар ёшларнинг ҳайдовчилик курслари учун тўловлари қоплаб берилган.
Қолган 359 нафар ёшларга белгиланган тартибда амалий ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга, шаҳар прокурори бошчилигида ҳар бир туманда ёшлар билан учшарув ўтказилиб, уларнинг муаммолари тизимли ҳал этиб келинмоқда.
Масалан, Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа уйига “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар билан “Сектор раҳбари ва ёшлар” учрашуви ўтказилиб, дафтарга киритилган 80 нафар ёшларга жами 651 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган ҳамда субсидия ажратиш, иш билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган ёшларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш каби муаммолари ҳал этилган.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатлари бўйича амалга оширилган ишлар натижасида 1.401 та ҳолатлар аниқланиб, тегишли прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш, уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларни
“Тез ёрдам” тамойили асосида ҳал қилиш йўлга қўйилган.
Хусусан, шаҳар прокурорининг 25.02.2022 йилдаги 25-сонли фармойишига асосан, тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш бўйича махсус ишчи гуруҳи тузилиб, ҳар ҳафтанинг чоршанба куни шаҳар прокурори бошчилигида “Тадбиркорлар билан учрашув куни” деб белгиланди ва келиб тушган мурожаатлар тезкор, жойига чиққан ҳолда, бевосита муаллифнинг иштирокида кўриб чиқилмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида,
қарийб 1.700 та тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Масалан, экспорт фаолияти билан шуғулланиб келаётган
“Hilale Tekstiles” МЧЖга айланма маблағларни тўлдириш учун 4 фоиз устама билан 950 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилишида, шунингдек, 40 га яқин экспортёр корхоналарнинг 60 млрд. сўмдан ортиқ қўшилган қиймат солиғи қайтирилишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Вояга етмаганларнинг таълим-тарбияси, соғлиғи ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, давлат-хусусий шерикчилик асосидаги муассасаларни ташкил этиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси устидан тизимли назорат ўрнатилган.
Тошкент шаҳар прокурорининг 26.08.2019 йилдаги 27-Ф-сонли фармойишга асосан, шаҳардаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар, коллеж, техникум, академик лицейга шаҳар прокуратураси органларининг тезкор ходимлари ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш учун бириктирилган.
Бириктирилган ходимлар томонидан таълим муассасаларидаги муаммолар доимий ўрганиб, ҳал этиш чоралари кўриб келинмоқда.
Ҳисобот даврида вояга етмаганлар томонидан 247 та жиноятлар содир этилиб, жиноят содир этишда 387 нафар вояга етмаганлар иштирок этган.
Жорий йилнинг 08 январида Тошкент шаҳар прокуратураси, ИИББ, ДХХ ва МГ Тошкент шаҳар бошқармалари, шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси томонидан “Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш, таълим муассасаларида давоматни кўтариш, дайдилик ва тиланчилик билан шуғулланган, тунги вақтда вояга етмаганларнинг назоратсиз юришини олдини олиш борасида Тошкент шаҳар тажрибаси асосида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тўғрисида” Қўшма қарор қабул қилиниб, ижрога қаратилган.
Бедарак йўқолган 26 нафар (9-ўғил, 17-қиз) вояга етмаганларни барчаси ўз вақтида топилган. Уларнинг бедарак йўқолганлик ҳолатлари ўрганилиб, жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад этилган.
Шунингдек, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида, 2021-2022 ўқув йилида пойтахтдаги вояга етмаганларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатувчи 155 нафар ота-оналар билан индувидуал ишланиб, уларнинг муаммолари ўрганилган.
Натижада ота-оналарнинг 24 нафари ишга жойлаштирилган.
21 нафарига даволаниш учун йўлланмалар берилиб, улар тарбиясидаги
45 нафар болалар “Баркамол авлод” болалар мактаблари тўгаракларига жалб этилган.
Шу билан бирга, вояга етмаганлар орасида эрта туғруқ ва ҳомиладорлик ҳолатларини олдини олиш борасида ўтказилган профилактик чора-тадбирлар натижасида 2 та эрта туғруқ ҳолати қайд этилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 тага камайган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар прокурорининг ташаббуси билан
258 та мактабларнинг синф хоналарига таълим сифатини ошириш мақсадида овозли видеокузатув камералар ўрнатилган, 94 та мактабларда замонавий ўқитувчилар хонаси, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги” бўйича 12 та таянч мактаблар ташкил этилган.
Мактабгача таълим сифати устидан қатъий прокурор назорати ўрнатилиб, жорий йилнинг ўтган даврида тегишли мутахассислар иштирокида ўрганиш ўтказилди.
Натижаси бўйича 28.02.2022 йилда шаҳар Мактабгача таълим бош бошқармасига тақдимнома киритилиб, 42 нафар масъул шахслар интизомий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 5 та жиноят иши қўзғатилган.
Шаҳар прокуратурасининг ташаббуси ва амалий ёрдами билан 41 та ДМТТларда гуруҳлар овозли камералар билан жиҳозланди, 20 та ДМТТлардаги гуруҳларда интерактив доскалар ўрнатиш учун
400 млн. сўм, шаҳардаги барча ДМТТни “Йўл ҳаракати хавфсизлиги” бўйича пешлавҳалар билан жиҳозлаш, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги” майдончаларини ташкил этиш ва педагог тарбиячиларни малакасини ошириш учун ҳар бир туманга 100 млн. сўмдан жами 1,2 млрд. сўм, ихтисослаштирилган махсус ДМТТларнинг ҳар бир гуруҳ хонасига видеокузатув камераларини ўрнатиш учун 180 млн. сўм жами 1,7 млрд. сўм ажратилишига эришилган.
Пойтахтдаги умумтаълим мактабларида Вазирлар Маҳкамасининг 22.04.2019 йилдаги 343-сонли Қарори ижроси устидан қатъий прокурор назорати ўрнатилиши натижасида, пойтахтдаги умумтаълим мактабларида 2022-2023 ўқув йилида пуллик хизматлардан тушган маблағлар 13,1 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган ўқув даврига нисбатан 9,4 млрд. сўмга ошган.
Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган 2.179 нафар битирувчилар олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўриши учун пойтахтдаги 12 та олий таълим муассасаларига бепул таълим олиш учун бириктирилган.
Шаҳарда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш, профилактика қилиш борасида энг аввало, жиноятларни ҳисобдан яшириш йўли билан кўрсаткичларни сунъий равишда яхшилаш тажрибасига барҳам бериш ва содир этилган ҳар қандай қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлашга эътибор қаратилган.
Амалга оширилган ишлар натижасида ҳисобот даврида пойтахтда содир этилган 17.811 (18.803) та жиноятлар ҳисобга олиниб, 992 тага ёки 5,2 фоизга камайган.
Пойтахтда содир этиладиган жиноятлар ҳар 100 минг аҳолига
622 тага тўғри келган.
Жиноятчиликни олдини олишда асосий эътибор жиноий гуруҳлар, аёллар ва ёшлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни олдини олишга қаратилган.
Кундалик содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида ҳисобга қўйилишини таъминлаш мақсадида, шаҳар прокурорининг 04.01.2022 йилдаги 1-сонли Фармойишига асосан малакали ходимлардан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, барча туманларга бириктирилган.
Ҳисобот даврида шаҳар прокуратураси органлари томонидан ички ишлар органларида ҳисобдан яширилган 1.188 та ҳолатлар аниқланган.
Қонун бузилиши ҳолатлари йўл қўйган ички ишлар идоралари ходимларига нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланиб борилмоқда.
Пойтахтда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги 12 йўналишда қуйидаги ишлар амалга оширилган.
Шаҳарнинг 579 та маҳаллаларида жиноят содир этилиши аҳволи таҳлил қилиниб, жиноятларни “маҳаллабай” жиловлаш мақсадида ҳудудлар яшил (жиноят содир этилмаган), қизил (жиноят сони ошган), сариқ (жиноят сони барқарор) тоифаларга бўлинган.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида маҳаллаларнинг
135 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади, 292 тасида жиноятлар камайган.
Шунга асосан шаҳар ИИББ, Миллий гвардия ходимлари куч ва воситаларини жалб қилиш дислокацияси қайта кўриб чиқилиб, улар жиноят ва ҳуқуқбузарлик кўп содир этилаётган “ўчоқлар”га йўналтирилган.
Хусусан, Тошкент шаҳридаги асосий жиноят “ўчоқлари” сифатида 152 та маҳаллалар танлаб олиниб, куч ва воситаларни бириктириш аҳволи қайта кўриб чиқилган. Уларга жами 2.330 нафар (1.474 нафар ички ишлар,
304 нафар Миллий гвардия, 80 нафар бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва 472 нафар жамоатчилик вакиллари) масъул шахслар бириктирилган.
Ҳисобот даврида Тошкент шаҳар ИИББ ТБ ва қуйи тизимидаги тергов бўлимлари томонидан 19.535 та жиноят иши иш юритувга қабул қилинган бўлиб, шундан 12.776 таси тамомланган. Уларнинг 6.055 таси айблов хулоса ва далолатномалари билан судларга юборилган.
Жиноят оқибатида етказилган зарар миқдори 369 млрд. 227 млн. сўмни ташкил қилиб, шундан 269 млрд. 888 млн. сўми ёки 74 фоизи терговда ундирилган.
Ҳисобот даврида прокуратура терговчилари иш юритувидаги
1.622 та жиноят ишларидан 615 таси айблов хулоса ва далолатномалари билан судларга юборилган. Жиноят оқибатида етказилган зарарнинг 208,4 млрд. сўми ундирилган.
Шаҳар прокуратураси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, шунингдек, инсон
қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлари, қийноқ ва бошқа тазйиқлари ҳақидаги ариза ва хабарларнинг ҳал этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилган.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ноқонуний ва инсон қадр-қимматини камситувчи хатти-ҳаракатлари, қийноқ ҳамда бошқа тазйиқларини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ва амалга оширилган ишлар натижасида шаҳар тергов органлари томонидан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ жиноятлар қайд этилмаган.
Таҳлил этилаётган даврда ички ишлар органлари ходимлари томонидан қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар ўтказиш билан боғлиқ бўлган 5 та мурожаат келиб тушган бўлиб, олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад этилган.
Ҳисобот даврида прокуратура органларига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида жами 594 та ариза ва хабарлар келиб тушган.
Келиб тушган ариза ва хабарларнинг 129 таси тергов ва суриштирув нохолисона ўтказилганлиги, 13 таси пора талаб қилинганлиги, 3 таси ноқонуний ушланганлиги, эҳтиёт чораси нотўғри қўлланганлиги, 5 таси қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар қилинганлиги, 1 таси ноқонуний тинтув ва олиб қўйиш ўтказилганлиги, 443 таси бошқа ҳолатлар ҳақида бўлган.
Ариза ва хабарларнинг текшириш натижаларига кўра 29 таси бўйича ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган, 501 таси бўйича ЖПК 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатиш рад этилган, 25 таси тааллуқлилиги бўйича бошқа идораларга юборилган, 39 таси қолдиқда қолган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари ва назорат идоралари ходимларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг 26 таси ички ишлар, 1 таси МИБ органлари ходимлари ҳиссасига тўғри келган. Мазкур жиноят ишларидан 11 таси судга юборилган.
Хусусан, 28.05.2022 йилда Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ 1-сон ИИБ ЖҚБ тезкор вакили А.Топилов, таниши У.Нурмухамедовнинг чақируви асосида Мирзо Улуғбек тумани, Олимлар кўчаси, 29-уйга етиб бориб, хизмат ваколати доирасидан четга чиқиб, К.Зияевнинг уйига ноқонуний кириб, уни ҳақоратлаб ва уриб тан жароҳатлари етказган ҳамда хонадондан 12.000 АҚШ долларини яширин равишда олиб чиқиб кетган бўлсада, бирор-бир ҳужжат расмийлаштирмаган.
Ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ 1-сон ИИБ ЖҚБ тезкор вакили А.Топиловга ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми билан айблов эълон қилинган ва жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган.
Бундан ташқари, текшириш натижаларига кўра 38 нафар
ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан, масъулиятсизликка йўл қўйганлиги учун уларга интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг
52 та йиғилишларида муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгиланган.
Жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий судларда қонунда белгиланган тоифадаги ишларнинг, жиноят ишлари бўйича судларда кўрилган ишларнинг барчасида прокурор иштироки таъминланган. Қонунда белгиланган ваколатлар доирасида, апелляция ва кассация протестлари асосида суд қарорларининг қонунийлигига баҳо берилмоқда.
Ҳисобот даврида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан 840 та ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, 768 та жиноят иши қўзғатилган, 72 та маъмурий иш юритилган.
Мажбурий ижро бюросининг шаҳар бошқармаси ва туман бўлимлари ҳамда пробация хизматлари фаолияти юзасидан 72 та текширишлар ўтказилиб, 189 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган.
2022 йил 10 ойида МИБ шаҳар бошқармаси иш юритувидаги жами ижро ҳужжатларининг 14,1 трлн. сўмга ижроси тамомланган. Амалда 6,1 трлн. сўм ундирилишига эришилган.
Давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ 4 трлн. сўмлик ижро ишлари тамомланиб, амалда ундирув 1,6 трлн. сўмни ташкил этган.
Натижада Бюронинг шаҳар бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ҳисобот даврида давлат фойдасига ундирилган маблағлардан
“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га жами 67 млрд. сўм йўналтирилган.
Халқ билан ҳамнафас бўлиш, аҳолининг дарду-ташвишлари билан яшаш ва уларни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларини аниқлаш ҳамда фуқароларни рози қилишнинг барча чораларини кўриш шаҳар прокуратураси органларининг асосий мақсади сифатида белгиланган.
Ҳар бир ариза ва шикоятнинг қонуний ечимини топиш прокуратура органлари ходими ишини баҳолашнинг мезони сифатида эътироф этилган.
Шаҳар прокуратураси органларига жами 43.876 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 29.627 таси ёки деярли 68 фоизи бевосита прокуратурада ҳал этилган.
Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 3.776 таси ёки 13 фоизи қаноатлантирилган. Натижада 1.836 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Мурожаат муаллифининг ҳар бир важини атрофлича ўрганиш, қуйи прокуратуранинг жавобидан норози бўлиб йўллаган мурожаатни яна ўша ҳудудга юборишдек салбий амалиётга чек қуйиш мақсадида, шаҳар прокуратураси раҳбарияти бошчилигида маҳкамада фуқароларнинг оммавий қабули орқали уларнинг дардини эшитиш ва ҳал этишга асосий эътибор берилмоқда.
Шаҳар прокурорининг оммавий (сайёр) қабуллари давомида
16.340 нафар фуқаролар қабул қилиниб, уларнинг мурожаатлари ҳал этилган. Шундан 4.062 нафари шахсан шаҳар прокурори томонидан қабул қилинган.
Масалан, Мирзо Улуғбек тумани, “Ал-Фаробий” МФЙда яшовчи С.Қаршиевага фарзандини Ҳиндистон Республикасида даволатишда амалий ёрдам сўраб йўллаган мурожаати қаноатлантирилиб, 165 млн. сўм пул маблағлари ажратилиши таъминланган.
Жамоатчилик билан алоқаларни таъминлаш ва ҳуқуқий ахборот йўналиши бўйича асосий эътибор фаолият очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратиб келинган.
Шаҳар прокуратураси органлари томонидан жами 10.457 та тарғибот тадбирлари ўтказилиб, шундан 3.966 таси оғзаки ва 6.491 тасини оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар ташкил этган.
Оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилган тадбирларнинг 6.238 таси ижтимоий тармоқлар имкониятларидан фойдаланган ҳолда ёритилган.
Ижтимоий тармоқлар орқали аҳолидан келиб тушаётган таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилиб, прокуратура органлари фаолиятини янада такомиллаштиришда фойдаланилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда фаол иштирок этиш, улардаги саҳифалар орқали кунлик маълумотларни тезкорлик билан бериш тизими йўлга қўйилган.
Баён этилганлар ҳақида маълум қилиш билан бирга, Кенгашнинг қарори қабул қилинишида қуйидаги масалаларга:
- пойтахтда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида, барча жабҳаларда қонун устуворлигини таъминлаш, жумладан “қонун устувор - жазо муқаррар” тамойилига қатъий риоя қилиниши;
- жиноятларни ҳисобдан яшириш ҳолатларини олдини олиш юзасидан прокурор назорати ўрнатиб, аниқланган ҳолатлар юзасидан қатъий муносабат билдириш;
- прокурор секторларида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилиши, бу тадбирларда Халқ депатутлар кенгаши имкониятларидан кенг фойдаланиш;
- инсон қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар, қийноқ ва бошқа тазйиқлар содир этилишининг олдини олиш, бу турдаги хабарларнинг тўлиқ ва сифатли кўриб чиқилиши ҳамда айбдор шахсларга жазо муқаррарлигини таъминлаш;
- пойтахтда фаолият кўрсатувчи оммавий ахборот воситалари, айниқса, телевидение ва ижтимоий тармоқлар коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиш;
- жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини оммавий қабул асосида мурожаатларини тинглаб, қонуний ҳал этишнинг барча чораларини кўриш каби ва бошқа долзарб масалаларга устувор аҳамият берилиши мақсадга мувофиқ.