Пискент тумани ҳокими Раҳимжон Рихсиев туман халқига ва жамоатчилигига мурожаат қилди

Пискент тумани ҳокими Раҳимжон Рихсиев туман халқига ва жамоатчилигига мурожаат қилди


Ассалому алайкум, ҳурматли пискентликлар! 

Сўнгги вақтларда тилимизга “Яшил иқтисодиёт” “Яшил макон”, “Яшил йиллик” сингари янги атамалар ва энергия тежамкор, табиатга безарар технологиялар кириб келмоқда. Бу тез-тез рўй бераётган табиат ҳодисалари оқибатларини бартараф этиш ҳаракати, инсон, табиат ва иқтисодиётнинг бир-бири билан уйғун ва барқарор ривожланишидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йилда Корея Республикасида ўтказилган “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” иккинчи халқаро саммитидаги нутқида ҳам иқлим ўзгаришларига бепарво бўлмаслик, яшил тараққиётга ўтиш ҳақида алоҳида таъкидлаган эди. 

Дарҳақиқат, “Яшил тараққиёт”га эришиш учун “яшил иқтисодиёт”га ўтишимиз ва уни ривожлантиришимиз лозим. Жорий йил 2 февраль куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар танқидий таҳлил қилинди ва жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб “Яшил йиллик” бир йиллик умуммиллий ҳаракати эълон қилинди. Хусусан, давлатимиз раҳбари баҳор мавсумида юртимиз бўйлаб 125 миллион дона, Тошкент вилоятида эса 9 млн. дона дарахт кўчатларини экиш бўйича аниқ вазифаларни қўйди.

Пискент туманида ҳам ушбу долзарб юмушга уюшқоқлик билан киришилди ва баҳор ойларида 453 мингдан ортиқ кўчат экиш режалаштирилди. Бу лойиҳани амалга оширишда биринчи навбатда сифатли ва кафолатли кўчатлар етиштириш муҳим вазифа ҳисобланади. Бу борада Пискент тумани Дўнгқўрғон маҳалласидаги ўрмон хўжалиги кўчатзорида йилига 700 мингдан зиёд 20 турдаги манзарали дарахт кўчатлари парваришланиб, ташкилот ва корхоналарга етказиб берилмоқда. Лолаариқ маҳалласи ҳудудида ташкил этилган “PARLAR FIDAN” МЧЖ қўшма корхонасида ҳам мавсумий 30 минг туп турли мевали дарахт кўчатлари етиштириб берилади. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Яшил йиллик” умуммиллий ҳаракати доирасида “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га кирган фуқароларга бепул ниҳоллар тарқатиш, кўчат экиш бўйича тажрибаси бор аҳолига кўчатхоналар ташкил этишда зарур техника, сифатли кўчатлар ва уруғлар харид қилиш учун субсидиялар ажратиш йўлга қўйилмоқда. Бу чоралар орқали эҳтиёжманд оилалар қўллаб-қувватланиш билан бирга кўчатлар нархи асоссиз ошиб кетмаслиги таъминланади.

Дарахт экиш муҳим вазифа бўлса, даставвал ер тайёрлаш, уни тўғри парвариш қилиш, кўкартириб олиш унданда муҳим масаладир. Бу борада туман раҳбарлари, ҳоким ёрдамчилари билан бирга маҳаллаларни бирма бир ўрганиб, аниқ манзилли чора-тадбирлар белгилаб олдик. Бунда маҳаллалар, кўп қаватли уйлар ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, суғориш имкониятлари ва бошқа масалалар жойида мутасаддилар иштирокида ўрганилди. Ҳудудларнинг иқлим ва тупроқ шароитидан келиб чиқиб, экиладиган кўчат турлари танлаб олинди.

Рақамларга эътибор қаратсак, 2021 йилнинг ноябрь – декабрь ойларида долзарб 40 кунлик доирасида маҳаллалар ва майдонлар, йўл бўйлари ва экин майдонлари атрофига 269 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар, узум кўчатлари ўтқазилди. Бунда деҳқон ва фермерлар, маҳаллалар, корхона ва ташкилот ходимларининг ҳиссаси эътирофга лойиқ. Аммо умумхалқ ишидан четда турган айрим ташкилот ва корхоналар ҳам бор.

Кун сайин об-ҳаво илиқлашиб, табиат уйғонмоқда. Ўйлайманки, баҳор нафаси нафақат табиатни, балки одамларни ҳам қиш уйқусидан уйғотади. Ушбу савобли ишда бободеҳқонлар тажрибаси, ишбилармон фермерларнинг ташаббуси, ёшларнинг ғайрати, фидойи тумандошларимизнинг меҳнати алоҳида ўрин тутади. Зеро “Яхшидан боғ қолади” деган мақол бежиз айтилмаган. Ишонаманки, ҳар бир жамоа, ташкилот уюшқоқлик билан ўзининг “яшил ҳудуд”ларини барпо этади. Шахсан ўзим бу ишда намуна бўлиб, туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари ва халқ депутатлари туман кенгашининг алоҳида яшил майдонларини ташкил этамиз. Чунки, бугун ҳар бир хонадон ва кўчаларга экилган дарахт келажакда кўплаб инсонларга фойдаси тегишига ишонаман. Зеро бу эзгу иш она табиат олдидаги бурчимиздир!

Эътиборингиз учун раҳмат!

Report Page