“Пешкў чеварлари”: карантин кунларида ҳам “танаффус” йўқ

“Пешкў чеварлари”: карантин кунларида ҳам “танаффус” йўқ

Buxoro.uz

Ўтган йили туман марказидаги “Мустақиллик” МФЙ Ибн Сино кўчасида ташкил этилган ва уйда ўтириб қолган хотин-қиздан юздан ортиғини иш билан таъминлаган “Пешкў  чеварлари” МЧЖ да иш барқарор давом эттирилмоқда. Бунга сабаб эса “Муборакнефтгаз”, “Агрокимёҳимоя” ташкилотлари, туман Халқ таълими бўлими ва бошқа буюртмачилар талаби асосида махсус кийим-бош, мактаб формаси, карантин кунларида тиббий ниқоб, комбинизон ва бошқа жиҳозларга тушаётган буюртмаларни ўз вақтида тикиб-тайёрлаб, сифатли етказиб бериш билан боғлиқ.

Бу ишлаб чиқариш субъектида Янгигул, Боғимусо, Дўрмон қишлоқларидан қатнаётган ишчи-чеварлар учун “JEK” замонавий русумдаги тикув машинкасидан 80 таси олиб берилган. Енгил панелли сендвич қурилиш материалидан барпо қилинган иншоотнинг бир қисмида эса “Farangiz fashion tekstil” МЧЖга қарашли ортопедик пойафзаллар ишлаб чиқарувчи цех фаолият юритмоқда. Ўнга яқин тикувчи банд бўлган бу цехда ҳам ҳар хил ўлчамдаги оёқ кийимига буюртма етарлича.

Ҳозирда МЧЖ раҳбари Фотима Зиёдуллева томонидан ишчиларнинг эркин ишлаши учун барча шароит ҳамда қулайликлар яратиб берилган. Ходимларнинг ишга келиб кетиши ҳамда тушлиги корхона томонидан бепул амалга оширилади.

Айни карантин пайтида чеварлар эрталабки ишни павильонни дезинфекциялашдан бошлайдилар. Бунда уларга санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мутахассислари яқин кўмакчи. Худди шундай, ишчиларни ташишга мўлжалланган автобус ҳам ҳар тонг йўлга чиқишидан олдин кимёвий зарарсизлантирилмоқда. Иш жараёнида ҳар бир ходим ижтимоий масофани сақлаган ҳолда дезинфекцион тунелдан ўтиб, антисептик восита ёрдамида кўлларини тозалайди, ўзининг тиббий ниқобини махсус қутига ташлаб, янги тиббий ниқоб олгач, назоратчи томонидан тана ҳарорати ўлчанади ҳамда соғлом ишчи-ходимларгина иш жойига кузатилади.

Шунингдек, чеварларнинг хавфсиз овқатланишига ҳам эътибор кучайтирилган. Тушлик икки сменада ташкил қилинган. Биринчи сменадаги ходимлар тушлик қилиб бўлгач, ошхона дезинфекция қилиниб, кейин сменадагиларга ўрин бўшатадилар. Умуман, ана шу тартиб ҳозирда барча ишлаб чиқариш цехларида қатъий ўрнатилса, мақсадга мувофиқдир.

Пешкў тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page