Пенсия ва нафақалар миқдори оширилади
2020 йил 30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6038-сонли фармони қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ва халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини намоён этган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини янада кучайтириши билан юксак аҳамиятга эга.
Фармон билан жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 1,1 баробар оширилади.
2020 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 262 470 сўм;
ёшга доир энг кам пенсиялар — ойига 513 350 сўм;
болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа — ойига 513 350 сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа — ойига 315 030 сўм этиб белгиланди.
Туман Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси раҳбари Камолиддин Каримовнинг сўзларига кўра, пандемия даврида ушбу Фармон билан туманимиздаги 12 569 нафар кексалар, 1365 нафар ногиронлиги бўлган шахслар, 547 нафардан ортиқ боқувчисини йўқотган шахслар пенсия ва нафақаларини ошириш орқали моддий қўллаб-қувватланади.
Пискент тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати