Парвардигор жалла жалолуҳунинг келиши 2

Парвардигор жалла жалолуҳунинг келиши 2

Iymonli Qalblar

(Давоми)

Иккинчи: Қиёмат куни Аллоҳ таоло биринчи бўлиб гаплашадиган киши

Бутун халойиқлар ана шундай ғоят оғир ҳолатда турганларида Аллоҳ таоло биринчи бўлиб Одам алайҳиссаломга хитоб қилади. «Саҳиҳайн»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Аллоҳ қиёмат куни: «Эй Одам!», деб хитоб қилади. Одам алайҳиссалом: «Лаббайка ва саъдайк, ҳамма яхшиликлар Сенинг қўлингда эй Парвардигор!», деб жавоб беради. Аллоҳ азза ва жалла: «Дўзахга юборилувчиларни чиқар!», дейди. Одам алайҳиссалом: «Кимлар у дўзахга юборилувчилар?», деб сўрайди. «Ҳар минг кишидан тўққиз юз тўқсон тўққизтаси жаҳаннамга, биттаси жаннатга!», дейди Аллоҳ таоло». Бу эса гўдаклар (ғамнинг зўридан) кексайиб қоладиган кунда бўлади. Уни кўрар кунингизда эмизаётган (оналар) эмизиб турган (боласини) унутар ва барча ҳомиладор (аёллар) ўз ҳомиласини ташлаб юборар, одамларни маст-аласт ҳолда кўрурсиз, ҳолбуки улар ўзлари маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир».

Бу гап Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини жуда қийин аҳволга солиб қўйди.

Бир ривоятда: «Қавм бутунлай умидсизликка тушиб, кулгуни эсдан чиқариб қўйди».

Бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари йиғлаб: «Ё Расулуллоҳ! Қайси биримиз ўша бир киши?», деб сўрадилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: «Хурсанд бўлингиз! Хурсанд бўлингиз! Тўққиз юз тўқсон тўққизтаси Яъжуж ва Маъжуждан, бир киши эса сизлардан».

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, мен умид қиламанки, сизлар жаннат аҳлининг тўртдан бири бўласизлар». Биз шунда такбир айтиб юбордик.

Кейин дедилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, мен умид қиламанки, сизлар жаннат аҳлининг учдан бири бўласизлар». Биз яна такбир айтиб юбордик.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга қасамки, мен умид қиламанки, сизлар жаннат аҳлининг ярми бўласизлар. Сизларнинг бошқа умматлар ичидаги мисолингиз худди қора ҳўкиз терисидаги оппоқ тук ёки эшакнингоёғидаги (тиззасидаги) қадоқ мисолидир» (Бухорий: №6530, Муслим: №222).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига хитоб қилиб деди: «Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз». Эй Аллоҳ! Эй бизларни тавҳид аҳлидан ва пайғамбарлар саййиди умматидан қилиб яратган Зот! Сенга беҳад ҳамду санолар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Шундан сўнг Парвардигор таборака ва таоло: «Эй Нуҳ!», деб хитоб қилади. У: «Лаббай, амрингга ҳозирман, эй Парвардигор», дейди. «(Менинг рисолатимни) етказдингми?», деб сўрайди. У: «Ҳа», деб жавоб беради. Унинг умматидан: «Сизларга етказганми?», деб сўралади. Улар: «Бизга ҳеч қандай огоҳлантирувчи (пайғамбар) келган эмас», дейишади. «Сенга ким гувоҳ бўлади, эй Нуҳ?», деб сўрайди Аллоҳ таоло. «Муҳаммад ва у кишининг умматлари», деб жавоб беради Нуҳ. Шунда улар унинг етказган эканига гувоҳлик берадилар, пайғамбар эса сизлар устингизда гувоҳ бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг: «Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир уммат қилдик» (Бақара: 143), деган ояти маъносидир». Сўнг: «Ўрта – адолатдир», дедилар. (Саҳиҳул-жомиъ: №8034, Бухорий: №4487, Аҳмад, Термизий, Насоий, Ибн Можа).

Ибн Можа ривоятида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ менинг умматимдан: «Нуҳ — қавмига етказганини сизларга ким хабар берди?», деб сўрайди. Шунда уммат: «Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга барча пайғамбарлар ўз қавмларига етказганларини хабар берганлар, биз у зотни тасдиқлаганмиз», дейдилар»(Шайх Албоний санадини саҳиҳ санаган).

Сўнгра Ийсо алайҳиссаломни чақирилиб, унга: «Эй Ийсо ибн Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб сен айтдингми?», дейилади (Моида: 116).

Нима учун Аллоҳ таоло бу саволга пайғамбарлари орасидан Ийсони хослади?!

Чунки, қайси бир пайғамбар қавмига юборилган бўлса, қавмидан айримлар унга иймон келтиришган, айримлар инкор қилишган. Фақат Ийсо алайҳиссаломнинг қавми ундай қилмади. Балки, улардан баъзилари Ийсони Аллоҳ деб даъво қилишди. Баъзилари эса Ийсони Аллоҳнинг ўғли дейишди. Яна баъзилари эса Аллоҳни қўйиб, Ийсо ва унинг онасини худо қилиб олишди.

Хўш, худо ҳам ейдими, ичадими?! Худо ҳам оила қурадими?! Худо ҳам қазои ҳожатини ўтайдими?! Ибнул Қаййимни Аллоҳ раҳмат қилсин, нақадар гўзал сўзларни айтганлар:

Шеър (мазмуни):

Эй Масиҳга сиғинувчилар, сизга бир саволимиз бор,

Унинг жавобини сиздан кутамиз.

Агар илоҳ бир қавмнинг қўли билан ўлса

Уни илоҳ деб аташ мумкинми?!

Қизиқ, қабр худони ўз бағрига олса?!!

Ундан ҳам қизиқроғи, она қорни уни кўтарса!!

У ерда тўққиз ойни ўтказса,

Зулматлар ичра ҳайз қонидан озиқланса?!!

Заиф ва ночор гўдак ҳолида дунёга келса,

Очликдан чинқириб, кўкракка талпинса?!!

Еса, ичса, кейин ҳожат танг қилса?!!

Илоҳ шундай бўладими?!!

Насронийларнинг бўҳтонидан Аллоҳ покдир!!

Эртага улар бу қилмишларига жавоб бергайлар!!

 

Аллоҳ таоло айтади:

«Эсланг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб сен айтдингми?» деганида, (Ийсо) айтди: «Эй пок парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда Сен албатта билар эдинг. Зотан Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг дилингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг билимдонисан. Мен уларга фақат Ўзинг амр қилган гапнигина айтдим: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!» Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени (нг ердаги)муддатимни туганганингдан (ва Ўз ҳузурингга мени тириклайин кўтарганингдан) кейин эса Сен Ўзинг уларнинг устида кузатувчи бўлдинг. Сен Ўзинг ҳамма нарсага гувоҳдирсан. Агар уларни азобласанг, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан». Аллоҳ айтди: «Бу кун (яъни Қиёмат Куни) ҳаққи-рост иймон келтирганларга рост сўзлари фойда берадиган. Кундир». Улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Улар унда абадий қолажаклар. Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса улуғ бахтдир» (Моида: 116-119).

Кейин барча пайғамбарларни чорланади.

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ пайғамбарларини тўплаб: «Сизларга (яъни, қилган даъватингизга умматларингиз томонидан) қандай жавоб бўлди?»  деб сўрайдиган кунида, улар: «Биз билмаймиз. Фақат Сенинг Ўзинггина ғайб илмларининг билимдонисан», дейдилар» (Моида: 109).

Аллоҳ таоло айтади: «Энди албатта пайғамбар юборилган кишилар билан ҳам, юборилган пайғамбарлар билан ҳам савол-жавоб қилурмиз» (Аъроф: 6).

Эй яхшилар! Расуллар, набийлар, шаҳидлар сўроққа тутилганда сиз билан биз сўралмай қоламизми?!

Аллоҳ таоло айтади:

«68. Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар.

69. Ер (яъни маҳшаргоҳ) Парвардигорининг нури билан ёришди; китоб – номаи аъмол (ҳисоб-китоб қилиш учун ҳозирлаб) қўйилди; пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди ва уларнинг (яъни барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди.

70. Ва ҳар бир жонга қилган амали(нинг мукофот ёки жазоси)комил қилиб берилди, (Аллоҳ) уларнинг қилар ишларини жуда яхши билур» (Зумар: 68-70).

Шундан сўнг Аллоҳ жалла ва алога рўбарў бўлиш ва амалларнинг ҳисоб-китоби бошланади.

Суҳбатимиз давоми шу мавзуда давом этади.

 

Иккинчи хутба

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар, деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

 

Учинчи: Аллоҳ жалла ва алога рўбарў қилиниш ва китобларнинг берилиши

Севикли биродарларим!

Шундан сўнг ҳисоб бошланади. Ҳисобнинг бир неча босқичи бордир. У энг аввал, Одил Подшоҳ ҳузурида туриш ва У зотга рўбарў бўлиш билан бошланади.

Тасаввур қилинг, маҳшаргоҳда, Аллоҳ жалла ва ало ҳузурида, қилган барча ишларингизга ҳисоб бериш учун турибсиз! Атрофингизда малоикалар, бутун маҳшар аҳли йиғилган.. Пайғамбарлар, малоикалар, жинлар.. Ҳамма жимжит!! Ҳамма қўрқувда!! Мангу Барҳаёт ва абадий Турувчи Зотнинг улуғворлиги ва ҳайбати ҳамма ёқни эгаллаб олган!!

Тўсатдан овоз эшитилади:

– Фалончи ўғли Фалончи қаерда?!

– Мееен?!! Бу менинг исмим-ку.. Нима истайсиз, эй малоикалар?

– Аллоҳ азза ва жаллага рўбарў қилиниш учун яқин кел!!

Маҳшаргоҳ ичра, барча халойиқлар кўзида сизни олиб кетиш учун вакил қилинган малоикалар ортидан юриб борасиз. Чақирувдан юрагингиз ёрилишга яқин бўлган, қўрқувдан юзингиз сарғайиб кетган, бутун вужудингиз қалтирайди.. Ўзингизни Аллоҳ жалла жалолуҳу олдида кўрасиз, У зот сиз билан ўртада таржимонсиз сўзлашади.

«Саҳиҳайн»да Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сизлардан ҳар бирингиз билан Парвардигори қиёмат кунида ўртада таржимон бўлмаган ҳолда гаплашади. У (банда) ўнг томонига қараб, фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, чап томонига қараб ҳам, фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, олди томонига қараб, рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Бас, шундай экан, яримта хурмо билан бўлса-да дўзахдан сақланингиз!» (Бухорий (№7512), Муслим (№1016) ривоятлари).

Яъни, Аллоҳ йўлида яримта хурмо садақа қилиб бўлса-да, Аллоҳнинг азобидан қутулингиз.

Аллоҳ таборака ва таоло амаллар саҳифаларини беришга амр этади, ҳар бир инсон номаи аъмолини қўлга олади.

Ушбу саҳифада сиз ҳамманинг кўзидан яшириб қилган тирноқча амалингиз-да қолдирилмай битилган бўлади!!

Эсингиздан чиқиб кетган қанча-қанча гуноҳларингизни Аллоҳ таоло эслатиб қўяди!!

Қанча-қанча яшириб ўтган қилмишларингизни Аллоҳ таоло очиб юборади!!

Дунёдалик пайтимизда Парвардигоримиз тоатида сустлик қилганимизга қаттиқ ҳасрат-надоматлар қиламиз у куни!!

Парвардигор азза ва жаллага қулоқ солинг, У айтади:

«47. Биз тоғларни (булутлар янглиғ) юргизадиган ва сиз (барчангиз) Ерни очиқ-яланғоч (тоғ-тошларсиз, боғ-роғларсиз) кўрадиган Кунни (яъни, Қиёматни эслангиз)(У Кунда) Биз улардан биронтасини қўймай йиғдик.

48. Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга айтдик): «Мана, сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни, мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда)ҳузуримизга келдингиз. Балки Бизни, сизларга ваъда қилинган Кунни (яъни, Қиёматни қоим) қила олмас, деб ўйлагандирсизлар?!»

49. (Сўнг ҳар бир кишининг) номаи аъмоли ўртага қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг унда (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлғай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас» (Каҳф: 47-49).

Эй мусулмон!

 

Тасаввур қил, ҳисоб кун маҳшаргоҳ ичра,

Туришингни даҳшатдан вужудинг титраб..

 

Жаҳаннам ғазабла ўкирар, ўрлар,

Гуноҳкор бандани бағрига чорлар.

 

Арш соҳиби қаҳру ғазаб ила дер:

«Эй банда, номангни ўқи бирма-бир!

 

Кўргинчи, бормикан унда лоақал,

Сен қилиб ўтмаган биргина амал?!»

 

Номанг ўқиб, бўлганингда барига иқрор,

Дўзах посбонларига амр этур Жаббор:

 

«Эй фаришталарим, ушлангиз уни,

Дўзахнинг қаърига ташлангиз уни!».

 

Мушриклар эртага дўзахда ёнарлар,

Мўминлар абадий жаннатда қоларлар.

 

Шу нуқтада, яъни Аллоҳ азза ва жаллага арз – рўбарў қилиниш кўриниши устида бугунги суҳбатимизни якунлаймиз. Аллоҳ муваффақ қилса, келгуси суҳбатимизда қуйидаги мавзуларда сўзимизни давом эттирамиз:

Арз қандай шаклда бўлади? Ҳисоб қандай амалга оширилади? Аллоҳ таоло қиёмат куни мўмин бандани қандай ҳисоб қилади? Мўмин ўз китобини қандай ўқийди? Аввал яхши амаллар кўринадими, ёмон амалларми? Аллоҳ мўмин бандага нима дейди? Аллоҳ кофир бандани қандай ҳисоб қилади? Кофир ўз китобини қандай ўқийди?

Улуғ арш соҳиби бўлган Буюк Аллоҳдан оқибатларимизни чиройли қилишини сўрайман. У бунга қодирдир.

Давоми бор...

Ўтган қисм - Парвардигор жалла жалолуҳунинг келиши

Каналга обуна бўлинг!

T.ME/IYMONLIQALBLAR

Report Page