Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг саммитида Тошкент декларацияси қабул қилинади

Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг саммитида Тошкент декларацияси қабул қилинади

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати раҳбариҲожиакбар Тўлаганов маълум қилди.

Ўзбекистоннинг хотин-қизларнинг кундалик ҳаётга қўшаётган ҳиссасини ошириш, эришилган ютуқларни қўллаб-қувватлаш ва тараққиётни таъминлаш борасидаги тажрибасини инобатга олган ҳолда, Парламентлараро Иттифоқ 2022 йилда мазкур тузилмага аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммитини айнан мамлакатимизда ўтказишга қарор қилди.

Саммит мавзуси “Парламент етакчилиги: барқарорлик ва фаровонликни янада самарали таъминлашда хавф-хатарларни баҳолаш”.

Бу каби кенг миқёсли тадбир МДҲ мамлакатлари орасида Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган бўлиб, бундан аввалги саммитлардан фарқли ўлароқ унда Парламентлараро иттифоққа аъзо мамлакатлар парламентлари палаталарининг аёл етакчилари (спикерлари), депутат аёллар, халқаро парламентлараро ташкилотлар вакиллари, яъни 22 та давлатдан 140 дан ортиқ иштирокчидан иборат нуфузли таркиб қатнашади.

Аввал хабар қилинганидек, давлатимиз раҳбари Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити иштирокчилари ҳамда Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонгни қабул қилишлари режалаштирилган.

Саммитнинг асосий ташкилотчилари Парламентлараро иттифоқ ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати.

Парламентлараро иттифоқ 200 га яқин мамлакатларнинг парламентларини бирлаштирган бўлиб, мулоқот учун энг йирик майдон ҳисобланади.

Саммитнинг асосий мақсади – COVID-19 пандемияси ва у билан боғлиқ инқироз оқибатларини ҳисобга олган ҳолда, барқарорлик ва фаровонликни самарали таъминлаш мақсадида гендер тенглигини таъминлаш ҳамда аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича парламентлар фаолиятининг устувор йўналишлари ва ҳаракатларини белгилашдан иборат.

Саммит иши "Пандемиядан кейин глобал тикланишга тўсқинлик қиладиган хавфларни бартараф этиш” ҳамда "Технологиялар билан боғлиқ хавфларнинг олдини олиш ва технологиялар оламида инсон ҳуқуқлари ҳамда гендер тенгликни ҳимоя қилиш” мавзуларидаги иккита сессия доирасида ташкил этилади.

Шунингдек, Саммит доирасида “Барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилган гендер масалаларига йўналитирилган парламентлар” мавзусида махсус сегмент мажлисини ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Саммит доирасида тенглик, инклюзивлик ва атроф муҳит муҳофазасига асосланган барқарор ривожланиш нуқтаи-назаридан иқтисодиётни тиклаш, қизлар ва аёллар, шу жумладан, репродуктив саломатлик соҳасидаги заифлигини камайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар ҳамда COVID-19 пандемиясидан кейин иқтисодиётни тиклаш бўйича энг яхши амалиётлар муҳокама қилинади.

 Шу билан бирга COVID-19 пандемияси билан боғлиқ ҳолда рақамли иқтисодиёт ва меҳнат соҳасида технологик инновацияларни рағбатлантириш, парламентларнинг аёллар ва қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини интернетда яхшироқ тарғиб қилиш ва ҳимоя қилишдаги ҳаракатлари каби масалалар кўриб чиқилади.

Саммит COVID-19 пандемиясининг иқтисодий оқибатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан етакчи аёллар ўртасида фикр алмашиш, рақамли маконда инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглигини ҳимоя қилишни таъминлаш учун тартибга солиш усуллари ва тактикасини ишлаб чиқиш ёки қайта кўриб чиқиш имкониятини бериши билан аҳамиятли. Шунингдек, парламентларнинг гендер масалаларига жавоб беришга тайёрлиги ва салоҳияти юзасидан хулосалар тайёрлаш, хавф-хатарларни олдиндан кўра билиш ҳамда тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни янада самаралироқ таъминлашга хизмат қилади.

Саммит якунлари бўйича Тошкент декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.

Тадбир юқорида айтиб ўтганимиздек, 2022 йилнинг 8-9 сентябрь кунлари пойтахтимиздаги “Tashkent city Congress Hall”да бўлиб ўтади.  


Report Page