Паркент тумани ҳокимлиги томонидан харид қилинган "Каптива" билан боғлиқ вазият юзасидан изоҳ

Паркент тумани ҳокимлиги томонидан харид қилинган "Каптива" билан боғлиқ вазият юзасидан изоҳ


Бугун ижтимоий тармоқларда Паркент тумани ҳокимлиги томонидан харид қилинган "Каптива" автомашинаси бўйича хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан қўшимча фикр, мулоҳаза ёки қандайдир изоҳ беришга ҳам ҳожат йўқдек туюлади. 

Ҳақиқатан ҳам, туман ҳокимлиги "Каптива" русумли автомашина учун шу кунларда маблағ ўтказган. Воситачи корхона таъсисчиларидан бири туман ҳокимининг ўғли эканлиги ҳам тўғри. Аммо, ўрганишларимиз натижасида қўшимча тафсилотлар юзага чиққач, вазият ҳақида жамоатчиликка ахборот беришга жазм этаяпман.

Ўзингизга яхши маълумки, Паркенттоғ ва тоғолди ҳудудлардан таркиб топган. Шундан келиб чиқиб, 2019 йилда туман ҳокимлиги "Каптива" машинасини харид қилишни режалаштирган. Бироқ, ўша вақтда туман бюджетида етарли маблағ бўлмагани туфайли, туман ҳокимининг фарзанди, яъни "MEGA KARER" МЧЖ таъсисчиларидан бири отаси фойдаланиши учун мазкур машинани бериб турган.

Оғзаки келишувга кўра, туман бюджетида етарли маблағ бўлган пайтда пул ўтказиб бериладиган бўлган. Яъни, машина туман ҳокимлиги ихтиёрига берилган пайтда янги бўлган. Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, тўлов қобилияти шаклланганидан кейин бу маблағлар фирмага баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланган нархга кўра ўтказиб берилган.

Янаям аниқроқ айтганда, туман ҳокимининг фарзанди туман ҳокимлигига янги "Каптива"ни кейинроқ тўлаб бериш шартига рози бўлган ҳолда топширган. Қариндош-уруғчилик риштасидан, бу ўринда, манфаат кўзда тутилмагани, қайтага автомашинани реал нархидан паст баҳога харид қилинганига эътибор қаратишингизни истардим.

Шу хабар интернетда эълон қилингач, атайлаб қизиқиб ўрганиб кўрдим. Пандемия даврида Паркентда маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ коронавирусга қарши курашиш мақсадига йўналтирилган (дори-дармон захираси, керакли жиҳозлар учун). Шунингдек, туман СЭОМга зарур турдаги жиҳозларни харид қилишга 200 миллион сўм маблағ ажратилган. "Чанги" МФЙдаги қишлоқ оилавий поликлиникасида коронавирус касаллиги билан оғриган беморларни қабул қилишга ихтисослашган 40 ўринли захира жой тайёрланиб, керакли жиҳозлар билан таъминланди. Бугунги кунда у беморларни қабул қилишга шай. Яъни, туман бюджети аниқ ҳисоб-китоблар, маълум режалар асосида тақсимланади. Жайдари қилиб айтганда, бюджетнинг пули кўчада қолмаган ва бу борада ўта кучли назорат тизими мавжуд.

Яна бир рақам. Пандемия даврида паркентлик тадбиркорлар "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобига 300 миллион сўм ҳомийлик тариқасида пул ўтказган. Бундан ташқари, маҳаллий тадбиркорлар томонидан эҳтиёжманд оилаларга нақд пул, озиқ-овқат, бошқа эҳтиёж моллари кўринишида 2 миллиард 900 миллион сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилган. Хусусан, ўша "MEGA KARER" МЧЖ томонидан аҳолига 60 миллион сўм қийматидаги озиқ-овқат ва бошқа эҳтиёж моллари аҳолига тарқатилган.

Қуйидаги маълумотни ёзишдан олдин эса кўп ўйладим. Миннат ёки нокамтарлик кўринмасмикан, деган ўйлар кўнгилдан ўтди. Аммо, ҳозир, шу вазиятда бу ҳақда маълум қилиш жоиз кўринди. Туман ҳокими Ниғмат Муҳамедов ўз ойлик маошидан жамғарган пулига 10 та сунъий нафас олиш ускунасини туман шифохонасига берган. Бу ўринда гап ҳокимнинг алоҳида бир фазилатини бўрттириш ҳақида кетмаяпти. Бинобарин, Паркент туманини севган, унинг халқи соғлиғи учун қайғурган ҳар бир паркентлик сингари Ниғмат Муҳамедов ҳам умумий хайрия марафонида муносиб иштирок этганини таъкидлаш маъносида мисол келтирдим. 

Яна бир гап. Паркент тумани бюджети ва унинг тўлов қобилияти ҳақида. Яъни, муҳтарам ўқувчиларда бир иштибоҳ туғилиши мумкин. Яъни, нечук пойтахтнинг биқинидаги катта бир туманда "Каптива" олишга етгулик маблағ бўлмаса, деган фикр ҳам бор. Шахсий фикрим ва ўрганишларим натижасидаги хулосам бундай. Пул ўша вақтда етарли бўлмаса ҳам кейинроқ бўлган ва маҳаллий бюджетда тўлов қобилияти аввалроқ ҳам мавжуд эди. Яъни, эътиборда тутиш лозимки, маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисми миқдори ҳар чоракда маълум бўлади. Бу маблағни тасарруф этиш ҳокимнинг ихтиёридаги иш эди. Аммо, раҳбар сифатида Ниғмат Муҳаммедов, имконият бўлганда ҳам, аввало энг зарур соҳа ва тармоқларга маблағ йўналтиришни маъқул кўргани бугунги кунда ўзига қимматга тушаяпти – ижтимоий тармоқларда масала муҳокамалар марказида.

Хулоса қилиб айтганда, бу вазиятда бюджет маблағи талон-тарож бўлгани ҳақида писандалар бақувват асосга эга эмас. Қолаверса, ҳозир давлат харидлари қачон ва қаердан амалга оширилгани интернет тармоғида эълон қилинаяпти. Раҳбарнинг фарзанди таъсис этган фирма орқали техника харид қилингани – бу харид асоссиз, ўз навбатида, молиявий найранг, деб баҳолаш учун етарли асос бўладими-йўқми, деган саволга ҳар ким турлича жавоб бериши мумкин. Бу борада ҳеч ким билан баҳсга киришиш ниятида эмасман. Мен вазиятга ичкаридан туриб назар ташладим, холос.

Алоҳида таъкидлашни истардимки, мен давлат харидининг бундай шаклини оқлаш ниятида эмасман, мутлақо! Бинобарин, бу вазиятга ҳуқуқий баҳо берадиган, қонун бузилиши аниқланганда чора кўрадиган ташкилотлар бор...


Беҳзод Қобулов,

вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.


Report Page