Гирдоб

Гирдоб

Наврўза

У билан танишганимдан буён ҳикоя қилиб беришга арзигулик бирор воқеа рўй бермаган, бироқ ўша пайтдан то ҳозиргача бўлган вақт ичида унга нисбатан ҳис қилганларим мени тобора янгилаб борди, ўзимга ўзимни тушунтириб бораверди.

Йўлда кетяпман, қулоқчиндаги қўшиқ эса кўнглимнинг қулфини очади.

"... мен шу қадар сенга кетдим берилиб

Ҳатто ўзимга насиб этмадим", – деяпти Севара – руҳимнинг созандаси.

Айни лаҳзада борлиқдаги энг қудратли бирор моддий куч мени йўриғига сололмайди. Мана буни ҳақиқий ожизлик ва қудрат деса бўлади. Барини руҳинг қўлига топшириш ва фақатгина беозор чайқалиш имконияти бор сенда бундай пайтлар.

Авваллари бундайин ожизлик қанчалар ёқимли туйилган бўлса, ҳозир шунчалар қадрли. Оо у вақтлар, мен чиндан ҳам Унга шу қадар берилиб кетгандимки, ҳаёлларимнинг эрки бутунлай унинг қўлида эди. Эҳтимол, ҳозир ҳам бу ожизликни туйиб туришим мумкиндир, бироқ телбаликни узоқ ушлаб қололмадим. Тўлалигича ва эркин яшата олмадим уни ўз ичимда. Бу туйғуни севги деб аташдан доим қўрқиб келганман. Чунки бу ном шу қадар сийқалашиб кетгандики, кимга бу ҳақида оғиз очсангиз, у буни ўз тасаввуридаги арзон хаёллар билан булғаб ташлайди. Кейин бизга маълум бўлган севгига берилган таърифлар, у ҳақидаги тушунчалар унинг моҳиятини шунчалар чегаралаб ташлаганки, мен ҳис қилаётганларим бу меъзонларга ҳеч вақт тўғри келолмасди. Шунинг учун, очиғи, айни пайтда ҳам буни нима деб номлаш ҳақида иккиланиб қолдим.


Илк бор унга хабар ёзган вақтимда ичимда унинг муҳаббатидан ҳам кўра у айтадиган – мен учун эса доим янгилик бўладиган фикрларига нисбатан чанқоқликни ҳис қилардим. Уни тинглаб туриб, шу пайтгача мен топиниб келган қайсидир ҳақиқатим парча-парча бўлиб кетар, ўша вақт талваса аралаш бир ҳузурни ҳис қилардим. Бу – билиш ҳузури, англаш ҳузури эди. Энди-энди дунёга очилаётган тафаккуримнинг лаззати эди. Кейин англадимки, бу ҳеч қанақа муҳаббат эмас, шунчаки унга нисбатан ҳис қилинган ҳайрат эди, холос. Буни айни телбаликнинг ичида яшаб юрган вақтимда тан олишим қанчалар қийин бўлганини фақатгина тасаввур қилиб кўриш билангина тушуниш қийин. Ахир, мен жуда катта ва ҳеч кимникига ўхшамаган муҳаббатга даъво қилиб юрардим. Бу даъво ҳам мутлақ шахсий, ичимдан ташқарига чиқмаган, ҳануз ўз-ўзини енголмаган даъво эди. Мана шу жараёнда ҳам ўзимни алоҳида ҳис қилгим келар, уни шунчаки, ҳамма каби севишни ва унга ҳам ҳамма каби кўринмоқни истамасдим. Ва мана шундай вазиятда бу даъвойим севгининг эмас, ҳайратнинг натижаси эканлигини англаб қолиш осон бўлмаслиги табиий. Бироқ, бу хулоса ҳам узоққа бормади: чамаси, бир-бир ярим йиллар ўтгач, унинг фикрлари умуман ҳайратлантирмай қўйди. Ҳайратлантирмай қўйдигина эмас, уларнинг аксариятига нисбатан бирор ҳайрихоҳликни туймай қўйдим. Фикр чанқоғини унутдим. Бироқ ичимдаги ҳисларим тирик эди, ҳали. Мен ҳиссиётга эҳтиёжманд эдим фикрдан ҳам аввал. Толиққан ақлим кечинмага муҳтож эди, холос. Хуллас, ҳис қилаётганларим бор-йўғи ҳайратнинг натижаси эканлиги ҳақидаги хулоса ўзини оқламади.

Мени бир ҳолат ҳайратлантирарди: унинг ёнида бўлган вақтларимда, у билан нисбатан эркин суҳбат қурган пайтим ёки у билан кечадиган ёзишмалар вақтида ҳам, гарчи бунга фурсат бўлса-да унга ҳиссий яқинлашишни ўзимга раво кўролмасдим. Айни вақтда эса ҳисларимни табиий қабул қила оладиган атрофимдаги ягона инсон у эканлигини ҳам англаб турардим. Унинг жиддий муносабатлар ўрнатишга ҳафсаласи ва кучи етмаслигини билар, дастлаб, ҳисларимни мана шу ножиддийликдан сақлаб қолиш учун яқин боролмадим деб ўйладим. Кейин эса барча жиддий муносабатлардан, одамлар ўзи яратган мантиқсиз қонуниятлардан шу қадар зерикдимки, ҳатто у билан ҳам жиддий муносабат ўрнатишга энди ўзимда истак қолмаганди. То ҳозирга қадар, асли ўзига тегишли бўлган ҳисларни ундан қизғониб яшадим. У ҳақида яқинимга тўлқинланиб гапириб берадиган 19-20 яшарлик ўзимни учрата олганимда эди, уни ўша тоза ҳислар ҳаққи бағримга босган бўлардим. Ҳануз унинг ҳисларини хумори тутади мени.


Мен шу қадар тушкунликка банди бўлгандимки, анча вақт бунинг боисини ундан кўнглимдагидек жавоб ололмаганда, ҳисларимни яшата олмаганимда деб ҳисоблаб юрдим. Бироқ сал кейин тушундимки, аслида ана шу тушкунликдан қочиб унинг ёнига, маънисиз кунларимни енгиш учун севгига юкиниб боргандим. Рангсиз кунларимни бир тиниқ изтиробга алмашган эканман. Шуни таъсиридир, эҳтимол, "Севаман" деган жумла менга "Ёрдам бер, халос қил бу кунлардан" деган маънода туйилаверади. У орқали кунларингни яраланишдан сақлаб кетаверасан. Сен орқали эса, у ўзини асраб қолади. Баъзида бу ҳиснинг домига шунчалар ўралашардимки, Унинг реал ҳаётда аслида мавжуд ё мавжуд эмаслигининг аҳамияти йўқолар, ич-ичкаримда шу туйғунинг борлиги борлиғимни ёритиб тураверар, унинг эса керак эканлигини мутлақо унутардим. Ўзимни яшаб бўлгандек ҳис қилардим шундай пайтлар. Ҳамма нарсанин тотини билгандек, бошқа қиладиган ишим қолмагандек туйиларди бу дунёда.


— Ҳатто Кафка севган, — деганди у бир суҳбатда менга. Кафкаа! Унинг ишқини қидирдим асарларидан. Мактубларини ўқийману, тубсиз умидсизлик ичидан чиқиб кетиш илинжида аёлга ўтинч билан (эҳтирос билан эмас!) қараётган одамни кўраман. Аёлларнинг ўзига нисбатан ҳис қилаётган севгисига жавобан уқубатли тушунарсизликдан бўлак ҳеч нима бера олмаётган Кафканинг яна-да оғирроқ хижолатлигини кўраман. Тўғри! Тўғри, мен Кафка эмасман. Кафканинг севгиси ҳам меникидан мутлақо фарқли. Лекин унинг ҳаёти шуни тушунтирдики, ўзи билан келиша олмаган инсон ҳатто севгисини улаша олмаслик қадар заиф, ожиз ҳолатда яшашда давом этаверади. Мен тамоман чарчагандим. Реал ҳаётда яшатишга имконсиз ҳис-туйғуларимни хаёлан яшайвериб, ўзимни эса асли қайси бирига мансуб эканлигимни ўйлайвериб толиққандим. Менга шахс эмас, шу шахсга қаратилган ҳиссиёт зарур эди. Мен ана шу ҳиссиётга топинаман ҳануз.

Йўқ, мен яна бир нарсани тан олишим керак, токи буткул фош бўлишдан сўнг ҳис қилинадиган теран иложсизлик ва муқаррарлик ҳам мен учун қадрли. Аслида, мен мактабидаги партадош қизга бериш учун ҳам иккита олма олиб кетадиган жияним каби ёки бошяланг кўчага чиқиб кетгани учун аввал обдон койиб, кейин туни билан бетоб бувамнинг пешонасидан турмай чиққан бувим каби тоза бир ҳолдаги, бирор фалсафа чанг солмаган севгини ҳис қилишга ожизман. Ана шу даҳшатли даражадаги жўн бир ҳиссиётни туёлишим учун менга ўзим бино қўйган назариялар ҳам, туни билан мен кўриб чиқадиган фильмлар ҳам кўмак беролмайди. Бу фалсафалар, китоб, кино ёки бутун олам зиёлилиарининг миясини банд қилган назариялар севишга лаёқатсиз инсонларни овутиш ёки чалғитиш учун яратилгандек туйилади энди. Балки, шу ожизлигимни бироз яшира олгани учун ҳам гапимни бошиданоқ уни ҳар хил мантиқсиз сабаблар билан ниқоблаб ўтиргандирман. “Худбинсан” деганда мутлақо адашмаганди у. Мен уни севган, телбаликни ҳис қилган ҳолатимни чунонам яхши кўрардимки, ўзини йўқотиб қўйишимдан ҳам кўра унинг туйғуларини йўқотиш мен учун оғирроқ кечарди. Мен шу ҳиссиётга таяниб шеър ёзардим, бу туйғуларни ҳикояга туширардим. Ўзим ҳис қилиб турган ҳиссиётни таржималар орқали бошқа бир ижодкорга "айттириб олардим". Ҳа, барча-барчаси аслида унга йўлланган мактублар эди. Одамлар ўзининг мавжудлигини исботлаш, “ҳеей, дунёнинг мана шу бурчагида мен ҳам борман, мен ҳам яшаяпман” деган гапни айтиш учунгина бутун ҳаётини сарфлайди. Мен ана шу ёзганларим ичидагина “қара, ичимда севги яшаяпти” деб ҳайқиролардим. Менга дунёга қарата ўзимнинг бор эканлигимни исботлашдан ҳам кўра ҳисларимни унга англатиш муҳимроқ туйиларди. Ёзганларим ичида ўзининг акси бор эканлигини фаҳмлашига тўла ишонардим. Туйғуларни ана шу шаклга солиш иштиёқида туни билан ўзини хонанинг у деворидан бунисига уриб чиқадиган пайтларимда муддатидан ҳам аввал унга дахлдор барча жараёнлар ичида яшаб чиқардим. Ҳамма-ҳаммасини туйиб бўлардим.

Ичимдаги ҳеч кимникига ўхшамайдиган муҳаббатни даъво қилиб яшаётган бўлагим эса ҳиссиётларимни қачон ўлдириб қўйганини сезмай яшаб юравердим. Мен фавқулодда туйиш мумкин бўлган туйғулар орқали ич-ичкаримда беркиниб ётган ўзимни кашф этиб борар, тобора қайси туйғу қаерга етаклаб боришини аниқроқ тушуна бошлагандим. Инсонни бошқарадиган куч Худо деб аталадиган бўлса, қайси вақтда бу куч олдида ожиз қолишим-у, қачон у ўз ўрнини бошқа кучга бўшатиб беришини иложсиз кузатдим. Ҳафсаласизлик тубига (тушкунлик эмас!) шунчалар чўкдимки, энди асли ўзим эҳтиёжманд бўлган туйғуларни ҳам шунчаки илоҳийлаштириб яшаган эканман, деган хулоса миямга ўрнашиб олганди. Энди хонада девордан –деворга ўзимни урмай қўйдим, унга жўнатилмайдиган, бироқ тинимсиз ёзиладиган мактублар ҳам ичимда бир инжа ностальгияни уйғотадиган бўлди. Мен бўшаб қолгандим. Бироқ, эҳтимол, мана энди айтиш мумкин бўлган шаффоф бир изҳор яшарди ичимда. Бу шунчалар тоза изҳорки, Унинг мавжудлиги учун раҳмат айтиб, қаттиқ қучиб қўйиш қадар кучга эга самимий туйғу эди. Кино кўриб чиққач, таассуротини тўлиб-тошиб гапириб берадиган ўсмир ҳайрати каби таъмасиз эди. Ўзим билан ўзимнинг ўртамдаги зиддиятда уни қурбон қилиб қўйгандек ҳис қиламан ўзимни. Ваҳоланки, унинг бу бу курашлардан хабари ҳам йўқ эди. Аслида менга таянч ўлароқ яшаб келаётган ҳисларимни ихтиёримсиз йўқотиб қўйгандим. Ҳозирги ҳафсаласизликни яшаш эса унга бўлган ҳислар  изтиробини яшашдан ҳам кўра оғирроқ менга айни пайт. Энди ҳам ундан севги сўрагани уяламан. Қачондир туйган энг инжа ҳисларим, шеърлардан ташқарига чиқа олмаган хаёлларим олдида ҳижолатликни ҳис қиламан. Ахир ўзим ўлдириб қўйдим уни. Бироқ менга ёрдам керак. Тутиб туришга мадори етадиган ҳиссиёт керак. Ярим тунда номини ўзим ҳам билмайдиган аллақандай бир ҳиссиётни соғинаман. Кейин телефонда бошқа бир рақамга хабар жўнатаман.

– Севаман... Айни пайтда.     


Наврўза


Август

Report Page