Пандемия шароитида жаҳонда содир бўлаётган бундай вазият Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини ўтказиб турибди. Жорий йил биринчи чорагида мамлакатимиздаги иқтисодий ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврга нисбатан 1,6 фоизга пасайиши кузатилган. Бундан ташқари, ин…

Пандемия шароитида жаҳонда содир бўлаётган бундай вазият Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини ўтказиб турибди. Жорий йил биринчи чорагида мамлакатимиздаги иқтисодий ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврга нисбатан 1,6 фоизга пасайиши кузатилган. Бундан ташқари, ин…

EconomyPress


Умрзаков Илхомжон,
Макроиқтисодий сиёсат, таҳлил ва прогнозлаштириш департаменти директори


Ҳақиқатдан ҳам коронавирус пандемиясининг бутун дунёга тарқалиши, хусусан Ўзбекистонга ҳам кириб келиши ва Ҳукумат томонидан унга қарши курашиш учун киритилган карантин чекловлари мамлакатдаги иқтисодий фаолликни қисқартиришга олиб келди. Таъкидлаб ўтганингиздек, жорий йилнинг биринчи чорагида иқтисодий ўсиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан секинлашиши ҳам ташқи иқтисодий фаолиятимиздаги секинлашиш ҳамда март ойидан бошлаб кўрилган карантин чоралари сабаби ўлароқ баҳоланиши мумкин.

Ушбу коронавирус оқибатидаги инқироз аввалги инқирозлардан фарқли ўлароқ талаб ва таклифнинг биргаликда қисқариши билан содир бўлди. Бунда, давлатимиз раҳбарияти томонидан биринчи ўринда иқтисодий кўрсаткичлар эмас балки одамлар соғлиги туриши бир неча бор таъкидланди ва касалликни кенг тарқалиб кетишини олдини олиш мақсадида иқтисодий фаолият секинлашишига қарамасдан карантин чоралари қўлланди.

Албатта, ушбу шароитда ҳам иқтисодиётни рағбатлантириш, молиявий кўмакка мухтож аҳоли қатлами ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилди.

Саволингизга келадиган бўлсак, ўзи инқироз вақтида давлат қандай харакат қилиш керак ва қандай чораларни кўриш камроқ йўқотишларга олиб келиши мумкин?

Халқаро тажрибага мурожаат қиладиган бўлсак, инқироз пайтида тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш ва аҳолининг мухтож ҳамда иш ўринларини йўқотган қатламига молиявий кўмаклар бериш ҳамда иқтисодиётни рағбатлантириш учун фискал ва монетар чоралар биргаликда қўлланилганини кўришимиз мумкин. Республикамизда ҳам ушбу инқироз даврида манзилли фискал ва монетар чоралар, тўғридан-тўғри қўллаб қувватлаш билан биргаликда амалга оширилди.

Хусусан, қуйидаги фискал чоралар амалга оширилди:

Биринчидан, санитария-гигиена тадбирларини ўтказиш, инфекцияни юқтирган одамларни даволаш, иқтисодиётнинг аълохида энг кўп зарар кўрган тармоқларини сақлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни ошириш ҳисобига янги иш ўринларини яратиш мақсадида 10 триллион сўм миқдоридаги Инқирозга қарши кураш жамғармасини ташкил этилди.

Иккинчидан, корхоналарнинг банкрот бўлишини олдини олиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш, муҳтож хўжалик субъектларига, биринчи навбатда, зарар кўрган тармоқларга субсидиялар, кредитлар ёки пролонгациялар шаклидаги қўшимча молиявий ресурслар ажратилди.

Учинчидан, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларидан аҳолини, айниқса кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек ишсизларни жамоат ишларига жалб этиш учун маблағлар ажратилди ҳамда ижтимоий нафақалар олувчи оилалар сони оширилди.

Тўртинчидан, иқтисодиёт тармоқлари барқарорлиги учун муҳим бўлган секторлар мақсадли қўллаб-қувватланди (энергетика, кимё, тўқимачилик, электротехника, қурилиш, банк иши, туризм, соғлиқни сақлаш). Хусусан, туризм билан шуғулланувчи 3,1 мингдан ортиқ якка тартибдаги тадбиркор учун жисмоний шахслар даромадларига солинадиган даромад солиғини ҳисоблаш тўхтатилди. Жорий йилнинг охирига қадар 3,7 мингдан ортиқ сайёҳлик, меҳмонхона хизмати ва авиация соҳаси субектлари ер солиғи ва мулк солиғидан озод қилинди, шунингдек, улар учун ижтимоий солиқ хажми 12%дан 1%га пасайтирилди.

Бешинчидан, соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, ирригация ва мелиоратив объектлар, ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимлари учун қўшимча 2424 инфратузилма лойиҳалари рўйхати шакллантирилди ва мазкур лойиҳалар учун Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан керакли маблағлар ажратилди.

Олтинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини карантин чораларидан ҳоли ҳудуд сифатида сақлаш, барча қишлоқ хўжалик тадбирларини ўз вақтида молиялаштириш ва амалга ошириш чоралари кўрилди.

 Еттинчидан, мамлакатга қайтган меҳнат муҳожирлари орасида пандемия туфайли аҳолининг ишсиз қолган қисми муаммоларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жамоат ишлари фондидан 165,7 млрд. сўм миқдорида маблағлар ажратилди, шу жумладан жамоат ишларига 231,9 минг киши жалб қилинди.

Қуйидаги монетар чоралар амалга оширилди:

Молиявий баркарорликни таъминлаш бўйича банкларни керакли ликвидлик билан таъминлаш, монетар инструментларни қўллаш орқали тадбиркорлик субъектларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди.

Хусусан, Марказий банкнинг базавий ставкасини 16% дан 15% га пасайиши ва банкларнинг ликвидлигини таъминлаш бўйича РЕПО операциялари амалга ошириш билан тавсифланди. Бундан ташқари, Марказий банкдаги (МЗЖ) резерв мажбуриятларининг енгиллаштирилиши тижорат банкларига иқтисодиётга қўшимча молиявий маблағ йўналтириш имконини берди.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида ажратилган кредитлар ҳажми 58,6 трлн. сўмни ташкил қилди (ўтган йилнинг мос даврида 65,4 трлн. сўм). Банклар томонидан хўжалик юритувчи субъектларга кредит тўловлари бўйича 24,5 трлн. сўм га кечиктириш берилди.

Ушбу чоралар натижасида Давлат статистика қўмитасининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра 2020 йилнинг I ярим йиллигида номинал ЯИМ ҳажми 255,3 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан реал ҳисобда 0,2 фоиз ўсди. Солиштириш учун, биринчи ярим йилликда дунёнинг кўплаб давлатларида иқтисодий қисқариш 10-20 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда.

Бунда қурилиш ишлари – 7,3 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги – 2,8 фоизга, хизматлар – 2,6 фоизга, истеъмол товарлари – 1,2 фоизга ва чакана савдо айланмаси – 0,7 фоизга ошган бўлса, экспорт ҳажми – 22,6 фоизга, импорт – 18,2 фоизга, инвестициялар – 12,8 фоизга ва саноат маҳсулотлари – 1,9 фоизга пасайди.

Афсуски, июль ойидан бошлаб касаллик сонининг кескин ортиши

10 июлдан 1 августгача бўлган муддатда Ҳукумат комиссияси қарори томонидан кайтадан кучайтирилган карантин чораларини кўришга мажбур бўлди. Бу эса ўз навбатида иқтисодий фаолликни қисқаришига олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари аҳолини иш билан таъминлаш, иш ўринларини яратиш, бандликка кўмаклашиш мақсадида ўқитиш, энг жабр кўрган тармоқ, хизматлар (жумладан туризм) соҳасини қўллаб қувватлаш бўйича ишлаб чиқилган кенг қамровли чора-тадбирларни амалга ошириш карантин сабабли яна кечикиши мумкин.

Шу сабабдан, яна саволингизга қайтадиган бўлсак, менинг фикримча, Ўзбекистонда камроқ иқтисодий йўқотишларга эришиш учун бугунги кунда асосий эътибор муаммонинг ўзагига, яъни тиббиёт тизимини мустаҳкамлашга қаратилиши лозим.

Бунда, асосий эътибор карантин чораларини тезроқ юмшатиш ва бошқа кучайтирилган карантин чораларига қайтмаслик иқтисодиётни рағбатлантиришга асосий омил бўлишига қаратилиши керак.

Буни одамлар тезроқ англаб етиб, карантин чораларига қатъий амал қилса ва натижада эпидемиологик вазият яхшиланса карантин чораларини юмшатишга сабаб бўлади ва иқтисодиётимиздаги йўқотишларни қисқартиришимиз мумкин бўлади. 


#Савол-Жавоб

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Ахборот хизмати



Report Page