Юртимизда пахта хом-ашёси нега терим машинасида терилмайди?

Юртимизда пахта хом-ашёси нега терим машинасида терилмайди?


Сўлим куз фаслининг илк кунлариданоқ пахта териш мавсуми ҳам бошланади. Айни вақтда мамлакатимизда пахтанинг асосий қисми қўл меҳнати эвазига териб олиниши ҳам бор гап. Бу эса турли қарашдаги инсонларнинг эътирозларига ва қаршиликларига ҳам сабаб бўлмоқда. Бироқ, етиштириши оғир меҳнат талаб қиладиган пахтани йиғиб олиш ҳам осон эмас.

Агарда бу борада пахта терим машиналари ва тракторлардан самарали фойдаланилса, балки кўплаб эътирозларнинг олди олинган бўлармиди? Нега пахтакор
фермерларимиз бу тажрибани қўллаб кўрмайди?  Ёки юртимизда бундай техникалар мавжуд эмасми?

Тошкент вилояти Пскент туманидаги “Агро стимул тех сервис“ фермер хўжалиги раҳбари Ганжабой Матниёзов бунинг ўзига хос сабабларини шундай изоҳлади:

–Умумий экин майдонимиз 196 гектар бўлиб, шунинг 119 гектарида пахта етиштирамиз, –дейди фермер. – Айни вақтда оқликка бурканиб, гўёки товланиб, ўз жозибаси билан ҳаммамизни далага чорлаётган пахтани теримига узоқ-яқиндан ҳашарчилар келишмоқда. Тиғиз мавсумда бутун меҳримизни даламизга бериб, ҳар бир чаноқдаги пахтани нест-нобуд қилмасдан териб олиш ҳаракатидамиз.

Нега терим машинасида термаётганимизга келсак, хўжалик ташкил топганига энди тўрт йил бўлди. Бундай техникаларнинг нархи жуда қимматлиги боис харид қобилиятимиз етмайди. Албатта, бундай катта майдондаги ҳосилни қўлда териб олиш машаққатли меҳнат талаб қилмоқда. Шуни ҳисобга олиб, кейинги йилда ёнимиздаги кластер корхонасидан терим машинасини шартнома асосида олиб келишни мўлжаллаб қўйдик. Балки, кейинги йилга бориб, ҳудуддаги фермерлар бирлашиб, бир-иккита харид қилармиз.

Аслида бу йил ҳам терим машинасидан фойдаланмоқчи эдик. Лекин даламиз ва ундаги эгатларнинг жойлашуви бунга халал берди. Эгатлар 60, 90 схемада бўлиши керак экан. Кейинги йил шундай тартибда эгатларни тортиб, ҳосилни машинада терамиз. Бундан ўзимиз ҳам яхши фойда кўрамиз. Чунки, машинада терилган бир килограмм пахта учун 600 сўм тўланаётган айни вақтда биз ҳашарчиларга минг сўмдан бермоқдамиз.

Қўшни фермернинг даласини кўриб келдим, ҳам тез, ҳам сифатли терилган. Менга ёқди. Яна кунига битта машинада 40-50 тонна териш мумкин. Агар қиёслайдиган бўлсак, биздаги 130 нафар ҳашарчи кунига 10 тонна пахта термоқда.



 

Report Page