Пахта қабул қилиш масканлари мавсумга тайёрми?
Buxoro.uzЮртимизга куз фасли ҳам кириб келишига ҳам саноқли кунлар қолди. Бу фасл миришкор деҳқонларимиз учун ўта муҳим ва масъулиятли палла ҳисобланади. Йил давомида қанча-қанча меҳнату машаққатлар эвазига етиштирилган ҳосилни қисқа муддатда, нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш лозим.
Айниқса, қишлоқ хўжалигида муҳим аҳамиятга эга бўлган ва катта майдонларда етиштириладиган пахта йиғим-терими нафақат деҳқонлар, балки масъул ташкилотлардан ҳам мавсумга пухта тайёргарлик кўриш, бу ишни уюшқоқлик билан ташкил этишни талаб этади.
Хўш, айни пайтда бу борадаги ишлар қандай ташкил этилмоқда?
“Бухоро агрокластер” МЧЖ шаклидаги пахта-тўқимачилик кластерига қарашли “Ғиждувон пахта тозалаш” АЖда вилоятда 2024 йил ҳосили учун пахта йиғим-теримига тайёргарлик кўриш, пахта қабул қилиш масканларинининг мавсумга тайёргарлиги ҳамда 2025 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини экишга тайёргарлик ишларининг боришига бағишлаб ўтказилган семинарда айни шу масала кенг муҳокама қилинди.
Семинарда вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги вилоят секторлари, туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари, туман ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари, пахта қабул қилиш масканлари мудирлари, ёнғин хавфсизлиги ва агроинспекция бўлими бошлиқлари, тижорат банклари мутасаддилари ва бошқа масъуллар иштирок этди.
Дастлаб Қуръон тиловат қилиниб, ҳосил баркали ва мўл бўлишлиги тиланди. Семинар қатнашчилари “Ғиждувон пахта тозалаш” АЖда амалга оширилган мавсумга тайёргарлик ишлари билан яқиндан таништирилди.
Хусусан, иштирокчилар пахта қабул қилиш маскани капитал таъмирланиши, пахта хом ашёсини туширувчи механизмлар, ғарам майдонлари, сув сақлаш ҳовузларининг ҳолати, 1-категорияли брезентлар билан таъминланиши ҳамда электр ёритгичлар ва ёнғин хавфсизлиги жиҳозларининг ишчи ҳолатда эканлиги билан танишиш имконига эга бўлишди.
Қолаверса, пахта қабул қилинишида шаффофлик ва очиқлик тамойилларига тўлиқ риоя қилиниши бўйича жорий қилинган тизим ҳақида ҳам батафсил маълумотга эга бўлишди.
Семинарнинг асосий қисмида вилоят ҳокимининг ўринбосари Амрилло Назаровнинг пахта хом-ашёси ва ундан қайта ишланган маҳсулотларни қабул қилувчи, сақловчи ҳамда қайта ишловчи корхоналарнинг мавсумга тайёргарлиги юзасидан ахбороти эшитилди.
Айтиш жоизки, жорий йилда 370 минг тонна пахта хом ашёси сотиш юзасидан контрактация шартномалари тузилган. Режага кўра, йиғиб олинган ҳосилнинг барчаси вилоятдаги 10 та пахта-тўқимачилик кластерларига тегишли 34 та тайёрлов пункти, бундан ташқари, 5 та уруғчилик хўжалигига қарашли, умуман, жами 39 пахта қабул қилиш масканида жамланиши керак.
Ахборот давомида пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан мавсумга тайёргарлик ишлари давомида йўл қўйилган камчилик ва муаммолар, уларни бартараф этиш ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Семинарда сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов йўл қўйилган камчиликларни қисқа фурсатда бартараф этиш, жумладан, пахта қабул қилиш масканларидаги тарозиларни ўрганиш, таъмирталабларини таъмирлаш, пахта теримига жалб этиладиган техникалар, тиркамаларни тайёрлов чизиғига қўйиш ва тиркамаларга ёруғлик қайтаргичлар ўрнатиш, ёпинчиқлар билан таъминлаш, пахта майдонларини дефолиация қилиш учун талаб этиладиган кимёвий воситалар захирасини яратиш ва дефолиацияга қатнашувчи техникаларни шай ҳолатга келтириш, 2024 йил ҳосили учун қўшимча пахта қабул қилиш бўйича фюьчерс шартномаларини якунлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Шунингдек, семинарда мавсумда пахта қабул қилиш масканларида келиб чиқиши мумкин бўлган ёнғинларни олдини олиш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, семинар давомида ғўза парвариши, кузги бошоқли дон экишга тайёргарлик ишлари билан боғлиқ агротехник тадбирлар юзасидан ҳам муҳим вазифалар белгиланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати