ПРОЛАКТИН (СУТ) ГОРМОНИ (Гиперпролактинемия)  

ПРОЛАКТИН (СУТ) ГОРМОНИ (Гиперпролактинемия)  

@ginekologim


Пролактин гормони нима?

Пролактин гормони мия ўрта қисмида жойлашган гипофиз безидан ишлаб чиқариладиган пептид тузилишидаги гормондир. Пролактин гормонининг гипофиз безидан ишлаб чиқариши миядаги гипоталамус томонидан назорат қилинади. Гипоталамусдан ишлаб чиқариладиган допамин гормони пролактин гормони ишлаб чиқаришига тўсқинлик қилади, яъни камайтиради. Гипоталамусдан ишлаб чиқариладиган ТРГ (тиреотропин-рилизинг-гормон ёки тиреолиберин) гормони эса пролактин ишлаб чиқарилишини орттирувчи таъсир кўрсатади.

 

Пролактин гормонининг меъёрдаги миқдорлари қандай бўлиш керак?

Пролактин гормони миқдори аёлларда ҳайз цикли ичида ўзгаришлар кузатилса-да, ўртача миқдори 13-15 мкг/л бўлади. Ҳайз циклининг ўртасида, яъни овуляцияга яқин бўлган кунларда бироз ортиш кузатилади. Хулоса қилганда, туғруқ ёшидаги аёлларда умумий ўлароқ 20 мкг/л (нг/мл) дан юқори миқдор меъёрдан баланд ҳисобланади. Ҳомиладорлик вақтида ой сайин пролактин миқдори ортиб боради ва оддий ҳолтадаги меъёрдан анча баланд миқдорга етади.

Эркакларда умумий ўлароқ 6-10 мкг/л оралиғида бўлади.

Пролактин гомонининг таъсирлари нималардан иборат?

Аёл ва эркак танасида пролактин гормонининг турли хил таъсирлари ва вазифалари мавжуд. Буларниннг орасида ҳали ҳам тадқиқ қилинаётган ва тўлиқ аниқланмаганлари ҳам бор. Энг аниқ билинганлари қуйидагилар:

- аёл кўкрагида сут ишлаб чиқаришни таъминлаш;

- жинсий майл ва истак билан алоқадор вазифалари;

- эркакларда сперма ишлаб чиқариш жараёнида таъсирлари.

 

Пролактин гормони меъёрдан юқори бўлишининг аломатлари

Буни тиббиётда гиперпролактинемия дейилади. Унинг аломатлари қуйидагилар:

- ановуляция ва ҳайз цикли бузилишлари (пролактин горомни миқдори баланд бўлиши овуляция бўлмаслиги ёки тартибсиз бўлиши, шунга боғлиқ равишда ҳайз цикли бузилишлари, ажралмалар келишига, баъзида бир неча ойлаб ҳайз келмаслиги ҳам сабаб бўлиши мумкин);

- ҳомиладор бўлмаган, туғмаган ва эмизмайдиган аёлларда кўкракда сут (суюқлик) келишига сабаб бўлаши мумкин. Буни галакторея  дейилади. Кўкракларда таъсирчанлик ва оғриқ кузатилиши мумкин;

- аёлларда жинсий майлнинг сустлашишига олиб келиши мумкин;

- қинда қуруқлик ва шунга боғлиқ равишда жинсий алоқа оғриқли бўлиши мумкин;

- иссиқ тер босиши (менопаузадаги каби шикоятлар);

- эстроген ва тестостерон гормонларининг пасайишига сабаб бўлгани учун суяк мўртлашиши (остепороз) кузатилиши мумкин;

- эркакларда пролактин миқдорининг юқори бўлиши кўкракларнинг катталашиши (гинекомастия), жинсий майлнинг пасайиши, олат таранглишмаслигига олиб келиши мумкин.

Пролактин гормони баланд бўлишининг сабаби гипофиз безида катталашаётган аденома бўлса, унинг кўрув нервига босим бериши натижасида кўришда ҳам муаммолар туғилиши мумкин.  

 

Ташхиси

Пролактин миқдори қон таҳлили орқали аниқланади. Кейинги босқичда меъёрдан четлашишнинг сабабини аниқлаш учун бошқа гормон таҳлиллари ёки мияни текшириш талаб қилиниши мумкин. Мияда гипофиз безида аденома борлиги пролактин миқдори жуда баланда бўлгандагина (100 мкг/л дан баланд) МРТ орқали текширилади.

 Қалқонсимон без гормони миқдори пастлиги (бирламчи гипотиреоз) ТРГ (тиреотропин-рилизинг-гормон ёки тиреолиберин) гормони миқдори ошишига ва ўз навбатида пролактин гормони миқдори баланд бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун қалқонсимон без горомонлари (буқоқ) текширилади. Бемор пролактин миқдорини оширадиган дорилар ичаётган бўлса, психиатрик муаммоси бўлса булар ҳам сабаб бўлиши эҳтимоли жиҳатидан инобатга олиниши керак.

 

Пролактин гомрони миқдори баланд бўлишининг физиологик сабаблари:

- ҳомиладорлик;

- лактация (эмизиш);

- жинсий яқинлик, кўкрак учларига тегиниш;

- жисмоний машқлар;

- стресс;

- уйқу.

 

Пролактин миқдориини ошишига сабаб бўлувчи дорилар:

- допамин рецептор антогонистлари ва допамин синтез қилувчи ингибиторлар;

- нейролептик дорилар;

- опиат дорилари;

- тутқаноққа (эпилепсия) қарши дорилар;

- айрим гипотензив ( қон босимини туширувчи) препаратлар;

- айрим антигистамин (аллергияга қарши) препаратлар;

- таркибида эстроген бўлган дорилар (ҳомиладорликдан сақланишда қўлланиладиган дориларда эстроген миқдори паст бўлгани учун одатда пролактин миқдорини оширмайди).

 

Пролактин гормони миқдори баланд бўлишига сабаб бўлувчи касалликлар:

- гипоталамус, гипофиз атрофида нуқсон пайдо қилувчи ҳолатлар: ўсмалар, жароҳат, инфильтрация (тўқималарга ёт бўлган ҳужайра элементлари, суюқликлар ва кимёвий моддаларнинг уларга сизиб кириши ва у ерда тўпланиши) кабилар гипоталамусдан гипофизга келувчи допамин таъсиридаги тўсилишга монеъ бўлгани учун пролактин миқдори ошади;

- гипофизда пайдо бўлган аденомалар: пролактинома (лактотроп аденома, макроаденома, микродаенома);

- айрим сурункали касалликлар;

- акромегалия;

- Кушинг касаллиги;

- гипотиреоз (қалқонсимон без гормони миқдори пастлиги);

- сурункали буйрак етишмовчилиги;

- бронхоген карциома;

- саркоидоз;

- кўкрак деворининг оғир жароҳати (эмизишдаги нерв механизмига ўхшаш шаклда пролактин гормони ортишига сабаб бўлади);

 

Идиопатик (номаълум сабабга кўра) гиперпролактинемия

 Енгил даражадаги пролактин миқдорининг баланд бўлиши кузатилган беморларнинг бир қисмида текширувларга қарамай сабаби аниқланмайди. Бундай ҳолат идиопатик гиперпролактинемия дейилади. Мазкур ҳолатда пролактин миқдори ўртача 20-100 мкг/л оралиғида бўлади.

 

Пролактин гормони миқдори баланд бўлиши ҳомиладорликка тўсқинлик қиладими?

 Пролактин гормони кўрсаткичи баланд бўлиши овуляцияга тўсқинлик қилиши сабабли ҳомиладорликка ҳам монеълик қилади. Бундай ҳолатда пролактин миқдорини тушурадиган дори ёки жуда нодир учрайдиган ҳолталарда жарроҳлик амалиёти қўлланилади. Зарур бўлса овуляцияни тикловчи дорилар ҳам қўлланилиши мумкин. Пролактин миқдори баланд бўлганда овуляция умуман бўлмайди деёлмаймиз. Кам бўлса-да орада овуляция бўлиши ва ҳомиладорлик юзага келиши ҳам мумкин. Овуляция бир бўлиб бир бўлмаслигига боғлиқ ҳайз кўрмаслик ёки ҳайз циклининг бузилиши каби аломатлар кўп учрайди.  

ЭКУ амалиёти қилинадиган беморларда пролактин миқдори меъёрга келтирилгандан кейин туҳум ҳужайра етилтириш (овуляция индукцияси) ва тухум ҳужайраларни пункция қилиб чиқариб олиш орқали амалга оширилиши мумкин. Пролактин миқдори баланд бўлиши ЭКУ амалиёти учун монеълик қилмайди. Фақат ЭКУ дан олдин пролактин гормони миқдори баланд бўлса даволаб тушириш керак бўлиши мумкин.

 

Пролактин миқдори баланд бўлишини (гиперпролактинемия) даволаш:

 Пролактин гормони миқдори баланд бўлганда одатда допамин агонисти деб юритиладиган дори воситалари (бророкриптин, каберголин) қўлланилади. Бироқ кўпинча пролактин миқдори баландлиги сабабини аниқлаб шунга кўра даво чораси қўллаш керак бўлади. Агар гипофизда аденома бўлса жарроҳлик амалиётига мурожаат қилишга тўғри келади. Буни фақат нейрожарроҳ аниқ тайинлаб бажариши мумкин. Ҳар қандай даволаш чораларида вақти билан пролактин гормони миқдорининг ўзгараётганини кузатиш учун текширув ўтказиб турилади.

Пролактин гормони миқдорининг меъёрда бўлмаслигини (баланд ёки паст бўлишини) даволашда ниҳоятда эҳтиёткор бўлиш ва фақат мутахассис-шифокор назорати остида олиб бориш керак.  Ҳеч қандай озуқалар, ичимликлар, ўсимликлар, кўкатлар, гиёҳлар ва шу кабилар бу маънода фойда бермайди ва беҳуда вақт йўқотиш бўлади. Айрим ҳолатларда ножўя таъсирларга ҳам олиб келиши мумкин.

 

Пролактин гормони миқдорининг паст бўлиши

Допамин, паркинсонга қарши дорилар, гипофиз бези билан алоқадор нуқсонлар (Шихан синдроми), гипофиз ўсмалари, бош жароҳати, баъзи инфекциялар, инфильтратив касалликлар

каби сабаблар пролактин гормони миқдорини пасайишига олиб келиши мумкин. Аёлларда туғруқдан кейин кўкракдан сут келмаслиги аломати ҳам пролактин миқдори пасайганини кўрсатади. Умуман пролактин миқдори паст бўлиши баланд бўлиши каби кўп кузатилмайди.


Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади


Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page