ПРЕЗИДЕНТ МИРЗИЁЕВНИНГ РОССИЯГА ТАШРИФИ ВА ГАЗ ИТТИФОҚИ

ПРЕЗИДЕНТ МИРЗИЁЕВНИНГ РОССИЯГА ТАШРИФИ ВА ГАЗ ИТТИФОҚИ



بسم الله الرحمن المرحيم


Хабар: Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5-7 октябрь кунлари Россия президенти Путиннинг таклифига биноан расмий ташриф билан Россияга борди. У дастлаб Қозон шаҳрига борди. Сўнгра Москвада Кремлда Путин билан тор доирада учрашди. Учрашувдан кейин Мирзиёев ва Путин қўшма баёнот берди. Мирзиёев Россия бош вазири Мишустин билан ҳам учрашди. 7 октябр куни эса Мирзиёев Путин ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан биргаликда Россия газини етказиб бериш жараёнига старт берди. Бу ҳақда ахборот сайтлари хабар тарқатди.

Изоҳ: 2022 йил ноябрда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Россия президенти Путиннинг олдинроқ газ етказиб бериш бўйича Ўзбекистон билан “учлик иттифоқи” тузишни таклиф қилганини билдирган эди. 2023 йил 16 июнда эса Ўзбекистонга йилига 2,8 млрд. кубметр газ етказиб бериш тўғрисидаги битим Петербург халқаро иқтисодий форумида “Газпром экспорт”, “УзГазтрейд” ва Ўзбекистон энергия вазирлиги вакиллари томонидан имзоланган эди.

Маълумки, Россия стратегик хатоликка йўл қўйиб, Украинага босқинчилик урушини очганидан кейин ўз газини сотадиган Европа бозоридан маҳрум бўлди. Карнеги халқаро тинчлик ва Carnegie Politika фонди маълумотига кўра, урушгача Россия Ғарбга 150 млрд. кубметрдан кўпроқ газ сотган. Эндиликда эса Россия учун Европа бозорига ягона альтернатива (муқобил) Хитой бўлиб қолди. Путин: “…илгари Россия гази Марказий Осиёга ҳеч қачон етказиб берилмаган” дея таъкидлаб, энди газ тескари оқимда оқишини айтди. Тўқаев эса: “Қозоғистон ҳудуди орқали йиллик ўтказиш қуввати 255 млрд. кубметр бўлган 20 минг км.дан ортиқ магистрал газ қувурлари ўтади” деди. Демак, Россия Ўзбекистондан унга газ етказиб бериш баҳонасида Хитойга газ етказиб берувчи транзит йўл сифатида фойдаланиши мумкин. Ўзбекистонга газ етказиб берилишини ўтган йили қишда аҳолисини газ билан таъминлай олмагани билан изоҳлашди. Лекин аҳолида бу газ етишмаслиги сунъий уюштирилган, деган шубҳа пайдо бўлди. Ҳатто 2022 йил декабрда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бу шубҳани тарқатишга уринишга мажбур бўлди.

Озодлик радиосига кўра, Мирзиёев даврида “Газпром” билан боғлиқ ўзбек ва россиялик инсайдерлар юзлаб газ ва нефт конларини назорат қилмоқда, уларга эгалик қилаётганлардан бири Путинга яқин миллиардер Геннадий Тимченкодир. Озодлик радиоси текширув бўлими бошлиғи Карл Шрек “Россияга ўзбек газининг нима кераги бор? Россия санкциялар сабабли ўзидаги қазиб олган газни сота олмаяпти-ку?” деган саволга жавоб берар экан: “Гап фақат сотишдагина эмас, балки газни назорат қилишда ҳам деган бўлардим. Бу эса геосиёсий жиҳатдан Кремль арсеналидаги муҳим қуролдир” — деб жавоб берди. Шунинг учун Россия газ етишмаслигини сунъий равишда келтириб чиқариш учун шу қуролдан фойдаланган бўлиши эҳтимол, деган шубҳа пайдо бўлиши табиий. 

Қолаверса, Мирзиёевнинг Россияга қилган бу ташрифи унинг АҚШ ва Германияга қилган сафаридан кейин бўлди. Мирзиёев 19 ва 29 сентябрда Нью-Йоркда ва Берлинда бўлиб ўтган С5+1 ва “Германия – Марказий Осиё” форматлари учрашувларида иштирок этди. АҚШ ва Европа Марказий Осиё минтақасида, жумладан Ўзбекистонда ҳам ўзининг сиёсий ва иқтисодий нуфузини ёйишга ҳаракат қиляпти. Нью-Йоркдаги С5+1 саммитида президент Байденнинг шахсан ўзи иштирок этгани АҚШнинг бу минтақага эътибори янада кучайганидан далолат беради. Хитой ҳам ўз нуфузини тобора кучайтирмоқда. Таҳлилчилар Украина уруши фонида бу минтақа аҳамияти ўсганини таъкидлашмоқда. Бир сўз билан айтганда, бу минтақа устида янги “Катта Ўйин” кетяпти.

Бунга қўшимча, Байден Нью-Делидаги G20 саммитидан кейин Ҳиндистон – Яқин Шарқ – Европа янги иқтисодий коридори тарихий келишуви устида иш олиб бориш якунига етганини эълон қилди. У Хитой лойиҳасига қарши қаратилган.

Бу ҳодисалар фонида, табиийки Россия ўзининг анъанавий нуфуз майдони бўлган Марказий Осиёни, хусусан ўзи учун ҳаёт артерияси бўлган Ўзбекистонни ўз чангалида ушлаб қолишга уринади. Шунинг учун ҳам қўшма баёнотда “…шунингдек учинчи кучларнинг сиёсий ва иқтисодий босим ўтказиш мақсадида иккитомонлама ва минтақа ишларига аралашишга уринишлари қабул қилиниши мумкин эмаслиги” таъкидланди. Унда, шунингдек, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш Москва ва Тошкентнинг диққат марказида туриши ҳам таъкиланди. Ўзбек сиёсатшуноси Фарҳод Каримовнинг кўрсатиб ўтишича, АҚШ Россиянинг ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан катта нуфузга эгалигини тушунгани учун Марказий Осиёда эҳтиёткорлик билан сиёсат олиб бормоқда.

Путин учрашувда Ўзбекистонни Доғистон билан адаштириб юбориб Мирзиёевга: “Россия-Доғистон муносабатларини ривожлантиришдаги шахсий иштирокингиз учун сизга миннатдорчилик билдираман” деди. Айрим экспертлар, буни Путин “атайлаб шундай қилди” деган фикрни билдиришди. Эҳтимол, Путин сизлар Доғистон каби ҳали ҳам бизнинг чангалимиздасизлар, деган маънога шама қилгандир?! Мирзиёев ҳам ўз навбатида “биз охирги йилларда Путин ва менинг сиёсий иродам туфайли кўп нарсаларга эришдик. Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорликнинг барча йўналишларида ривожланиш кетяпти” деди. У, шунингдек, “Ўзбекистон билан Россия ўртасида ҳал қилинмаган ҳеч бир масала йўқ” деди. Демак, хулоса қилиш мумкинки, кўпвекторли сиёсат юргизаётган Мирзиёевнинг жилови ҳали ҳам Россиянинг чангалида.

Мусулмонлар – модомики юртларимизни Мирзиёев режимига ўхшаган тоғут режимлар бошқарар экан – ҳеч қачон рўшнолик кўрмайдилар. Шунинг учун мусулмонлар Исломни ҳаёт майдонига қайтаришга бўлган даъватга лаббай, деб жавоб беришлари лозим.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اسْتَجِيبُوا لِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُمْ لِمَا يُحْيِيكُمْ

– “Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сизларни абадий ҳаёт берадиган нарсага (яъни динга) даъват қилар экан, уни қабул қилинглар!”  (Анфол:24)

Ҳизб ут-Таҳрир марказий медиа офиси радиоси учун Ислом Абу Халил – Ўзбекистон



Report Page