ПРЕСС-ТУР: ОАВ ВАКИЛЛАРИ ЙЎЛ СОҲАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАР БИЛАН ТАНИШДИЛАР

ПРЕСС-ТУР: ОАВ ВАКИЛЛАРИ ЙЎЛ СОҲАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАР БИЛАН ТАНИШДИЛАР


Бугунги кунда Навоий вилоятида жами автомобиль йўллари узунлиги 9474 километр бўлиб, унинг 4017 километри умумий фойдаланишдаги йўллар ва 5457 километри ички йўллар ҳисобланади.

Айни пайтда йўлсозлар томонидан амалга оширилаётган ишлар, давлат дастурлари доирасида таъмирланаётган йўллар ҳақида Навоий вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармасида Республика Автомобиль йўллари қўмитаси, вилоят ҳокимлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида батафсил маълумот берилди.

Матбуот анжуманида Автомобиль йўллари қўмитаси раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Нилуфар Жумаева, Автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Алишер Ҳалимов сўнгги йилларда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, халқаро стандартларга мувофиқ йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш, автомобиль йўлларини реконструкция қилиш, йўл ҳаракати қулайлигини ошириш мақсадида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.

Матбуот анжуманидан сўнг, амалга оширилаётган ишлар билан бевосита танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди. 

Дастлаб, пресс-тур иштирокчилари Навоий вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармасида ташкил этилган кутубхонанинг очилиш маросимида иштирок этдилар.

Кутубхона жавонидан турли бадиий, насрий асарлар, хориж адабиёти, ҳуқуқий мавзудаги, сиёсий йўналишдаги китоблар ўрин олган.

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Хатирчи туманидаги давлат аҳамиятига эга 4 Р 56 автомобиль йўлининг 10-16 километрлари оралиғида янгиланаётган кўприк, янгидан барпо этилаётган стелла билан танишдилар.

– Ҳозирда 4 Р 56 “Оқтош ш. - Янгиработ ш. - Лангар қ. - Чуя қ.” автомобиль йўлининг Зарфшон дарёси оқиб ўтувчи қисмидаги кўприк янгиланмоқда, – дейди “Ўзйўлкўприк” кластерининг Навоий филиали давлат муассасаси бўлим бошлиғи Муҳсинжон Агламов. Объект республика бюджетидан молиялаштирилмоқда. Объектнинг капитал таъмири жорий йилнинг март ойида бошланган ва у декабрь ойининг охирида фойдаланишга топширилади. Ҳозирда кўприкни кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур объект фойдаланишга топширилгач, унинг эни 24 метрга етказилади. Аввал йўл икки тасмали эди. Эндиликда у 4 тасмалига айлантирилмоқда. Ушбу автомобиль йўли 2-тоифадан 1-“б” тоифага ўтказилиб, бир томондан янги кўприк қурилиши тўлиқ тугалланди ва автомобиллар учун қатнов йўлга қўйилди. Иккинчи томон кўприк қурилишида тўсинлар ўрнатилган, текисловчи қатламда бетон ишлари, плиталар ва ёритиш тизими жиҳозларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳозирда шу ҳудуддаги 5 километр узунликдаги йўлнинг таъмирлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Пресс-тур иштирокчиларига Самарқанд вилоятидан Навоий вилоятига ўтиш чегара постида ўрнатилган тарозидан фойдаланиш жараёни ҳам таништирилди.

– Ушбу тарози М-37 автомобиль йўлининг 147 километрига ўрнатилган бўлиб, катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланишида вазн ва ҳажм параметрлари самарали назорат қилинмоқда, – дейди “Ўзйўлкўприк” кластерининг Навоий филиали давлат муассасаси етакчи мутахассиси Шоҳруҳ Қудратов.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 январдаги “2020 - 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Навбаҳор туманидан ўтувчи давлат аҳамиятидаги 4 Р 57 “Қизилқум ҳалқа йўлининг 0-8 километр қисмида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Йўлнинг лойиҳавий қиймати 123 миллиард сўм бўлиб, объектда қурилиш ишлари тўлиқ тугатилиб, фойдаланишга топширилди. Пресс-тур иштирокчилари ушбу объектда ҳам бўлишди.

Навбатдаги манзил эса Навбаҳор тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасасига тегишли асфальт-бетон ишлаб чиқариш заводи бўлди. Мазкур завод соатига 120 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.

Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

Навоий вилояти бўлими.



Report Page