ПИСКЕНТДА ДУВ-ДУВ ГАП...

ПИСКЕНТДА ДУВ-ДУВ ГАП...

https://t.me/haqiqatonline_24



Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 14-15 октябрь кунлари бунёдкорлик ишлари, аҳоли ҳаёти ва янги лойиҳалар билан танишиш мақсадида Тошкент вилоятининг қатор туманларида бўлди.

Ташриф сўнгида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудудда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш юзасидан келгуси вазифалар муҳокамасига доир катта йиғилиш бўлиб ўтди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда бир нечта туман ва шаҳар ҳокимларининг кун тартибидаги масалаларга доир ҳисоботлари эшитилди. Ҳаққоний эътирозлар ҳам, жўяли таклифлар ҳам ўртага ташланди.

Дарҳақиқат, Тошкент вилояти Яратганнинг ўзи ярлақаган ҳудуд. Ери ва суви мўл. Ишнинг кўзини биладиган, қилни қирқ ёрадиган омилкор инсонлар кўп бу воҳада. Лекин бир гектар ердан олинаётган реал даромад бошқа ҳудудлардан, айтайлик, водий вилоятлариникидан кам.

Хўш, ана шундай муаммоларга ечим топмоқ учун қандай чоралар кўрмоқ керак? Сўнгги уч йилда вилоятдаги 21 минг гектар ер деҳқончилик учун 57 минг аҳолига берилган эди. Бу йил ҳам Тошкент вилоятидаги оилаларга деҳқончилик ва боғдорчилик учун қўшимча 5 минг гектар ер берилади. Умуман, вилоятни боғдорчиликда намунали ҳудуд қилиб, экспортни 300 миллион долларга етказиш бўйича барча имкониятлар бор. Ҳамма гап ўзимизда қолган.

“Мингтепа”нинг беш ҳосили

Ҳар ҳудуднинг ўзигагина хос табиати, иқлими борки, ўша ерда етиштирилган тансиқ мевалар туфайли жой номи юртда овоза бўлиб кетади, эл оғзига тушади. Дашнобод ва Қувани анорлари танитган. Наманганни аштархон олмалари, Олтиариқни серсув турплари-ю, мазали бодринглари машҳур қилган.

Бу жиҳатдан Пискентнинг “Мингтепа” маҳалласида яшайдиганларга кўпчиликнинг ҳаваси келади. Чунки Фармонбиби етти келини билан ҳам бемалол яшаса бўладиган кенг ҳовлиларнинг қай бирига кирманг, пешонангиз ҳар шингили пақирдай-пақирдай келадиган узумларга тегиб кетиши аниқ.

“Мингтепа” узумини тошкентликлар “Пискентнинг жайдари чиллакиси” деб иштаҳа билан тановул қиладилар. Шаҳар бозорлари расталарини ёз бўйи узум билан файзиёб қилаётганлар асосан мингтепалик боғбонлар эканлигини ҳамма ҳам билавермаса керак...

Бу ёғини сўрасангиз, «Отаси – букрихўжа, онаси – япалоқойим, боласи – ширин-шакар» деб таърифланадиган ўсимликдан нақ мўъжиза яратаётган соҳибкорларни биз “Мингтепа”да учратдик. Уларнинг биринчиси кексайиб, қўлтиғига қўш асо олсаям кеча-кундуз тинмайдиган ҳожи ота – Умаржон Арслонов экан.

– Ўша кунги мажлисда туманимиз ҳокими Президентимизнинг олдида “Бизнинг мингтепаликлар йилига бир ернинг ўзидан беш мартадан ҳосил олишади”, деб мақтаганида бир яйрадик, бир яйрадик, – дея гап бошлади Умаржон ҳожи ота. – Гапнинг очиғини айтсак, битта биз эмас, ўзбекнинг деҳқони борки, бари шундай меҳнат қилиб келган. Чунки ер сохтакорликни кўтармайди. Ўзбекнинг тупроғидай сахий тупроқ дунёда борми? Йўқ! Бунинг қад­рига етиб, ҳалол меҳнат қилганга Яратган эгамнинг ўзи баракасини бераверади-да!

Сиз ҳам йилига бир ердан беш марта ҳосил олишимизга қизиқяпсизми? Унда эшитинг!

Масалан, биз токлар остига исмалоқ, кўкатлар экамиз. Кўкламги биринчи ҳосилимиз – шу. Исмалоқ сомсабоп бўлиб, кўкатлар сотилиб тугамасидан қиш бўйи тупроқ остида “дам олган” токларни очиб, ишкомларга осиб, тароқлаб чиқамиз. Шўро хомток пайтида териб олинган токнинг баррадек баргларини келинлар дамлаган ошга боссангиз, вой-бў, унинг мазаси чойхонапаловдан ўтади-да! Келин-қизларимиз ҳам пишиқ бўлиб кетишган, ток баргларининг ортиқчасини дарров бўш баклашкаларга захира қилиб қўйишади. Шундай қилиб, бу иккинчи ҳосилми? Исмалоқнинг ўрнига кимдир қовоқ, кимдир эса бошқа сабзавот экади. Йил яхши келса, май охирлаб, узум пиша бошлайди. Бу – учинчи ҳосил! Узумларни сотиб, пулини энди саранжом қилиб олганингизда исмалоқ ва кўкатларнинг ўрнига экилган сабзавоту полизлар етилиб турибди-да! Бу энди ҳосилнинг тўртинчиси! Августда сабзавотлар йиғиштирилиб, ўрнига масалан, гулкарам экамиз. Хазонрезги паллага қолмай, бозорларни гулкарамга тўлдириб ташлаймиз! Бу – бешинчи ҳосилимиз!

Мен ҳали “Минтепа”нинг қулупнайи, помидору бодрингларини айтмаяпман. Уларни ҳам бозорига қараб, ток орасида етиштиришни боп­лаймиз!

– Узумларни сотиб, белни бақувват қилиб олгач, кимдир уйни, кимдир тўйни бошлаб юборади денг, – гап қўшдик биз.

– Э, албатта, астойдил меҳнат қилгач, уй қурадими, тўй қиладими, ҳалоли бўлсин-да! Гап шундаки, мева-чевалар пишиб, ҳосиллар йиғиштириб олингандан кейин ҳам боғларда иш тўхтаб қолмайди. Ток остига экилган кечки сабзавотни парвариш қилишни бошлаймиз. Масалан, биз боққа узумлардан кейин қовоқ ва гулкарам экамиз.

Умаржон ҳожи ота билан Хайриниса ая умргузаронлик қилаётган хонадонда вояга етган тўрт фарзанд, 14 невараю, 15 эвара ҳам мана шундай юмушларни бажариб, кўзлари пишяпти.

Ёзда – айни пишиқчилик пайти Республика "Нуроний" жамғармаси раиси Содиқжон Турдиев билан бирга келиб, бу уйда меҳмон бўлган бир гуруҳ фахрийлар ҳам хонадондаги файз-баракани кўриб, қувониб кетишган экан...

Хуллас, шунақа гаплар. Маҳалладаги қарийб 600 дан зиёд хонадоннинг катта-кичик томорқасида, ҳаттоки уйга туташ бир тутамгина ҳовлисида ҳам узум етиштирилади. Бу ернинг кексалари ёз бўйи боғдан қадам узмайдилар. Жазирама саратонда узум новдалари чирмашган сўри остидаги супада салқинлайдилар. Токнинг ҳаётбахш шапалоқдек барглари ўз соҳибию-соҳибаларини офтобнинг қиличдек ўткир тиғидан асрайди. Эрта кўкламда боғ ишларига қўл қоқишаётган навниҳол қизалоқлар новдалардан силқиган сувни идиш­ларга тўплашга тушадилар. Ток суви ўта шифобахш неъмат, сочларни соғлом ўстиради. Юзга суртса, шаффофдек тиниқ қилади. Бу қишлоқнинг боболарию-момолари ҳам боғ туфайли ишсиз эмас. Момолар узумдан майиз, қиём, шинни тайёрлашади. Боболар кеч кузакда қушлардан ортиб қолган насибани хумга жойлаб, мусаллас қилишади. Келинпошшолар эса токнинг барра баргларини саралаб-саралаб махсус идишларга жойлайдилар. Тансиқ дармондори таом учун қишга асраб қўйишади.

Белида белбоғи борларнинг боғи...

– “Мингтепа”нинг шундай файзли гўшага айланишида даладан дур ундирган деҳқонлар-у, меҳнаткаш боғбонларнинггина эмас, кураги ерга тегмаган полвонларнинг ҳам ҳиссаси катта, – дея гап бошлади маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Эшбеков. – Улар полвонлик мартабасида туриб эл ори, юрт шаъни учун белга белбоғ боғлаганлар. Абдуназир полвон, Усмон полвон, Эсонбой полвон, Мирсоат полвон, Ҳаким полвон, Исоқ полвонлар ҳаёти бугунги ёшлар учун катта ибрат мактаби.

Абдуназир полвон ўз навбатида, боғлар барпо қилишда ўта тадбиркор бўлган. Усмон полвон етти иқлимда йўқ анжир навларини кўпайтириб, тумандошларига тарқатган. Эсонбой полвон ва Мирсоат полвонлар мироблик касбини ардоқлаб, боғ-роғларни оби ҳаёт билан таъминлаганлар.

Ҳаким полвон Бегматовни Пискентдаги кексаю ёш яхши танир эди. Собиқ шўро даврида совхознинг 1-бўлими “Мингтепа”да жойлашганлиги боис узоқ йиллар шу бўлим бошқарувчиси бўлиб ишлаган. Пахтачилик илмининг устаси эди. Қишлоқнинг паст-баландини, одамларнинг феъл-атворини яхши билган. Катта-кичик билан ўз оға-инисидек муносабатда бўлган, боғ-роғларни кенгайтиришда боғбонлардан ёрдамини аямаган. Тўй-маъракаларда борини ўртага қўйиб, қўл қоқишган. Ана шундай мард, фақат полвонларгагина хос бағрикенг, сахий инсонни ҳали-ҳануз пискентликлар эҳтиром билан ёд этишади.

Қишлоқнинг яна бир мард ўғлони Исоқ полвон фарғонача миллий кураш бобида нафақат Ўзбекистонда, балки Ўрта Осиё курашчилари даврасида ҳам обрў-эътиборга сазовор эди. Бутун умрини яратиш, бунёд этишга бағишлаган бу инсон ҳаёти поёнида фермерликни ривожлантиришга бор куч-қувватини сарфлади. Шу билан бирга маҳаллани ободонлаштириш, газ, ичимлик суви билан таъминлашда кўпга бош бўлди. Ҳашар йўли билан маҳалладаги ички ариқ-зовурларни тозалаш юмушларида ибрат кўрсатди.

Маҳалла аҳлини ортидан эргаштира оладиган қобилиятга эга бўлган оқсоқоллар ғайратини алоҳида таъкидлаш керак. Маннобхон ота Муталиев, Ўринбой ака Отабоев, Жўра ака Қурбонов шулар жумласидандир. Тажрибали ҳосилот Акром Аҳмедов, тадбиркорлар Содиқ Исаматов, Умаржон Арслонов, ёшлар мураббийси Эркин Эсонбоев, фермер Турсунбой Жўраев ва кўплаб фаоллар билан маҳалла аҳли ҳақли равишда фахрланадилар.

Бир ижод устида, бир ишком остида...

Бир умр Пискент тумани газетасида турли вазифаларда фаолият кўрсатиб, нафақага чиққандан кейин ҳам баракали ижод қилиб келаётган устоз-журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Собиржон Иномов ҳам шу маҳаллада яшайди.

Собиржон ака ва унинг рафиқаси Сайёра опа (Оллоҳ раҳматига олсин) истиқомат қилган хонадонни пискентликлар “Мингтепанинг Дўрмони” дейишади. Назаримда, бу жуда топиб айтилган гап. Чунки юртимизнинг ўнлаб таниқли қаламкашлари қадами етган, кўплаб ижодий суҳбатларга, самимий ҳангомаларга гувоҳ бўлган хонадон бу.

Устозни ҳам ижод устида эмас, ишком остида учратдик.

– Боғдорчилик ҳам худди ёзувчиликка ўхшаган ўта сердиққат юмуш, – дея гап бошлади Собиржон ака. – Токка ҳам ижодий кайфият билан ёндашиш керак. Кузда совуқдан асраб кўмиш, кўкламда очиш, кўтариш, тароқлаш, остини чопиш, ариқ олиш, кейин шўра хомток, ғўра хомток, суғориш, озиқлантириш – ҳосилни йиғиб бўлгач, чала кесув, сўнг тўла кесув... Хуллас, тўққиз ой боғбонларнинг қўли ишдан бўшамайди. Бу юмушлардан ҳеч қачон нолимаймиз. Бу боғлар бобомерос. Меросга эса хиёнат қилинмайди. Бир ой узум сотиш асносида ҳамма чарчоқлар унут бўлади. Кўнгилдаги ширин орзу-ҳаваслар куртаклайди. Тўйлар тараддуди бошланиб кетади.

Бир қўлида ток қайчи, бир қўлида қалам билан умри ўтаётган устознинг ҳикоясини тинглар эканмиз, ҳазиломуз сўрадик:

– Собир ака, “ҳосилни сотсак, чарчоқлар чиқиб кетади” деяпсиз. Каттагина боғингиз бор, сир бўлмаса, бир йилда қанча даромад оласиз?

– Шу боғда тўққиз ой астойдил ишласанг, болишдек романинг бўлсаям чўчимай нашрга топширавур! Битта ҳосилнинг пули етади...

– Шунақа денг. Собир ака, телефонда гап­лашганимизда: “Кеча йиғилишда яна битта зўр гап бўлди-да”, дедингиз. Нимани назарда тутгандингиз?

– Пискент тумани марказида пахта тозалаш заводи бор. Ундан чиқаётган чанг-тўзон аҳолининг норозилигига сабаб бўляпти. Ўша йиғилишда Жўрақул ака Отақулов деган фахрийимиз шу муаммони кўтарди. Юртбошимиз эса шу дақиқанинг ўзидаёқ ярим асрдан бери халқни қийнаб келаётган муаммони ҳал қилиб берди: корхона туман марказидан четга кўчириладиган, янги шаҳримиз маркази эса осмони мусаффо, ям-яшил дарахтлар бағридаги гўзал гўшага айланадиган бўлди.

Деҳқон бир йилда қанча даромад топади?

Юртбошимиз иштирокидаги йиғилишда камбағалликни қисқартириш масаласи алоҳида таҳлил қилингани бежиз эмас.

Бугунги кунда Тошкент вилоятида 63 мингта камбағал оила қолган бўлиб, уларнинг 190 минг нафар аъзолари меҳнатга лаёқатли. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида келаси йили вилоятда 116 минг одамни камбағалликдан олиб чиқиш режалаштирилган.

Баъзан кўча-кўйда, гап-гаштакда шу мавзу очилса, ҳар турли гап-сўзлар қулоққа чалинади. Уларнинг айримлари асосли бўлса, баъзилари сафсата, холос. Чиндан ҳам, деҳқон бир йилда қанча даромад кўради? Бу саволга жавобни деҳқонларнинг умумий даромади ва харажати таҳлили мисолида излашга ҳаракат қилсак, қуйидаги манзара пайдо бўлади:

ҳар оиланинг ўртача саккиз сотих ери бор ва ҳар йили томорқачи у ердан кам деганда икки-уч марта ҳосил олиши мумкин. Қишлоқ шароитида яшовчи оилаларнинг камхаржроғида ҳам икки бош сигир, уч-тўрт бош қўй-эчки боқиш имкони бор. Бунинг даромади қанча бўлади?

Мингтепалик деҳқон Абдужалил Ҳусанбоев ҳисоб-китобга анча дадил экан, у билан юқоридаги мавзуда суҳбатлашиб қолдик.

– Ҳар бир хўжаликка ғалла ўримидан кейин 15-20 сотихдан, айримларга ундан ҳам кўпроқ ер деҳқончилик учун берилади, – дейди у. – Бу майдонга деҳқон маккажўхори экса, ўртача 500 килограмм дон ва камида 300 боғ поя олади. Бир килограмм маккажўхори дони ва бир боғ макканинг бозордаги баҳосини биласиз. Ўшаларни юқоридаги сонларга қўшинг.

Кузда ҳар бир инсон ўртача 60 килограммдан пахта терса ва унга 2 минг 500 сўмдан пул тўланса, икки ойда қанча бўлади?

Абдужалил ака ва унинг турмуш ўртоғи Мавлудахоннинг мулоҳазаларини тинглаб ўтириб, ёзда бу хонадонда меҳмон бўлган Сенат раиси Танзила Норбоева ва бир гуруҳ тадбиркор аёллар уларга бекорга қойил қолмаган экан, деган фикр хаёлимдан ўтди.

Бизнингча, бир ердан беш марта ҳосил олишга одатланган навбатдаги қаҳрамонимизнинг фикрларини тинглаб, шундай хулосага келдик: шижоатли ва интилувчан деҳқоннинг ўртача даромадини арзимаган маош мезони билан ўлчаш тўғри эмас. Зеро, бугунги давр ойлик маошга қараб ўтирадиган боқиманда кайфиятни эмас, балки ташаббус, интилувчанлик ва бунёдкорликни талаб этади. Шу сабабли деҳқоннинг ойлик маоши, айниқса, унинг ўртача миқдори ҳақида гап кетганда деҳқончиликдаги ялпи даромад ҳисобга олиниши жуда зарур. Ана шунда асл томорқачи асло камбағал эмаслиги ойдинлашади.

– Кечаги йиғилишда камбағалликни қисқартириш ҳақида кўп ва хўб гапирилди, – деди Абдужалил ака. – Менимча, камбағалликни қисқартиришни дангасаликни қисқартиришдан бошлашимиз керак! Бизнинг Ўзбекистонга Яратган ҳеч қайси юртга бермаган неъматларини ато этган. Бу мамлакатда камбағал бўлиб яшашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Фақат ниятни яхши қилиб, сидқидилдан, ҳалол ишлаш керак, тамом.

Остонадаги олтинчи ҳосил

– Президентимиз йиғилишда Пискент аҳлини уддабурон, омилкор одамлар деб, мақтаганларида дўппимни осмонга отиб, қичқириб юборгим келди, – давом этади суҳбатдошимиз. – Бошимизда шундай одил ва оқил Юртбошимиз, деҳқончилик илмини дунёга ўргатишга қодир халқимиз бор. Бундай одамларнинг қадрига етиб, уларга елкадош бўла олсак, Ўзбекистонимиз дунёдаги энг ривожланган юртга айланмайдими?

Абдужалил ака кўз олдимизда бир йигитнинг велосипедига янги қирқилган ток қаламчаларидан маҳкамлаб боғларкан, уларга ишора қилиб деди:

– Катта мажлисда ҳокимбувамиз мингтепаликлар беш марта ҳосил олади, деб тағинам ҳамма “сир”ларимизни очиб ташламади. Мана булар – остонамиздан чиққан олтинчи ҳосил бўлади, ака!

Тўхтамурод ҲАСАНБОЕВ,

“Тошкент ҳақиқати” мухбири

("Тошкент ҳақиқати" газетасининг 2024 йил 23 октябрдаги 83-84-сонларидан)

Report Page