ПЕДАГОГИКА СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ МАНТИҚИЙ ДАВОМИ

ПЕДАГОГИКА СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ МАНТИҚИЙ ДАВОМИ


Республикамизда таълим соҳасини айниқса, педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш, ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантиришга бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Президентимизнинг “Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 27 февралдаги ПҚ -4623-сонли қарорига мувофиқ олий педагогик таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг ривожланётганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 апрелдаги 188-сонли “Бухоро давлат университетининг Педагогика институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида муҳим амалий иш бўлганлигини эътироф этиш зарур.

Қарорда қўйилган асосий масалалардан бири педагогик таълим соҳасида таълим-тарбия жараёнига замонавий педагогик технологияларни қўллаш ҳисобланади. Дарҳақиқат, замонавий педагогик технологиялар таълим жараёнини унумдорлигини оширади, ўқувчиларнинг мустақил фикрлаш жараёнини шакллантиради, ўқувчиларда билимга эҳтиёж ва қизиқишни оширади, билимларни мустаҳкам ўзлаштириш, улардан амалиётда эркин фойдаланиш кўникма ва малакаларини шакллантиради.

Педагогик технологияга асосланган таълим жараёнида ўқитувчи ва талаба фаолияти доираси аниқ белгиланади, таълимни ташкил этишнинг аниқ технологияси кўрсатилади. Ушбу ишларнинг барчаси педагогик фаолиятда бажарилади. Педагогик фаолиятга тайёргарлик даражасини таъминлашда эса олий таълим муассасаларида ўқитиладиган педагогик йўналишдаги фанларнинг зиммасига тушади. Шу маънода ўқитувчининг инновацион фаолиятга йўналтиришда илғор педагогик технологияларни амалда жорий этиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Таълимда технологик ёндашув педагогик жараёнга фаол таъсир этувчи ва унинг самарадорлигини, бир бутунлигини ва муваффақиятини белгилаб берувчи омиллардан бири ҳисобланади.

Юқоридаги фикрларга асосланиб, айтиш мумкинки, педагогик таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда ушбу йўлда қабул қилинган қарорлар республикамиз равнақи ва ёшларни қўллаб қувватлашда муҳим қадам ҳисобланади. Чунки, у мамлакатимизда таълим-тарбия мазмунини янги босқичга кўтаришни, таълим-тарбия соҳасида фаолият кўрсатувчи педагог ходимларнинг мақоми ва улар фаолиятининг қатор кафолатлари, таълим олувчиларни ижтимоий ҳимоя қилишни назарда тутади. Шу нуқтаи назардан қараганимизда ушбу қарор ўз вақтида қабул қилинган қарордир.

  

Ширинбой ОЛИМОВ,

БухДУ Педагогика кафедраси мудири,

педагогика фанлари доктори, профессор

Report Page