ПЕДАГОГИК ТАЪЛИМ СОҲАСИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ-ДАВР ТАЛАБИ

ПЕДАГОГИК ТАЪЛИМ СОҲАСИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ-ДАВР ТАЛАБИ


Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимининг сифати

ва самарадорлигини ошириш, боғча тарбияланувчилари, ўқувчи ва талаба ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, таълим тизимлари ҳамда илм-фан соҳаси ўртасида яқин ҳамкорлик

ва интеграцияни, таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакат тараққиёти учун янги ташаббус ва ғоялар билан майдонга чиқиб, уларни амалга оширишга қодир бўлган, интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак янги авлод кадрларини тайёрлаш, таълим ташкилотлари битирувчилари замонавий касб эгалари бўлишлари учун уларда зарур кўникма ва билимларни шакллантириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

         Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонларида умумтаълим мактаблари ва акдемик лицей бирирувчиларини олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш вазифаси қўйилган. Табиийки мазкур қамровни амалга ошириш учун олий таълим тизимидаги таълим муассасалари структурасини кенгайтириш ва янги олий таълим муссасаларини ташкил этиш зарурати пайдо бўлади. Бугунги кунда мамлакатимизда мазкур йўналишда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

         Давлатимиз раҳбарининг “Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 27 февралдаги          ПҚ-4623-сонли қарорига мувофиқ Бухоро давлат университетининг педагогика таълим соҳаси бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Бухоро давлат университетининг Педагогика институти ташкил этилиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 апрелдаги 188-сонли “Бухоро давлат университетининг Педагогика институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қадимдан илм ва зиё маскани бўлган университетимизга билдирилган катта ишончдир.

          Азал-азалдан Бухоро буюк алломалар, олиму фузалолар юрти ҳисобланади, янги Педагогика институтининг ташкил этилиши юқоридаги Бухорога берилган мақомга мос бўлган оламшумул воқеа бўлди.  

         Таъкидлаш жоизки умумий ўрта таълим мактабларида дарс беаётган педагогларнинг таълим сифати шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги кун давр талабларига жавоб бермаётганлигини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди. Шу нуқтаи назардан ҳам мазкур қарорнинг чиқиши алоҳида эътирофга лойиқ.

    Қарор матнига қарайдиган бўлсак, ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишларини бирлаштирган ҳолда битирувчиларга иккала квалификация бериш тизимини йўлга қўйиш вазифаси белгиланган. Зеро, замон ва давр талабига мос рақабатбардош кадрларни тайёрлашда масъуллик ҳиссини ошириши шубҳасиз.  Чекка ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим мактабларида фанлардан дарс берувчи мутахассис ўқитувчиларнинг етишмаслиги, номутахассис ўқитувчиларнинг дарс бераётгани ва уларнинг қўнимсизлигини кўраяпмиз.

          Худди шунинигдек, қарорнинг 8 бандида ўқувчиларни педагог касбига йўналтириш мақсадида Бухоро вилоятидаги етакчи умумий ўрта таълим муассасаларнинг 10 тасида 3-4, 8-9, 10-11синфларда махсус педагогик синфларнинг ташкил этилиши белгиланган, бу ўқувчиларнинг мактабдаёқ педагогик қобилиялари, қизиқиши ва иқтидорларини аниқлаш ва уларни педагогк соҳага йўналтириш, бу ўз навбатида келгусида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва таълим сифатини ошишига замин бўлиб хизмат қилади.

        Яна бир муҳим жиҳат бу, Галаоиё педагогика коллежи базасида Инновацион мактабгача таълим кластерининг ташкил этишини алоҳида эътирофга лойиқ. Бугунги кунда мактабгача таълим бакалавриат таълим йўналишида таҳсил олаётган талабаларга замонавий билимлар берила бошлаган бўлсада, назарий билимлар билан амалиётни уйғунлаштириш учун инновацион мактабгача таълим ташкилотлари  мавжуд эмас эди. Худди шунинигдек, мактабгача таълим ташкилотлари педагог  ходимларининг малакасини ошришлари учун замонавий педагогик технологияларга асосланган база вилоятда мавжуд эмас. Мазкур қарор доирасида мактабгача таълим соҳасидаги қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топадиган бўлди.

       Шунингдек қарорда халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, олий таълимнинг илғор стандартларини жорий этиш, жумладан, ўқув дастурларини назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим тизимига ўтиш, ҳудудда педагогика соҳа ва тармоқларининг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифалари, замонавий техника ҳамда технологияларнинг ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда педагогика соҳаси бўйича олий маълумотли кадрларни тайёрлаш каби вазифалар белгиланганки, мазкур вазифаларни якдиллик билан амалга оширишда, педагогик таълим тараққиётида ўзини масъул деб билган фидоий профессор-ўқитувчиларимизга куч-ғайрат тилаймиз.

 

Эркин Мухторов,

Педагогика факультети декани  



Report Page